Маънавият ва маърифат дарси
Қарийб уч минг йиллик тарихга эга энг қадимий санъат турларидан бири бўлган театр асрлар оша ибрат маскани сифатида яшаб келмоқда. Унинг инсоният тарихида тутган ўрни беқиёс. Театр кўплаб санъат турлари, жумладан, мусиқа, рақс, тасвирий санъат, меъморчилик кабиларни ўзида мужассам этган синтетик санъат тури саналади.
Ўзбек театр санъати ХХ аср бошида вужудга келган, дея таъкидланса-да, аслида унинг илдизлари узоқ ўтмишга – халқ анъанавий театрларига бориб тақалиши театршунос олимларимиз томонидан исботланган ҳақиқатдир. Қадим-қадимдан аждодларимиз санъатга ошуфта бўлган ва барча маросиму тадбирлар халқ томошаларисиз ўтмаган.
ХХ аср бошларида жадидларнинг саъй-ҳаракатлари билан Европа типидаги театр ўлкамиз ҳудудида ўз фаолиятини бошлаган. Жадидлар рус, татар ва озарбойжон театр труппаларининг ижодий фаолиятини кузатиб, ўрганиб ва таҳлил этиб, ўзбек театр санъатининг тамал тошини қўйишди. Ўз даврининг илғор шахслари сифатида жадидлар театр санъатининг инсон онгига таъсири ниҳоятда кучли эканлигини, саҳнадаги жонли ижро одамлар онгига яшин тезлигида етиб бориши ва бу катта визуал куч эканлигини жуда яхши англашган. Театр орқали халқ маънавиятининг юксалишига, илмга бўлган қарашлар ижобий томонга ўзгаришига қаттиқ ишонишган. Миллий драматургик асар яратиш зарурияти туғилганини англаган Беҳбудий «Падаркуш» номли биринчи ўзбек драмасини ёзади. Шу тариқа, ўзбек драматургияси шаклланиши учун илк қадам ташланади. Абдулла Авлоний бошчилигидаги «Турон» театр труппасининг мамлакат бўйлаб олиб борган фаолияти аста-секин профессионал театр санъати шаклланишига асос бўлди.
Жадидлар театр санъати учун қўлларидан келган барча вазифани амалга оширди: драматург, режиссёр ва актёр сифатида ҳам ўзлари фаолият юритиб, театр томошаларидан тушган маблағни мактаблар учун сарфлашди. Шу тариқа, ўзбек театр санъатининг юзага келиши эзгу ният билан бошланди ва чин маънода халқ илму маърифати учун хизмат қилди.
Маърифатпарварлар театр санъатини назарий жиҳатдан тадқиқ этиш учун ҳам илк қадамларни ташлади. Турон ўлкаси жадидларининг отаси саналмиш Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1914 йил «Ойна» журналининг 29-сонида нашр этилган «Теётр надур?» мақоласида театр санъатининг инсон маънавияти ва камолотида тутган ўрни изчил ёритилган. «Теётр нимадур? Жавобиға теётр ибратномадур, теётр ваъзхонадур, теётр таъзир адабидир. Теётр ойинадурки, умумий ҳолларни анда мужассам ва намоён суратда кўзликлар кўруб кар-қулоқсизлар эшитиб, асарланур. Хулоса: теётр ваъз ва танбиҳ этгувчи ҳамда зарарлик одат, урф ва таомилни, қабиҳ ва зарарини аёнан кўрсатгувчидур. Ҳеч кимни риоя қилмасдан тўғри сўйлагувчи ва очиқ ҳақиқатни билдургувчидир», – дея театр санъатига мукаммал таъриф беради. Ушбу фикрлар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.
Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмаси саҳна юзини кўрганида, томоша зали тўлиб, томошабинлар чипта пулини тўлаб тик туриб томоша қилишга ҳам рози бўлганлари манбаларда қайд этилган. Фақат меҳнат билан катта бўлган халқни илмли қилиш учун энг яхши йўл уларга ҳозирги ҳолатлари ҳақида кўзгу тутиш эди. Бу вазифани театр санъати адо эта оларди. Матбуот нашрларида «Падаркуш»га «кулдиргучи ҳам йиғлатгучи носиҳ ва нофеъ асардур», дея таъриф берилган.
Театрнинг ҳаётий мисоллар, жонли ижро орқали киши онгига кириб бориши бугунги кунда ҳам ўз тасдиғини топмоқда. Мамлакат тараққиёти учун унда яшовчи аҳолининг илму маънавияти юксак даражада бўлиши даркорлиги ҳеч кимга сир эмас. Театр саҳнаси инсон яшаб турган муҳит, жамият ва инсонлардаги камчиликларни очиб беришда энг самарали воситадир. Бугунги кунда юртимизда театр санъатига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Ҳар йили 27 мартда Халқаро театр куни кенг нишонланиб, шу муносабат билан театр ҳафталиги ўтказилмоқда. Сўнгги йилларда ҳафталик доирасида намойиш этиладиган спектаклларга ташриф буюрувчилар сони кескин ортгани қувонарли ҳолат.
Бундан ташқари, барча олий ўқув юртларида ҳаваскорлик театр жамоалари, ўрта таълим мактабларида эса театр тўгараклари фаолият юритаётганини алоҳида эътироф этиш зарур. Ушбу таълим муассасалари билан республика театрлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, ёшларнинг театрларга ташриф буюришлари таъминланаётгани таҳсинга сазовор. Бу саъй-ҳаракатларнинг бари ёш авлоднинг санъат моҳиятини тушуниб ва ҳис қилиб улғайишига, камол топишига хизмат қилади.
Театр бир мактаб саналадики, унда инсоният муаммоларига ечим бор. Бугун ўзбек театрида янгидан-янги йўналишлар вужудга келиб, тобора тараққий этиб бормоқда. Театрларимизда жаҳон классик асарларидан тортиб, замондош драматургларнинг ижод намуналари ҳам саҳналаштириб борилмоқда. Томошабинларнинг театрда намойиш этилаётган спектакллар ҳақидаги илиқ фикрлари ортиб боришда давом этяпти.
Театрга деярли ҳамма томошабин кўнгилочар маскан сифатида ташриф буюради. Спектакл намойиши вақтида эса ўзи сезмаган ҳолда воқеалар ривожидан таъсирланади, қаҳрамонларнинг хатоларидан хулоса чиқаради ва ижобий қаҳрамонлардан ибрат олади. Театрнинг асл кучи томошабинни катарсис ҳолатига олиб келганида кўринади.
Театрга луғавий маъносидан келиб чиқиб, фақатгина томошагоҳ, дея баҳо бермаслик лозим. У Беҳбудий айтганидек, ибратхонадир. Театр санъати барча ёшдаги томошабинларнинг талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фаолият юритади. Масалан, кичик ёшдаги томошабинлар учун қўғирчоқ театри, улар бироз улғайгач, ёш томошабинлар театри спектаклларини томоша қилиш мақсадга мувофиқдир. Сабаби, ҳар бир театр ўз вазифаси, томошабинлар ёш чегарасига эга бўлиб, бу ҳар бирининг ўз мақсадидан оғишмай, вазифасини тўла адо этишига хизмат қилади.
Ёшлар маънавиятини ривожлантириш ҳозирда ҳукуматимизнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Театр санъатининг бу борадаги беқиёс ҳиссасини инобатга олган ҳолда, давлат тасарруфидаги, шунингдек, хусусий театрларнинг ривожи учун шароит яратиш, қолаверса, театр ижодкорларининг меҳнатини тақдирлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган, оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни 2020 йил 10 сентабрдан бошлаб хусусий театрларда ҳам саҳналаштириш ва ижро этишга рухсат этилди. Бунда, хусусий театрларда саҳналаштирилган ҳамда ижро этилган асарлар учун муаллифлик ҳақи тўлаш Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджетидан ажратиладиган маблағлар ва ушбу жамғарманинг бошқа даромадлари доирасида амалга оширилиши белгиланди. Бу хусусий театрлар фаолияти ривожланиши ҳамда саҳна асарларининг янада кўпроқ яратилиши ва томошабинларга тақдим этилиши учун қулай имконият яратади.
Бой тарихи, ўзбек миллий қўғирчоқ театри мактабининг шаклланиши ва ривожидаги беқиёс ҳиссасини инобатга олган ҳолда, Республика қўғирчоқ театрига Ўзбек миллий қўғирчоқ театри номи берилишида ҳамда Навоий, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрларини ташкил этиш масаласи фармон лойиҳасига киритилишида ҳам катта маъно бор. Ёш авлоднинг энг биринчи маънавият маскани бу, албатта, қўғирчоқ театридир. Уларнинг сонини ошириш орқали ёш томошабинларнинг театр санъатидан баҳраманд бўлишларини таъмин этиш мумкин.
Бугунги кунда республика театрлари репертуари ниҳоятда бой бўлиб, ҳар бир томошабин учун мос саҳна асари, албатта, топилади. Театр санъати ибрат маскани сифатидаги вазифасидан бир зум ҳам оғишмай, инсониятнинг бор муаммолари, уларнинг юзага келиш сабабларию ечимини ўз қамровига олиб ижод этмоқда. Театрга ташриф буюрган ҳар бир томошабин, албатта, ҳаётда тўғри яшаш, нотўғри йўлдан қайтишда ўзи учун керакли хулоса чиқаради. Ёшларнинг кичиклигидан театр санъатига ошно бўлиб улғайиши уларнинг баркамол, дунёқараши кенг ва анча илғор бўлишлари учун замин ҳозирлайди. Ҳар биримиз театрга ташриф буюриш орқали маънан юксалишимизни унутмаслигимиз лозим. Бу даргоҳда кечган ҳар бир лаҳза қалб ва онг покланишига хизмат этади. Зеро, Беҳбудий таъкид этганидек, «теётр бир навъ мактаб ҳукминдадур».
Моҳинур АҲМЕТЖАНОВА,
театршунос.
