Маънавият ва маърифат дарси
«Ҳаёт – бу театр, ундаги одамлар – актёрлар», деган эди инглиз драматурги Уилям Шекспир. Даҳо ижодкорнинг ушбу фикрига таяниб «Театр – бу ҳаёт, унинг бир парчаси» дейиш ҳам мумкин. Зеро, ҳатто ривоят-у афсоналарга асосланган театр томошалари замирида ҳам инсоннинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари ётади.
Она юртимизда театр санъати жуда қадим тарихга эга. Униг илдизлари ибтидоий жамоа даврига бориб тақалади. Ўша замонларда аждодларимиз ов ва бошқа меҳнат жараёнларини тақлидий рақслар, жанговар ўйинлар ҳамда халқ ўйинлари шаклида ифода этишган.
Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Клавихоларнинг маълумотларига қараганда, Амир Темур салтанати пойтахтида ва бошқа йирик шаҳарларда театрлашган томошалар намойиш қилинган. ХИХ асрнинг иккинчи ярмида эса Қўқонда Зокир қизиқ бошчилигида бир гуруҳ қизиқчилар, Бухорода Тўла масхара етакчилигидаги масхарабозлар халқ орасида машҳур бўлган. Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» романининг «Хон кўнгил олмоқчи», «Қизиқлар» бобларида айнан Зокир қизиқ раҳбарлигидаги қизиқчиларнинг Худоёрхон саройидаги томошаларидан бир парча акс этган.
Туркистонда том маънодаги театрга Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» асари яратилганидан сўнг асос солинди. Муаллифнинг ўзи асарини жанр жиҳатдан «миллий фожиа» деб атаган. «Падаркуш» дастлаб 1914-йилнинг 15-январида Самарқандда, ўша йилнинг 27-февралида эса Тошкентда саҳна юзини кўрди. Абдулла Авлонийнинг «Турон» ҳаваскорлик театр труппаси 1914 – 1916-йилларда бутун Фарғона водийси бўйлаб спектаклни намойиш этди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, мазкур театр томошаси ғафлат уйқусида ётганларни гўёки уйғотиб юборди. Зеро, Беҳбудийнинг ўзи ҳам «Ойна» журналининг 1914-йил 29-сонида чоп этилган «Теётр надур?» мақоласида «Теётр ибратнамодур, теётр ваъзхонадур, теётр таъзир адабдир. Теётр ойинадурки, умумий ҳолларни анда мужассам ва намоён суратда кўзликлар кўриб, кар-қулоқсизлар эшитиб, асарланур. Хулоса: теётр ваъз ва танбеҳ этгувчи ҳамда зарарлик одат, урф ва таомилни, қабиҳ ва зарарини аён кўрсатгувчидур», – деб ёзган эди. «Падаркуш» асари гарчи ҳозирги мезон билан ўлчаганда, мазмунан ниҳоятда содда бўлса-да, ушбу талабларга тўла жавоб берарди. Юқоридаги талаблар бугунги кунда ҳам ўзгаргани йўқ. Бизнинг давримизда ҳам театр ибрат маскани ҳисобланади. Ушбу санъат даргоҳига қадам ранжида қилган инсон томошадан сўнг ўзи учун ибрат, сабоқ олиб қайтиши лозим.
Театр ниҳоятда кучли тарбиявий таъсир кучига эга. Шунинг учун мустақиллик йилларида мазкур санъат тури ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Истиқлол даврида театр репертуарларида тарихий мавзуларга кенг ўрин берилди. Баҳоуддин Нақшбанд, Имом ал-Бухорий сингари улуғ алломаларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи асарлар саҳналаштирилди. Айниқса, Амир Темур бобомиз ва темурийлар тўғрисидаги спектаклларни халқимиз севиб томоша қилди. Шунингдек, театр миллий қадриятларимизни улуғлаш, кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди. Шу ўринда «Чимилдиқ», «Чеча» каби кўплаб спектаклларни эслаб ўтиш жоиз.
Фарғона, Хива, Қарши, Наманган, Термиз шаҳарларида қўғирчоқ театрлари иш бошлади. Ўзбек Миллий академик драма театри учун замонавий, муҳташам бино қуриб берилди. Театр санъатини ривожлантириш мақсадида бир қатор халқаро анжуманлар ўтказилди.
Айниқса, сўнгги йилларда театр санъатини янада тараққий топтириш мақсадида давлатимиз томонидан ҳар томонлама ғамхўрлик қилинмоқда. Хусусан, 2018-йил 5-январда Вазирлар Маҳкамасининг «2018–2022-йилларда давлат театрларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг 2023-йил 22-декабр куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилиши мамлакатимиз театрлари ривожида туб бурилиш ясаши шубҳасиз. Чунки шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, соҳа мутасаддилари иштирок этган ушбу тадбирда Юртбошимиз бу борада муҳим вазифаларни белгилаб берди. Унга кўра яқин орада театр санъатини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Ушбу дастур энг яхши песалар учун ижодий буюртма бериш, ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг чет эл театрларида маҳоратини ошириш, ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш учун Маннон Уйғур номидаги мукофот таъсис этиш каби бир қатор чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Бундан буён корхона ва муассасаларда ойнинг бир куни «Театр куни» сифатида белгиланиб, ходимларнинг театрларга бориши йўлга қўйилади. Бу нафақат театрларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлайди, балки ҳамюртларимизнинг маънавиятини, эстетик дидини юксалтиришда муҳим омил бўлади.
Аммо театрлар ибрат маскани вазифасини тўлақонли бажариши учун соҳа вакилларига қўйиладиган талаб ҳам кучайиши табиий. Авваламбор, драматурглар маиший мавзуларга ўралашиб қолмасдан, ижтимоий мазмун-мундарижаси салмоқли асарлар, эл-юрт тақдирига, келажагига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган, фаол фуқаролик позициясига эга замонамиз қаҳрамонлари образларини яратишлари керак.
Режиссёрлар театрни муқаддас даргоҳ билиб, хоҳ замонавий мавзуда бўлсин, хоҳ тарихий йўналишда бўлсин, драматик асарларни маҳорат билан саҳналаштиришлари лозим. Зеро, бу улуғ даргоҳда Маннон Уйғур, Тошхўжа Хўжаев, Баҳодир Йўлдошев сингари санъат дарғалари фаолият кўрсатган.
Актёрларимиз саҳнани муқаддас билиб, ўзларига топширилган катта-кичик ролларни маромига етказиб, қойилмақом қилиб ижро этишлари даркор. Зеро, юртимизнинг театр саҳналарида Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Зикир Муҳаммаджонов, Лутфихоним Саримсоқова, Олим Хўжаев, Зайнаб Садриева каби санъат дарғаларининг излари қолган.
Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи санъаткор тилидан шундай ёзган эди:
Ҳаммаси тугади, тугади ахир,
Парда туширилди,
томоша тамом.
Бироқ саҳна узра ҳал
бўлган тақдир
Менинг юрагимда
қилмоқда давом.
Ҳа, ана шундай бутун вужуди билан ўз ишига берилган театр санъаткорларигина томошабин таҳсинига, олқишига сазовор бўлади.
Хуллас, давлатимиз раҳбарининг эътиборидан руҳланган театр санъатига дахлдор ҳар бир шахс ўз вазифасини сидқидилдан бажаради деб ишонамиз, умид қиламиз. Шундагина томошабин спектакл намойиши пайтида саҳнада акс этган ҳаёт билан яшайди. Томошадан сўнг ҳам ўйлашда, мушоҳада юритишда давом этади, яхшиларга ёндашади, ёмонликдан қайтади. Қисқа қилиб айтганда, спектакл намойишидан ибрат олади, тегишли хулоса чиқаради.
Бобомурод ТОШЕВ.
