Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида «Эрдам боши тилдир», яъни «Барча фазилатлар, эзгуликлар тилдан бошланади» дейилади. Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз эса «Кўнгил махзанининг қулфи тил ва ул махзаннинг калитин сўз бил», дейдилар. Яъни, инсон қалбининг хазинаси тил, бу қалб хазинасининг калити сўздир.
Сувсиз дарё, тилсиз миллат бўлмайди
Ўзбек тили дунёдаги қадимий ва бой тиллар қаторига киради. Чунки бу тилнинг сўзлари шу қадар кенг маънолики, битта маънога эга бўлган тушунчани, бир неча сўзлар орқали ифодалаш мумкин. Масалан, биргина кўз сўзининг бир неча маънолари бор. Биламизки, бир тушунчага тегишли сўз, бир неча сўзлар билан ифодаланса, яъни синоним сўзлари қанчалик кўп бўлса, айни шу тил бой тил ҳисобланади.
Сувсиз дарё, тилсиз миллат бўлмайди. Бирор миллатга мансуб бўлган тил, ўша миллат билан яшайди ва бардавом бўлади. Ота-боболаримиз қадимдан тилни асраб-авайлашган, ривожлантиришган. Шу сабабли, она тилимизни асраб-авайлаш, уни бойитишимиз ва авлодларга тўлиқлигича етказишимиз керак. Дарҳақиқат, тилсиз миллат ривожланмайди, тараққий этмайди.
Бу фикрлар тасдиғини буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг «Токи тил мавжуд экан – халқнинг умри боқийдир. Ҳар бир тил муайян халқ учун азиз ҳисобланади. Ҳар биримиз бизни вояга етказган, бизга энг бебаҳо бойлигини – тилини ҳадя этган халқ олдида қарздормиз: тилимизнинг софлиги учун, бойиши учун жон куйдирсак, фарзандлик бурчини адо этган бўламиз» фикрларида кўриш мумкин.
Мана шундай эзгу мақсадлар рўёби учун мамлакатимизда мустақилликнинг илк дамлариданоқ «Давлат тили ҳақида»ги қонун, кейинчалик эса Президентимиз фармони ва қатор қарорлар қабул қилинди.
Бизга қонун нимага керак эди?
«Тил ҳақидаги қонун бизга нима учун керак? Ғуруримизни намойиш қилиш учунми? Иззат-нафсимизни қондириш учунми? Йўқ. Бизга тил ҳақидаги қонун ўзлигимизни сақлаб қолиш учун, тилимизни йўқотиб қўймаслик учун, ўзбек деган халқнинг йўқ бўлиб кетмаслиги учун керак», дейди суюкли шоиримиз Эркин Воҳидов.
Чунки тил миллатни дунёга танитадиган маънавий асос, унинг муҳим белгиси, узвий ва ажралмас бир бўлагидир. Тиллар – инсониятнинг умумий бойлиги. Инсоннинг тилини билмасдан туриб, у билан фикрлашиш имконсиз. Бошқа бир халқнинг маданиятини англаш учун ҳам ўша халқ тилини билиш талаб этилади. Халқимиз буни лўндагина қилиб: «Тил билган – эл билади», деб таърифлайди.
Ҳар бир миллатни миллат қилиб турадиган нарса бу тил бирлиги. Бунинг учун қачонки ҳар бир ўзбек, шу миллатнинг барча фарзанди ўз мулкини сақлагандек асрасагина келажак авлод ўзбек тилининг меросхўри сифатида ўзини намоён қилади. Шунинг учун қонун ва қарорлар жуда муҳим аҳамиятга эга. Улар нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки эслатма, дастур, қўлланма вазифасини ҳам ўтайди.
Инсон учун унинг Ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик
қадрли бўлса, унинг она тили ҳам шу қадар азиз ва муқаддас бўлади. Президентимиз таъбири билан айтганда, «Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз».
Қудратимиз манбаи қаерда?
Қудратимиз манбайи, аввало адабиётларда, буюк аждодларимиз яратган асарларда яққол намоён, десак, муболаға бўлмайди. Масалан, Навоий бобомиз ўз асарларида «сўз» истилоҳи ранг-баранглиги, мазмунан кенглиги билан алоҳида ажралиб туради. Бундан ташқари, Навоий қаерда «сўз» калимасини ишлатаркан, у қайси мазмунда келишидан қатъи назар, адабиёт бўладими, ўзаро мулоқотларда бўлсин (нутқ, нотиқлик, тил, сўз ва сўзлаш воситаси, ахлоқ, кишилар орасидаги муносабат ва бошқ.) ҳақида ҳам фикр юритади.
Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатларкан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади. Кўнгилда тил найзасининг жароҳати битмас, у жароҳатга ҳеч нарса малҳамлик қилмас. Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир. Мулойим сўз – ваҳшийларни улфатга айлантиради, сеҳргар – оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради, дейди буюк бобомиз.
Шунингдек, аллома шоир сўзнинг аҳамиятига ва қўлланилишига алоҳида эътибор қаратишга ундайди.
Бўлмаса сўз ажаб
бало бўлғай,
Булбули нутқ бенаво бўлғай.
Донаи дур сўзини афсона бил,
Сўзни жаҳон баҳрида
дурдона бил.
Улуғ мутафаккир ўз замондошларининг ҳар қандай бадиий асарини «сўз» деб атайди:
Сўзингники яхши
кўрарсан ўзинг,
Кўринмас ёмон чун эрур
ўз сўзинг.
Ёки:
Сен ўзингни тонимас
эрмишсан,
Ўз сўзингни тонимас
эрмишсан.
Халқимиз эса пурмаъно ҳикматлар соҳиби бўлган буюк бобомизнинг сермаъно сўзларига уйқаш тарзда «Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар» – деган мақолни айтишади.
Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз шуки, тил масаласи мана шундай биз ўйлаганимиздан ҳам бир неча чандон долзарб масаладир. Унга авар оналаридек ёндашилмаса, одам эмас, тил ўлади. Тил ўлса, билингки, миллат йўқолади.
Шуҳрат РЎЗИЕВ,
ўз мухбиримиз.
