Инсонга тилидан келадиган балолар жуда кўп. Бинобарин, тилга эрк бериш ёмон оқибатларни келтириб чиқаради. Масалан, ёлғон ва хатолик, ғийбат ва чақимчилик, риё ва нифоқ, озор ва хусумат каби офатларнинг кўпайишига сабаб бўлади. “Кимки жим бўлди – нажот топди”, дейилади. Лекин тилни сақлайман, деб бутунлай жим туриш ҳам ярамайди. Гапириш шарт бўлган жойда гапирмасликнинг зарари жим бўлиш лозим бўлганда сўз айтганнинг зараридан кўпроқдир.  

Аҳамияциз сўзлар билан вақт ўтказишнинг сабаблари қуйидагилар: керак бўлмаганда нарсани текшириш, бирор кишига дўстлик изҳор қилиш ниятида сўз топишга киришиш, вақт ўтказиш ва шунга ўхшаш самарасиз нарсалар. Кўпинча турли зиёфатлар, гаплар шу учинчи тоифага мансуб бўлади. Мана шу офатлардан сақланиш учун турли тузсиз зиёфатларга бормаган кишиларни “чақирса келмайди, одамларни менсимайди”, деб айблаш ҳам яхши эмас, албатта. Тилни офатдан сақлашнинг энг яхши йўли маънисиз одамлардан узоқлашув ва мужмал кишиларга аралашмасликдир. Ана шундагина тилдан офат кўрилмайди. 

Мирзоқул АҲАДОВ тайёрлади.