Мадрасанинг асосий биноси унчалик катта бўлмаса ҳам, бурчакларида жойлашган тўртта гумбазли миноралар унинг бетакрор қиёфасини яратади. Ҳар бир минора турли хил декоратив элементлар билан безатилган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос нақшларга эга. Айтишларича, Халифа Ниёзқули ўз мадрасасини тўртта гўзал қизи шарафига тўрт минора билан зеб беришни буюрган. Мазкур иншоот билан ХВИ асрда Ҳиндистон давлатидаги Ҳайдаробод шаҳрида қад ростлаган Чор минор масжиди ўртасида айрим муштаракликлар бор. Айниқса, қурилишида аралаш услублар қўлланган.
Ўрта Осиё меъморчилигида кўриниши жиҳатдан ажралиб турувчи мадраса зикрхонаси билан аҳамиятга эга. Шу боис унда сўфийлар ўзларининг анъанавий зикр маросимларини ўтказишган. Залда қўшиқ ва чолғу созлари учун ҳам жойлар мавжуд бўлган. Синчли пешайвон типидаги масжид ҳовлиси мадрасанинг жануби-ғарбий бурчагида жойлашган. Мадрасага икки қаватли, гумбаз томли дарвозахона орқали кирилади. Икки қаватли кутубхонанинг шифти пастак гумбазли бўлиб, содда муқарнаслар ҳалқаси билан тўлдирилган. Иккинчи қаватга минораларнинг биридаги зина орқали чиқилади.
Ўша давр тақозо қилган шароитга кўра, Чор минор ҳужраларида яшаган фуқаролар 1961–1962-йилларда янги қурилган иккита бинога кўчирилган. Бу ердаги масжид туз омборхонаси сифатида фойдаланилганлиги боис яроқсиз ҳолга келган ва бузиб ташланган. Мадраса ҳужралари бузилиб, бир қисми намуна сифатида қайта таъмирлаб қўйилган. Мазкур ҳужралар талабалар учун ётоқхона вазифасини ўтаб келгани тахмин қилинади. Яна ривоятларга кўра, бу тўрт минора дунёнинг тўрт тарафини ёки исломнинг тўртта асосий тариқатини рамз қилади.
Кўҳна шаҳримизнинг қадимий ёдгорликларидаги битикларни ўрганиш, тадқиқ қилиш, мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш борасида бирмунча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тош битиклардаги нақшлар, ёзувлар кишини бефарқ қолдирмайди. Мисол учун айтадиган бўлсак, Чор минорнинг пойдеворидаги харсанг тошда Мавлоно Абдураҳмон Жомий қаламига мансуб «Ҳафт авранг» («Етти тахт») таркибига кирган «Туҳфат ул-аҳрор» достонидан иқтибос маҳорат билан битилган. Мазкур достоннинг «Тариқат қутби, халойиқ мададкори Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий» номли бобидан келтирилган иқтибос настаълиқ хатида тошга ўйиб ёзилган.
Чор минор мадрасасининг ўнг томонида бино ёшига тенглиги тахмин қилинадиган ҳовуз мавжуд. Бугунги кунда мадраса атрофи кичик расталар ва аҳоли яшайдиган хусусий уйлар билан ўралган. 1995-йилда Чор минор мадрасаси Унесcонинг «Бутунжаҳон маданий ёдгорликлари» рўйхатига киритилди.
Мирзоқул АҲАДОВ тайёрлади.
Бухоро вилояти.
