Шаҳарлар ўртасидан оқиб ўтадиган дарё ва каналлар гўё қон томирлари каби, уларнинг инфратузилмасига, ҳаёт тарзига ижобий таъсир кўрсатади. Бунга Париждаги Сена, Қоҳирадаги Нил, Киевдаги Днепр, Санкт-Петербургдаги Нева, Европанинг қатор кентларидан ўтган Дунай, Висла сингари кўплаб сув ҳавзаларини мисол қилиб келтириш мумкин. Бу сув артериялари нафақат шаҳарларнинг кўрки ҳисобланади, балки уларнинг иқтисодий ривожланиши учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Хўш, ўзимизда-чи? Тошкентнинг Анҳор каналини билмайдиганлар борми? Унинг пойтахтимиз тарихи ва бугунги кунидаги ўрни, аҳамияти нечоғлик муҳим?
Анҳор канали тарихи анча узоққа бориб тақалади. У Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлар сув таъминотида муҳим ролъ ўйнаган. Каналнинг тарихи шаҳарнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ.
Анҳор канали номининг келиб чиқиши ҳақида бир вақтнинг ўзида бир нечта тахминлар мавжуд: у узумни англатувчи «Анзор» сўзи, «ҳайдаладиган майдон» деган маънони англатувчи «Ангор» ёки дарёни англатувчи «Анҳор» сўзи билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Сув ҳавзасининг узунлиги 23 километрга чўзилган ва Тошкент шаҳрининг бутун марказий қисми бўйлаб ўтади. У Бўзсув суғориш каналининг бир тармоғи бўлиб, ўз навбатида, Чирчиқ дарёсидан бошланади.
ХИХ аср охири ва ХХ аср бошларида канал унинг ўнг қирғоғидаги Эски шаҳар ва чап қирғоқдаги Янги шаҳар қисми ўртасидаги чегара эди. Анҳор бўйлаб Янги шаҳардаги биринчи Черняев кўчаси, ҳозирги Мустақиллик майдони ўтган. Бундан ташқари, Анҳор канали устида Тошкентдаги биринчи замонавий кўприк қурилган ва унга «Ўрда кўприги» номи берилган. Дастлаб кўприк ёғочдан ясалган бўлиб, 1913-йилда мустаҳкам қилиб ғиштдан барпо этилган.
Анҳор канали йилнинг ҳар қандай фаслида гўзал. Тошкентликлар уни, биринчи навбатда, салқинлиги, улуғворлиги ва серсувлиги учун севадилар.
Анҳор соҳили маҳаллий аҳоли ва пойтахт меҳмонлари орасида жуда машҳур. Канал соҳилларида ҳар қандай ёшдаги дам олувчиларни учратиш мумкин, чунки табиий гўзаллик ва сув юзасининг сокин оқими ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Анҳор спортчиларнинг ҳам севимли жойи. Канал бўйида спортнинг эшкак эшиш турлари бўйича юртимиздаги «кекса» спорт мактабларидан бири – Касаба уюшмалари федерациясининг республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари мактаби жойлашган. Бу спорт мактабидан юқори малакали спортчилар, Осиё ўйинлари чемпионлари, Жаҳон кубоги босқичлари ғолиб ва совриндорлари етишиб чиққан.
Таъкидлаш жоизки, Анҳор ўзбек кинематографистларининг ҳам севимли суратга олиш майдони бўлиб келган. Барчамизнинг қалбимиздан жой олган «Маҳаллада дув-дув гап» (1960 й.), «Нафосат» (1966 й.) филъмларида канал билан боғлиқ кўплаб таъсирчан эпизодлар бор. Жумладан, 1960-йили кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов суратга олган «Маҳаллада дув-дув гап» филъми қаҳрамони – омбор мудири Арслон аканинг Анҳор бўйидаги чойхонада тушлик қилиб, дам олиш лавҳаси ўзбек комедиясининг классикаси саналади. Бу ролни собиқ иттифоқ халқ артисти Раҳим Пирмуҳамедов маҳорат билан ижро этган.
1966-йилда таниқли кинорежиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Элёр Эшмуҳамедов томонидан суратга олинган «Нафосат» филъмидаги илк воқеалар ҳам Анҳор каналида бўлиб ўтади. Филъмда ўсмир болаларнинг кўприкдан сувга сакрашлари, қирғоқда дам олувчилар билан бўлиб ўтган воқеалар асносида каналнинг поэтик образи маҳорат билан тасвирланади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Саъдуллаэв суратга олиш жараёнларини эслаб, шундай дейди: «Ўша вақтда мактабда ўқирдим. Мени бир неча болалар билан бирга съёмкага жалб қилишди. Бизлар Ўрда кўпригининг тепа қисмидаги тўғондан бошлаб канал бўйлаб сузиб борардик, ёнимизда ижарага олинган моторли қайиқда режиссёр Элёр Эшмуҳамедов ва оператор Дилшод Фатхуллин съёмка қилишарди. Сузиб бориш эпизодлари битта дублда олинган тасвирлар эди... Юксак маҳорат билан тасвирга олинган Анҳоримизни ҳозир ҳам соғинч билан эслайман...»
Ғайратулла ШУКУРОВ,
ўз мухбиримиз.
