Тарихий манбалардан маълумки, ижтимоийлашув жараёни босқичларидан бири – одоб-ахлоқ масалалари доимо долзарб аҳамият касб этган. Бунда шахснинг ҳар томонлама комилликка эришиши муҳим ва асосий мақсад бўлган.
Абдулла Авлонийнинг ахлоқий ва таълим-тарбиявий асари «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ»да инсонларни «яхшиликка чақирувчи, ёмонликлардан қайтарувчи» илм-ахлоқ ҳақида фикр юритилади. Шу жиҳатдан қараганда, бу асар Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг», Носир Хисравнинг «Саодатнома», Саъдийнинг «Гулистон» ва «Бўстон», Жомийнинг «Баҳористон», Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб», Аҳмад Донишнинг «Фарзандларга васият» китоблари сингари ўзига хос тарбиявий асардир.
Абдулла Авлоний педагог сифатида бола тарбиясининг роли ҳақида фикр юритиб, «Агар бир киши ёшлигида нафси бузулиб, тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, Аллоҳу акбар, бундай кишилардан яхшилик кутмоқ ердан туруб юлдузларга қўл узатмак кабидур», дейди. Унинг наздида, болаларда ахлоқий хислатларнинг таркиб топишида ижтимоий муҳит, оилавий шароит ва боланинг атрофидаги кишилар ғоят катта аҳамиятга эга.
Авлоний инсонга ва унинг ақлига ана шундай юксак баҳо беради. «Илм инсонларнинг мадори, ҳаёти, раҳбари нажотидур. Агар ақлингнинг қўли нафсингнинг жиловини ушласа, сани ёмон йўлларга кирмоқдан сақлар. Ҳар нарса кўп бўлса, баҳоси арзон бўлур, аммо ақл эса илм ва тажриба соясида қанча кўпайса, шунча қимматбаҳо бўлур».
«Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» китоби маърифатпарварлик ғояларини тарғиб қилади. Абдулла Авлоний китобда илм тўғрисида бундай дейди: «Илм дунёнинг иззати, охиратнинг шарофатидур. Илм инсон учун ғоят олий, муқаддас бир фазилатдур. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракатимизни ойина каби кўрсатур... Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидур...». Адибнинг образли ифодасига кўра, илм бамисоли бодомнинг ичидаги мағиз. Уни қўлга киритиш учун меҳнат қилиш, яъни чақиб, уни пўчоғидан ажратиб олиш керак. У илмнинг жамият тараққиётидаги ролини яхши тушунади. Шунинг учун ҳам у ёшларни илм сирларини билишга, ҳодисалар моҳиятини ечишга, китоб мутолаа қилишга чақиради. Унинг фикрича, илм агар жамият манфаатига хизмат қилмаса, халқ фаровонлиги йўлида қўлланмаса, у ўликдир. А. Авлоний ўз илмини амалда қўллай оладиган кишиларга юксак баҳо беради, уларни доно инсонлар, деб атайди.
Абдулла Авлоний ўтмиш мутафаккирлари каби ёшларни фойдали касб-ҳунар эгаллашга чақиради. Адиб бойлик кетидан қувувчиларни, уларнинг одамгарчиликка тўғри келмайдиган ишлар билан шуғулланаётганини кўриб, улардан нафратланади. Ёшларни бойликка ружу қўймасликка ундайди. Бойликни ўткинчи булутга ўхшатади. Меҳнациз кун кечиришни барча ёмон сифатларнинг ибтидоси, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам у меҳнатни улуғлайди, меҳнат кишининг энг гўзал фазилатидир, дейди.
«Одоб» (араб. «адаб» сўзининг кўплиги) – жамиятда эътироф этилган хулқ меъёри. У шахс маънавий ҳаётининг ташқи жиҳатини ифодалаб, ўзаро муносабатда, оила, меҳнат жамоасида намоён бўлади». Одоб моҳиятининг асосини ахлоқий тамойиллар, меъёр ва шахснинг тарбияланганлик даражаси ташкил этади.
Одоб кишининг тарихий тажрибаларга асосланиб, аста-секин болаликдан таълим-тарбия ёрдамида амалга ошириб бориладиган узлуксиз жараёндир. Шахс улғая борган сари одоб даражаси ҳам кенгая боради. Тўғрисўзлик, шарм-ҳаё, софдиллик, камтарлик, хушмуомалалик, озода ва саранжомлик каби фазилатлар одоб-ахлоқ қоидалари саналади.
Киши ўз ахлоқи ва одобини яхшилаш учун даставвал, ўзидаги барча хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиб чиқиши зарур. Шундагина одоб-ахлоқ нима-ю, одобсизлик ва ахлоқсизлик нима, деган саволларга жавоб топади, уларни ўзининг шахсий одатлари билан солиштиради ва ўз хатти-ҳаракатларига танқидий ёндашган ҳолда, ичидан яхши ва ёмон одатлар ажратиб чиқилади. Фақат бунда ўз одатларига тўғри баҳо бериш талаб этилади. Бунинг учун эса аниқ мақсад белгилаб олиниши лозим.
Донолар айтганидек, кишида одоб бўлса, илм ҳам бўлиши мумкин. Одоб ақлга боғлиқ. Ақл устига одоб қўшилса, нур устига аъло нур бўлади. Улуғлик ақл-у одоб билан, бойлик қадри саховат билан, қувват қадри баҳодирлик билан ошади.
Абдулла Авлоний ахлоқ – эзгуликнинг муайян бир инсонда намоён бўлиш шакли, бинобарин, ҳар бир хулқ эзгулик ва олижанобликнинг тимсоли, ҳамма нарса тарбияга боғлиқ, дейди.
Унинг фикрича, соғлом фикр, яхши ахлоқ ва илм-маърифатга эга бўлмоқ учун бадантарбия билан шуғулланиш зарур: «Баданнинг саломат ва қувватли бўлмоғи инсонга энг керакли нарсадир. Чунки ўқимоқ, ўқитмоқ, ўрганмоқ ва ўргатмоқ учун инсонга кучли, касалсиз вужуд лозим. Соғ баданга эга бўлмаган инсонлар амалларида, ишларида камчиликка йўл қўюрлар. Бадан тарбиясининг фикр тарбиясига ҳам ёрдами бордур. Жисм ила руҳ иккиси бир чопоннинг ўнг ила терси кабидур. Агар жисм тозалик ила зийнатланмаса, ёмон хулқлардан сақланмаса, чопоннинг устини қўйиб, астарини ювиб овора бўлмак кабидирки, ҳар вақт устидаги кири ичига урадур. Фикр тарбияси учун меҳнат ва соғлом бир вужуд керакдур».
Буюк педагог Абдулла Авлонийнинг таъкидлашича, «назофат (гигиена) деб аъзоларимизни, кийимларимизни, асбобларимизни пок ва тоза тутмоқни айтилур. Поклик зеҳн ва идрокингни кенг ва ўткир қилур. Халқ орасида эътибор ва шуҳратга сабаб бўлур. Поклик ила ҳар хил касалликлардан қутулиб, жонимизнинг қадри билан бўлурмиз. Пок бўлмак саломатлигимиз, саодатимиз учун энг керакли нарсадур. Йиртиқ, эски кийимлар киймоқ айб эмас, янги кийимларни кир қилиб, ёғини чиқариб юрмак зўр айб ва гуноҳдур».
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсон гўзаллигини белгиловчи асосий мезон ахлоқ ва одоб ҳисобланади. «Инсон одоби билан гўзал», деган мақолнинг мазмунида ҳам худди шундай фалсафий маъно мужассам. Гўзал ахлоқ ва одоб билан ўлчанадиган маънавий фазилатлар одамлар ўртасидаги барча муносабатларга сингиб кетгандагина ҳақиқий аҳамият касб этади. Шунинг учун ахлоқ ва одоб масалалари барча даврларда ҳам шахс маънавий камолоти, жамият ривожининг асосий ва муҳим омили саналади.
Жаҳонгир ШАРОФБОЕВ,
«Постда» мухбири.
