Маънавият ва маърифат дарси


Тамаддун тарихига назар ташласак, инсоният ҳар қандай буюк ихтиролар ва кашфиётларга фақатгина илм-фан ютуқлари асосида эришган. Бугунги замонавий ҳаётни ҳам илм-маърифат ва таълим тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Дунёнинг энг илғор давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги устувор вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Чунки юрт равнақи ва унинг истиқболи айнан шу соҳада қўлга кири­тилган ютуқлар билан чамбарчас боғлиқдир.

Мамлакатимизда ҳам ёш авлодни комил инсон қилиб вояга етказишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар муҳайё қилиняпти. Президентимиз раҳбарлигида таълим тизимини тубдан ўзгартириш, ҳар томонлама етук, малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш ҳамда Ватанга садоқатли янги авлодни вояга етказиш меха­низмларини яратиш мақсадида оламшумул ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, биз кенг кўламли демократик ўзга­ришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Юртбошимиз ибораси билан айтганда:

«Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда ил­мий-маданий муассаса­ларни бўлғуси

Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитув­чилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғо­ниш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз».

Маълумки, бой тарихга эга юртимизда биринчи Ренессанс – Шарқ Уйғониш даври ИХ–ХИ асрларда юз берган. Бу даврда буюк алломаларимиз яратган илмий ва фалсафий асарлар ҳамда ҳамон дунёни лол қолдираётган ихтиролари жаҳон сивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшди. Аниқ фанлар соҳасида Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, фалсафа соҳасида Абу Наср Форобий, тиббиёт соҳасида Абу Али ибн Сино, тилшуносликда Маҳмуд Замахшарий баракали ижод қилган.

Ренессанснинг иккинчи даври эса Амир Темур ва Темурийлар даврига тўғри келиб, нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун Марказий Осиё ўлкалари ўз тараққиётининг янги поғонасига кўтарилди. Соҳибқирон бобомиз илм-фан ривожига раҳнамо бўлиб, олимлар, санъацҳунослар, ёзувчилар, шоирларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатган.

Бугунги кунда, Ўзбекис­тонда янги уйғониш – учинчи Ренессанс даври бошланди. Буни бугунги кунда юртимиздаги жадал ривожланишлар, таълим ва илм-фан соҳасидаги ўзгаришлар, оддий ҳаётимизда рўй бераётган юксалишлар жараёнлари мисолида кўришимиз мумкин. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида саъй-ҳаракатларнинг локомотиви сифатида таълим-тарбия, илм-фан, маърифатни ривожлантириш ғояси танлангани ушбу ташаббуснинг ғоят ҳаётийлигини таъминловчи энг муҳим омилдир. Зотан, миллатнинг илм-маърифати юксалиши баробарида, унинг фаровонлиги ва эртанги кунга ишончи ошиб бораверади.

Янги Ўзбекистоннинг кейинги тараққиёти жараёнида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, умумтаълим мактаблари фаолиятини яхшилаш, олий таълим тизимини дунё стандартларига мос­лаштириш, халқаро рейтингларга киритиш, ўқув юртларига қабул қилишда адолатли тизимни ўрнатиш, юртимизда нуфузли чет эл университетларининг филиалларини очиш каби кўплаб ишлар олиб борилмоқда.

Тадқиқотлар ҳамда илмий кузатишлар шуни кўрсатадики, инсон ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиши аниқланган. Боланинг интеллектуал шахсини шакллантириш, таълим хизматларини яратиш орқали сифат даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани соҳадаги изчил ислоҳотларнинг натижасидир.

Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиё­сий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилиши баробарида, мактабгача таълимдаги қамров даражасини ошириш ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга ет­казиш, 2022–2023-йилларда 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга, 2024-2025 ўқув йили якунига қадар 100 фоизга етказиш, мактабгача таълим ташкилоти ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб боришнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш, мактабгача таълим-тарбия жараёнларини илмий асосланган ёндашувлар асосида такомиллаштириш кейинги йиллар учун асосий вазифалар қилиб белгилаб олинди.

Муҳим ўзгаришлардан яна бири шундаки, давлат-хусусий шериклик доирасида оилавий боғчалар шаклида ўқитишнинг муқобил модели амалга оширилди. Бутун республика бўйлаб мактабгача таълим ташкилотларига қисқа муддатли, яъни тўлиқ кунли бўлмаган гуруҳлар каби таълимнинг муқобил шакли жорий этилмоқда.

Сўнгги йилларда ўқитувчи-муаллимларнинг обрўсини ошириш, мавқейини кўтариш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Натижада мактаб ўқитувчиларининг ойлик маоши бир ярим баробар кўпайтирилганлиги, давлат мукофотлари билан тақдирланаётган устозлар сони ошиб бориши, ўқитувчи тайёрлайдиган ҳисоботлар, қоғозбозликлар сони кескин камайтирилганлигининг ўзи ҳам таълимнинг бу босқичида улкан ижобий ўзгаришларга замин бўлди. Ислоҳотлар, ўзгаришлар натижасида республика бўйича қарийб 16 минг нафарга яқин эркак ўқитувчи мактабларга қайтди.

Бу борада ички ишлар органлари учун муносиб кадрлар тайёрлаб берадиган ИИВ Академияси ва Малака ошириш институти фаолиятини тубдан яхшилаш бўйича ҳам чора-тадбирлар амалга оширилди. Юқори касбий билим ва кўникмаларга эга, интеллектуал салоҳиятли ва жисмонан етук ёшларни тарбиялаш мақсадида вазирлик ихтисос­лаштирилган мактаб-интернати, 14 та академик лицей ва 1 та «Темурбеклар мактаби» фаолият юритмоқда.

Илмга, маърифатга ташна халқмиз. Қонимизда жўш уриб турган шижоат аждодлардан меросдир. Шундай экан, дунё саҳнига янги Ўзбекис­тон тимсолида янги тамаддун билан бўйлашмоқдамиз. Зеро, учинчи Ренессанс пойдеворининг мустаҳкам асоси бўлиб хиз­мат қилувчи бугунги буюк ғояларда ана шундай улуғ мақсадлар мужассамдир.

 

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

маёр.