Болаликдан санъат синоатига ошуфта қалбни сўз жилоси, оҳанги тоблаб вояга етказди. Адабий сабоқлар, истеъдодлар даврасидаги қизғин суҳбатлар, саёҳатлар ёш шоирга бадиият асрорини теран идрок этишга замин яратди. У Фирдавсий, Саъдий, Навоий, Фузулий шеърлари заминидаги киши туйғуларини қунт билан ўрганди. Қўқондаги адабий муҳит ўсмирни мумтоз ва замонавий адабиёт билан яқиндан таништириб, уни олам-у одам нафосатини, юксак туйғулар оқимини, сезимлар назокатини туйишга чорлади.
Усмон Носир Москва сафари давомида Пушкин, Лермонтов, Есенин асарларини мутолаа қилишга қизиқиб қолади. Рус шоирлари ижодидаги жанрий ранг-барангликни кузатибгина қолмай, уларнинг истеъдод қирраларини кашф этиб боради. Шу билан бирга, Москвадаги кинодраматургия техникумида таҳсил олади. Бу даврда режиссёр, актёрлар билан бўлган мулоқотда соҳанинг
асрорини ўрганишга аҳамият қаратади. Бу ердаги муҳит шоирни адабий ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бирга, ўз дунёқарашини бойитишда ҳам туртки берган.
Кишининг билимлари уни ёғду янглиғ ҳидоят, маърифатга бошлайди. Кейинчалик Усмон Носирнинг «Атлас», «Зафар» драмаларини яратгани бу санъатнинг нозик томонини ўрганганидан воқиф айлайди.
У Пушкиннинг «Боғчасарой фонтани», Лермонтовнинг «Иблис» асарларини таржима қилган. Шунчаки ўзбекчага ўгирмаган, улардаги рамз, оҳанг, ифодани сақлаб қолиш, аслиятдагидек етказишга муваффақ бўлган.
Замондошлари шоирнинг ёддан шеър ўқиш қобилиятини алоҳида эътироф этишган, турли гурунгларда ҳам таржима шеърлари ёхуд ўзига маъқул бўлган асарини завқ билан айтганини хотирлашган. Туроб Тўла шоирнинг ҳиссий тўлқинлар исканжасида инграб шеър ўқиганини ёдга олган.
1932 йил шоирнинг илк шеърий тўплами «Қуёш билан суҳбат», сўнг «Сафарбар сатрлар» нашр этилди. Бу асарлар дарров адабий жамоатчилик эътиборига тушди. Улардаги ёниқ қалб, ҳароратли ифодалар ёш шоир иқтидоридан воқиф этарди.
Сенга тор келди бу кўкрак,
Севинчинг тошди қирғоқдан.
Тилим чарчар, ажаб, гоҳи
Сени таржима қилмоқдан.
У шеъриятни, унга содиқликни шарафли бурч деб санаган. У бу санъатни юксалтиришдан, гўзал туйғуларни авж пардаларда куйлашдан роҳатланган. Қалб тафтидан янграган изҳорлар эстетик салмоқни қабартириб кўрсатган.
Шоирнинг «Юрак» шеърлар тўпламидаги саёҳат хотиралари фикр ва туйғу уйғунлиги, ҳиссий ва тасвирий ифода нафислиги билан диққатни тортади. Муаллиф озар, грузин, арман диёрларининг сўлим табиатини рангин бўёқларда жонли тасвирлайди. Бу халқлар тили, маданиятига хос белгиларни тиниқ, табиий ёритишга ҳаракат қилади. Истеъдод, нозик дид, атроф-олам нафосатини теран ҳис этиб завқланиш шоирга ранглар жилоси, турфа ифорлар бўйини ёрқин, табиий акс эттириш имконини беради. «Нахшон» достонидаги қуйидаги парча китобхон эътиборини тортади:
Боғларга намозгар
салқини тушди,
Гуллар нам баргини қайирди аста.
Офтоб ҳам сув ичар
тоғлардан пастда,
Лоладек қип-қизил ўт
шафақ ўчди.
Шоир учун боғ – она Ватан.
У табиат бағрида тонг оттириш, тунни кутиб олишдан роҳатланган. Усмон Носир тимсолларда гўзалликни ҳис эттиришга интилибгина қолмай, сатрлар силсиласида хос кайфият, бадиий ниятни сездиришга мушарраф бўлган. Сокин оҳанг садолари шоирни гўё синовли онлардан огоҳ айлайди. Намозгар шом вақти кун ботишига ишора қилади. Абдулла Қодирий ҳам «Ўткан кунлар» асарининг илк жумласида
«...қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир» хабарини келтиради. Шом кун қорайиши палласи икки ижодкорнинг халқ, миллатга келадиган ҳалокатдан воқиф этиш усули экани аён бўлади, маслакдошлар холислиги, кўнгли безовталиги бу битикларда тиниқ кўринади. Гулларнинг баргини қайириши эрксизликка, офтоб-нурнинг пастда сув ичиши сўнишига урғу берилади. Лоладек қип-қизил рамзи ҳам айни қон, жаҳолатнинг нишонаси тарзида тақдим этилади.
Баргдек узилиб кецам,
Унутмас мени боғим:
Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур,
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим.
Усмон Носирнинг асарларида боғ образ даражасига кўтарилган. Бу обод, файзли боғ структурадаги асос бўлса, унинг қисмлари, барглари тириклик, мавжудликка қиёс қилиниб, ўзига хос поэтик ифодани юзага чиқарган. Гуллар яшариш, очилиш мавсумида қалбга яна умид бахш этади, ҳайкал гулдасталардан бунёд этилишида ҳам ўзига хос тушкунлик, ҳорғинлик кайфияти пайдо бўлади.
Шоир миллатнинг бир қалби уйғоқ, виждони пок ўғлони бўлгани боис боғини, дарахтини тарк этишни истамайди. Бироқ даврдаги талотумлар, ҳақпараст зиёлиларнинг қатағон қилиниши ёш шоирни ҳам бу пўртанага улоқтира бошлаган. Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Элбек каби миллатнинг чин ўғлонлари билан маслакдош шоирга ҳам ўзига хос жазо қўлланади.
У бошлаган хайрли иш – ҳур ва эркин авлодни вояга етказишда илм-у маърифатни тарғиб этиш, ўз тили, тарихини эъзозлаш эзгу йўлнинг содиқ кишилари қисмати эди.
Усмон Носирнинг «Яна шеъримга» асарининг бош пафоси шоир умрининг асоси, негизини ташкил этади. Бадиий адабиётда бағишлов асарлар кўп. Ижодкор киши Ватани, онаси, миллий анъаналари ҳақида сара асарлар яратиб боради. Шоир эса шеъри, қалб қўрини меҳр билан ёдга олади. Бу парча шоир қалбини, безовта руҳини кўзгу янглиғ китобхонга тақдим айлайди:
Бутун умрим сенинг бўйнингда
Саҳарда қон тупурсам, майли,
Мен – Мажнунман, шеърим,
сен – Лайли!
Ҳар бир инсоннинг тириклик диёрида ўз мақсади, муддаоси бўлади. Болаликдан ҳаёт синовидан ўтган шоир ўз танлаган ҳақиқат манзили сари йўл олади. Унга ҳамроҳ, маслаҳатгўй бўлган Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат-у Элбеклар ҳам қалбидаги ҳислар пўртанасини жиловлашни хоҳламаган. Улар учун битиклари қадрли бўлган, боиси, асарлари воситасида бу истеъдодлар халқи, миллати кўнглига йўл топа олганлар.
Умрининг ҳар лаҳзасида шоирона туйғуларини ифодалашга интилган ижодкор сўнгги онларгача бу ҳузур, неъматдан айрилишни истамайди. Сўнгги сатрларда ошиқ ҳолатининг Лайли ва Мажнун тимсолларига менгзалишида ҳақиқат ишқининг салмоғи ёрқин намоён бўлади. Вафодорлик шоир шахсида айнан ўз шеъри, сўзига чин садоқатида юзага чиқади. Усмон Носир ҳам шеъри, ижодига бемисл муҳаббати боис Ватанидан сургун қилинди. Совуқ ўлка изғирини ҳам унинг кўнглини музлата олмади. Жисмоний ўлимдан қўрқмаган жасорат соҳиблари маънан енгилмаслиги боис инсониятга ибрат бўлади.
Истиқлол йилларида шаҳидларни хотирлаш, улар номини абадийлаштиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шу ўринда Усмон Носир ҳаёти ва фаолияти бўйича хайрли ишларни амалга оширган заҳматкаш олим Наим Каримов, у ҳақда мақолалар ёзган Иброҳим Ғафуров, Қозоқбой Йўлдошев каби адабиёцҳунослар меҳнатини эътироф этиш лозим. Зеро, юрт озодлиги, ҳурлигини орзу қилган, бу мақсад йўлида жонини фидо айлаган миллатпарварларнинг шарафли йўли бугунги авлод вакилларига маёқ бўлажак.
Умида РАСУЛОВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва
адабиёти университети доценти.
