Ватан – киндик қони тўкилган муқаддас даргоҳ сана­либ, инсонда шу заминга нисбатан ватанпарварлик туйғусини шакллантиради. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек: «ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган жойини жонидан ортиқ суяр... Биз туркистонликлар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйганимиз каби, араб­лар Арабистонларини, қумлик иссиқ чўлларини, эскимос­лар шимол тарафлар, энг совуқ қор ва музлик ерларни бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши Туронлик осон ерларга ўз ватанларини ташлаб ҳижрат қилурлар эди». Дар­ҳақиқат, Ватан – аждодлардан авлодларга қоладиган энг буюк, бебаҳо мерос, энг азиз хотира. 

Нафсиламрини айтганда, Ватанга бўлган меҳр, садоқат дахлдорликдан бошланади. Дахлдорлик туйғуси кишини олам билан, ўз халқи, Ватани билан мустаҳкам боғлайдиган риштадир. 

У уйқудаги одамни уйғотиш, ягона мақсад сари етаклаш қудратига эга. 

Инсон улғайгани сайин 

унинг ватанпарварлик туйғуси ва тасаввурлари ҳам кенгая боради. Аввало уй, сўнгра маҳалла, қишлоқ ёки шаҳар ҳамда бутун мамлакат Ватан экани қалбан англаб олинади. 

Ватанга дахлдорлик туйғуси – муқаддас қад­рият. У инсонни ижтимоий етимликдан асровчи манзил, маънавий камолот, ҳаёт мактаби, фаровонлик ва бахт-саодат ўчоғини чин юракдан ҳис этиб турувчи туйғудир. Мавлоно Фузулийнинг, «Менинг битта ҳаётим бор, борди-ю мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам, ҳамма­сини Ватан учун сарфлаган бўлур эдим», деган сўзлари ҳар биримиз учун бебаҳо ватанпарварликдир. 

Юрт равнақи ва тараққиётининг имкониятлари, шон-шуҳрати, обрў-эътибори ҳам шу миллат кишилари Ватанга дахлдорлик туйғуси­нинг даражаси билан боғлиқдир. Аждодларимиз учун Ватанга, элига муҳаббат муқаддас туйғу ҳисобланган. Улар Ватан, халқ манфаати, миллий 

қадр-қиммат, ор-номус масаласини ҳамма нарсадан устун қўйишган, ҳаттоки шу муқаддас мақсад йўлида жонларини қурбон қилишни ўзлари учун шараф деб билишган. 

Ватанни севиш – уни улуғ­лашдан ташқари, 

унинг қадр-қимматини, ҳар қарич ерини, мустақилли­гини ҳимоя қила билишдир. Шайх Нажмиддин Кубро ҳақиқий ватанпарвар, жасур қаҳрамон бўлгани тарихдан маълум. Миллат бошига оғир кунлар тушганида, юртини ташлаб кетишни, жонини асраб қолишни ўзи учун номус деб билди. Мўғул истилосига қарши жанг майдонларида мардона курашиб, ҳалок бўлди. 

Ватанпарварлик шунчаки сўзда эмас, балки амалда, хатти-ҳаракатларимизда намоён бўлгандагина тараққиётнинг ҳал қилувчи омилига айланиши мумкин. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар жараёнида ватанпарварлик эътиқоди ҳар биримизнинг амалий ишларимизда, фаол фуқаролик позициямизда намоён бўлиши айниқса муҳим аҳамият касб этади. Бунда ҳар бир инсон фаолия­тида онглилик билан фидойилик бирлашмоғи зарур. 

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ёш авлодда ватанпарварлик ва миллий ғурур туйғусини янги босқичга кўтаришни Учинчи Ренессанснинг энг муҳим эҳтиёжига айлантирди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ёшларда ватанпарварлик тарбияси, миллий руҳни юксалтириш ҳамон долзарб масала бўлиб қолмоқда. 

Чунончи, мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қи­лиш борасида муаян ишлар амалга оширилди. 

Шу билан бирга, соҳадаги вазият ва амалга оширилган тадбирлар таҳлили ёшлар­нинг кенг қатламларига дахл­дор бўлган долзарб маса­лалар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлан­тириш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмага­нидан далолат бермоқда.

Ватанни ҳимоя қилиш эр йигитнинг муқаддас бурчи саналади. Шу боис халқимиз азал-азалдан ўғил боланинг матонатини тоблаш, жисмонан соғлом, руҳан етук қилиб вояга етказиш, она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратган. Ҳатто оналаримиз алласи орқали бешикда ётган гўдак руҳига она юртга муҳаббат ва садоқат туйғуси сингдириб келинган. 

 Ватанга муҳаббат – 

унинг сарҳадларини турли таҳдидлардан ҳимоя қилмоқ, унда яшовчи халқнинг тилини, эътиқодини, урф-одатла­рини севмоқдир. Ёш авлодни айни шу руҳда тарбиялаш, айниқса, улар онгу шуурида бузғунчи мафкура ва ёт ғояларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки буюк аждодла­римизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий-бадиий мероси, доно ўгитлари воситасида ўсиб келаётган ёш авлоднинг онги, руҳиятини ҳар қандай зарарли мафкуралар таъсиридан ҳимоя қилиб, уларда Ватанга муҳаббат, садоқат, бурч каби олий туйғуларни шакллантирсак, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида етакчи ўринни эгаллашига мустаҳкам замин яратган бўламиз. 

 Халқимиз тинчликни юксак қадрлайди, уни орзу-инти­лишлари, эзгу ниятлари рўёб­га чиқишининг муҳим кафолати, деб билади. Шу маънода, дунёнинг турли минтақаларида турли талотўплар, хунрезликлар авж олаётган ҳозирги қийин ва ўта мураккаб бир даврда мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимлари тинчлик-осойишталик ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини сақлаш мақсадида фидойиларча хизмат қилишаётганини алоҳида эътироф этмоқ жоиз. Негаки, бу ҳам Ватанга содиқликнинг бир кўриниши. Зеро, шу азиз Ватан барчамизники, уни авайлаб-асраш барча­мизнинг асл фарзандлик бурчимиздир. 

 Ички ишлар органлари ходимлари эл-урт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида туну кун фидойиларча хизмат қилади. Уларнинг қалби юртга муҳаббат, бурчга садоқат туйғулари билан лиммо-лим тўла. Шу юртнинг, шу элнинг хотиржамлигини ўйлаб, жиноятчиликка қарши курашиш йўлида жонини тикиб хизмат қилаётганини дил-дилидан ҳис қилади. 

 Хулоса ўрнида айтганда, Учинчи Ренессансни яратишда ватанпарварлик ҳар бир инсоннинг ўзи туғилиб ўсган юртини, элини эъзозлаш, унинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий, маънавий ривож­ланиши ҳақида қайғуриш, ғамхўрлик қилиш, тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш, ўз давлати, мамлакатининг мустақиллигини сақлаш учун жон куйдириш ва керак бўлганда унга ўз ҳаётини бағишлашга йўллайдиган юксак маънавийлик мезонидир. 

 

Азизжон ФАЙЗИЕВ, 

подполковник.