Қашшоқ бир қишлоқда ўғил фарзанд дунёга келибди. Бола вояга етар экан, сўниб бораётган мана шу масканда истиқомат қилувчи инсонларники каби унинг ҳам йиллари маъносиз, зерикарли ўтарди. Аммо ажойиб кунларнинг бирида у тушида денгизни кўрибди. Қишлоқдагиларнинг ҳеч бири ҳали умрида денгизни кўрмаган, шунинг учун ҳам уларни дунёнинг қайсидир ерида шундай бепоён сув ҳавзаси мавжудлигига ишонтириш қийин эди.
Йигит тушига кирган ўша денгизни излаб топишини айтганида, кўпчилик чаккасида бармоғини айлантириб, уни тентакка чиқарди. Бироқ ҳеч нарсага қарамай, у йўлга тушди. Токи йўл тўрт томонга айрилган манзилга етгунча, узоқ кезди. Қаҳрамонимиз тўғрига олиб борувчи йўлни танлади ва бир неча кундан сўнг аҳолиси сокин, бахтиёр ва фаровон ҳаёт кечираётган бир қишлоққа келиб қолди. Бу ердаги меҳмондўст одамлар уни ўзлари билан қолишга кўндиришди. Йигит бир неча йил шу қишлоқда яшади. Лекин бир куни яна тушига денгиз кирди ва у ўзининг ушалмаган орзусини эслади. Йигит бу масканни ҳам ортда қолдириб, яна йўлга тушишга қарор қилди. Ҳамма билан хайрлашди ва ўша йўллар айрилган жойга борди.
У иккинчи йўлга қадам босиб, токи катта шаҳарга етгунча узоқ юрди. Бу ердаги шовқинли ва ранг-баранг ҳаёт уни ўзига мафтун этди. Шу манзилда қолишга қарор қилган йигит йиллар давомида ўқиди, ишга кирди, хурсандчиликда яшади ва яна орзусини унутди – токи кечаларнинг бирида яна ўша тушни қайта кўрмагунча. У ўз ниятини амалга оширмаса, умри беҳуда сарфланиши ҳақида ўйлади ва яна йўлга чиқди.
Бу сафар танланган учинчи йўл уни сўқмоқдан бир ўрмон сари бошлади. У ердаги ягона ёғоч уйнинг ёнида бир гўзал қиз дорга кир ёйиш билан овора эканини кўрди. Йигит соҳибжамолга ошиқ бўлди, у билан турмуш қурди. Улар биргаликда фарзандларни вояга етказишди.
Кексалик даври етиб, рафиқасидан жудо бўлган отахоннинг тушига яна денгиз кирди. Шунда у тўртинчи йўл қаэрга олиб бориши билан қизиқиб қолди. Яна сафарга отланди. Ҳоли йўқ ва кучдан қолган чол тик қияликдаги ва жуда тошлоқ йўлдан аранг юриб борарди. Улкан тоғ этагига келиб қолган қария тушидаги денгизни узоқдан бўлса ҳам кўриш умидида бир амаллаб юқорига кўтарилишга қарор қилди. Бор кучини тўплаб, бир неча соатдан сўнг зўр қийинчилик билан чўққини забт этди ва атрофга назар солди. Қаршисида чексиз манзара ястаниб ётарди. Чол юқоридан йўллар тўртга айрилган жойни, фаровон ҳаёт қайнаётган қишлоқни, улкан шаҳарни ва охирги йиллар бахтли умр кечирган ўрмондаги кулбасини кўрди. Узоқдан эса, уфқ чизиғи туташган жойда мовий ва бепоён денгиз кўриниб турарди.
Қариянинг кўзларидан ёш чиқиб кетди, қалби қаттиқ таъсирланди. У қадам қўйган ҳар бир йўл денгизга олиб борарди. Лекин у ҳеч қайси бирини охиригача босиб ўтмаганди...
Рус тилидан
Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
