Маънавият ва маърифат дарси

Бу йил мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрами Президентимизнинг «2024-йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига кўра, «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланади.

Ўлкамизга яшариш айёми – Наврўзи олам кириб келиши билан она замин узра кўклам нафаси таралиб, қалбларда ўзгача орзиқиш, кўтаринки кайфият, шод-у хуррамлик ва эзгу ниятлар бутун борлиқ билан ҳамоҳанглик касб этади. 

Наврўз – тун билан куннинг тенглашиши, янги давр, кунларнинг узайиб, боғ-у роғ, далаларга ризқ-рўз қадаш, меҳнатнинг бошланишидир.

 

Анъаналар силсиласи

Миллий анъана ва қадриятларимиз жамланган ушбу шодиёна кун халқимизнинг ўзидай қадим ва улуғлиги ҳақида тарихий манбаларда атрофлича сўз юритилган. Хусусан, «янги кун» маъносини берувчи ушбу қадим ва боқий байрам, унинг нишонланиши Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк», Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Умар Хайёмнинг «Наврўзнома» каби асарларида милоддан аввалги ВИ–В асрларда бошланганига оид кўплаб маълумотлар ёзиб қолдирилган. Наврўзнинг тарихий илдизлари борасида жуда кўплаб манбалар, жумладан, Авесто, Табарийнинг «Тарихи Табарий», Абу Райҳон Берунийнинг «Тафҳим», «Қонуни Масъудий», Масъудийнинг «Муруж аз-заҳаб», Муҳаммад Ҳусайн Бурҳоннинг «Форснома», Ҳофизи Абрунинг «Зубдат-ат-таворих», Алишер Навоийнинг «Садди Искандарий», «Хазойин ул-маоний» асарларида байрам ва унинг тарихига оид қайдлар мавжуд.

Абу Райҳон Беруний «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» китобида йилнинг биринчи ойи деб саналган Фарвардин ойи тўғрисида сўзлаб: «Бу ойнинг биринчи куни Наврўздир, – дейди. – Наврўз йилнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони англатаркан. Наврўз эронликлар зижлари бўйича ўтмиш замонларда, улар йилларини кабисали қилган вақтларида Қуёшнинг Саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорга келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан, гуллар очилган, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ўсимлик униб чиқа бошлашдан такомиллашгунча давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган».

 

Баҳор элчиси

Мусаффо осмон узра сахий қуёшнинг чарақлаб нур сочиши, қир-у адирлар ям-яшил ўт-ўланлар, бойчечак-чучмома, лолақизғалдоқларга бурканиб, янги кун, баҳорни олқишлаётган қушларнинг ёқимли овози ҳар қандай инсон руҳиятига кўтаринкилик бағишлайди. Айниқса, қадимдан баҳор элчиси бойчечак хонадонларга шод-хуррамлик, бахт ва омад, тўкинлик ва барака олиб келади, деган тасаввур уйғотган.

Бу аждодларимизнинг ўзи билан табиат ўртасига чегара қўймагани, балки ўзларини табиатнинг бир бўлаги, деб қараганининг ҳам бир исботидир. Улар боши узра порлаб турган ой, қуёш ҳамда юлдузлар, атрофини ўраб турган табобат, набототнинг сирини билишга, ундаги ўзгаришлар инсон қалби ва руҳиятига таъсир этишини англаганлар. Табиатни алқаганлар, самони улуғлаганлар.

Бойчечакни тутдилар,

Тут ёғочга осдилар.

Қилич билан чопдилар,

Бахмал билан ёпдилар.

 Бу қўшиқ сатрлари бир қараганда, анчайин жўн ва тушуниксиздек туюлади? Аммо қўшиқда бойчечак муқаддас саналиб, «қурбонлик» қилиниши билан боғлиқ қадим маросим ҳақида сўз бормоқда. Қадимда қиш узоқ чўзилиб, кўклам келиши интиқлик билан кутилганда, Бойчечак маросими ўтказилган. Бу маросим қиш ва кўкламнинг курашини ифодалаган.

 

Шоҳ таом

Боқий айёмнинг шоҳ таоми – сумалак ва унинг тайёрланиши билан боғлиқ ривоятлар тилимизда кўп ва хўп айланади. Ушбу ривоятлар замирида эса бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиш, жипслашув, яхши-ёмон кунларда бирга, сабр ва иродали бўлишдек эзгу ғоялар ётади, албатта. Қувонарлиси, ҳозирда ҳам эрта кўкламдан кекса-ю ёшнинг бирдек дошқозон бошида жам бўлиб, баҳорий таомни ковлаши, унга тош ташлаб, яхши ниятлар билан дуога қўл очиши мисолида ибратли ҳикоятлар айни кунларда ҳам инсонлар қалбида ўзининг тарбиявий қимматини йўқотмай келаётганининг исботидир. Шунингдек, сумалак, ҳалим ва кўксомса, кўкчучвара сингари кўклам таомлари илик узилди пайтида кишиларга қувват бўлиши, дармондориларга бойлиги билан замонавий тиббиётда ҳам тан олинаётгани ҳеч биримизга сир эмас.

 

БАРАКА ФАСЛИ

Ҳар йили кекса-ю ёш учун бирдек орзиқиб кутиладиган ва катта тантана билан

нишонланадиган Наврўз байрами умуминсоний фазилатлар, миллийликка йўғрилган урф-одатлар-у қадриятларимиз ифодаси янглиғ қалбларга олам-олам сурур бахш этади.

Айнан Наврўз кунларида амалга ошириладиган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, меҳр-саховат тадбирлари, инсоний фазилатлар бошқа вақтдаги эзгу амалларга қараганда ёрқинроқ намоён бўлади. 

Соҳибкор боғбон-у деҳқонлар, кексалар кўкламнинг ҳар дақиқасини қадрлаб, ғайрат-шижоат бобида ёшларга ибрат бўлишади. Улар бош бўлиб қадалган ҳар уруғ, ҳар бир ниҳол эртанги кунга барака, дастурхонларга ризқ-рўз, эл-у юртга насиба, фаровон турмуш омили бўлиб унади, кўкка бўй чўзади.

 

Боқий қадриятлар

Табиатнинг янгиланиши билан бошланувчи бу байрам қадимдан то бугунга қадар турли маросимларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради. Хусусан, халқ сайиллари, миллий ўйинлар – кураш, кўпкари мусобақалари, театр томошалари ташкил этилади. Оддийгина ўтовдан тортиб, ёпилган нонда, каштачилик, нақшинкор гиламларда ҳам табиатга инжа муносабат, уни аяш, улуғлаш яққол акс этади. Айниқса, беғубор осмон бағрида баҳорий насимларга қониб, енгил парвоз қилган варраклар, болаларнинг қий-чувлари-ю шодон кулгулари табиатнинг уйғонишига ранг киритади, гўё. От, чиллак, қўғирчоқ, арқон тортиш, тош кўтариш ва бошқа ўйинларнинг завқи эса ўзгача. Атлас ва адрасдан тикилган миллий либослардаги бир-биридан чиройли қизлар, беқасам тўнлар кийган кўркам йигитларнинг қиёфасида янги куннинг нашидаси уфуриб туради.

 

Фусункор байрам

Наврўз – оддий бир байрам эмас, балки халқимизнинг тарихи, фалсафаси, тушунча тасаввурлари, қадриятларини ўзида мужассам этган, миллат билан улғайиб, миллат билан бирга тараққий этган ва ҳар жиҳатдан

унинг онг-у шуурига ўзининг беназир хосияти билан сингиб кетган айём. Зотан, юртбошимиз таъбири билан айтганда, «халқимиз миллий юксалиш ва миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган ҳозирги вақтда барча эзгу қадрият ва анъаналаримиз қатори Наврўз байрамининг ҳам ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда». Буни ҳар йилги Наврўзи олам она халқимизга миллий, азалий урф-одатлар, қадриятлар қанотида шодлик-хуррамлик улашиб келаётгани мисолида яққол кўришимиз мумкин. Зеро, мусаффо осмон остида тинч-тотув умр кечираётган ҳар бир юртдошимизнинг қалбига она табиатнинг бетакрор фусункорлиги билан кўчган айём, уларнинг ўзидек азиз ва улуғдир.

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА.