Маънавият ва маърифат дарси
Инсон доим сўзга, мулоқотга эҳтиёж сезади. Мулоқот орқали бир-биримиз билан фикр алмашамиз, туйғуларимизни ифода этамиз, баҳсга киришамиз. Шу жиҳатдан қараганда, мулоқот кишилар учун ҳамиша қулайлик воситаси бўлиши керак. Бироқ охирги пайтларда айнан ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида фаолият юритувчи ходимларнинг мулоқот жараёнидаги муаммолари билан боғлиқ видео ёхуд аудиоёзувлар ижтимоий тармоқларда тез-тез кўзга ташланмоқда.
Мазкур муаммоларни келтириб чиқарувчи омилларга эътибор қаратилса, кўпинча ягона умумийлик – мулоқот маданиятининг етишмаслиги аён бўлади. Тўғри, бугунги кунда аксарият одамларда психо-эмоционал ҳолат турғун эмас. Аммо исталган ходимнинг мулоқотдаги, хизмат жараёнидаги камчилиги биргина унинг эмас, бутун тизимнинг камчилиги деб талқин қилинаётган ҳозирги шароитда мулоқот маданиятини ошириш масаласига ҳар доимгидан-да фасоҳат билан ёндашиш талаб этилади.
Таъкидлаш жоизки, Ички ишлар вазирлигининг «Ички ишлар органларининг ташқи соҳавий хизматлари фаолиятида ахлоқ ва мулоқот маданияти кодекси», «Ички ишлар органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари» ҳамда «Ички ишлар органлари ходимларининг муомала маданиятини ошириш чоралари тўғрисида»ги буйруқлари тизим ходимлари учун дастуруламал бўлмоқда.
Мутахассисларнинг аниқлашича, ишлаётган кишилар вақтнинг 45 фоизини кимларнидир тинглашга сарф қилар экан. Одамлар билан энг кўп мулоқот қилувчи соҳа вакиллари рўйхатининг аввалида эса ички ишлар, савдо ходимлари, алоқачилар, раҳбарлар, мухбирлар туришар экан.
Маълумки, осойишталик посбонларининг хизмати асосан халқ орасида кечади. Улар одатда аҳоли (мурожаатчи), ҳамкасблари, гумон қилинувчи, сўроқ қилинувчи ва бошқалар билан мулоқот қилишади. Мана шу мулоқот жараёнида юксак маданиятга эга эканлигини кўрсатишнинг энг тўғри йўли зарур ҳолларда одамларни тинглай олишдир. Инсон кўпинча «эшитиш» ва «тинглаш» тушунчаларини бир-биридан ажрата олмаслиги мумкин. Мулоқот кўнгилдагидек кечиши учун суҳбатдошлар, биринчи навбатда, бир-бирини тинглашни ўрганишлари керак. Олдига бирор масала, илтимос ёхуд юмуш билан келган инсоннинг муаммосини ҳал этиш ходимнинг ваколат доирасида бўлмаслиги мумкин, аммо унга ҳамдард, хайрихоҳ эканлигини билдириб, тинглаш орқали одамларда ижобий кайфият уйғота олади. Чунки биргина ходимнинг аҳоли орасида ижобий таассурот пайдо қилди дегани, аста-секинлик билан бутун бошли тизимга берилган юқори баҳо, ишончнинг асоси бўлиб хизмат қилади.
Ички ишлар органлари ходими аҳоли билан ишлар экан, умумий билим даражаси ҳамиша соҳа бўйича эгаллаган махсус билимидан юқори бўлишига интилиши лозим. Чунки деярли ҳар куни турли тоифа ва характердаги кишилар билан мулоқот қилишига тўғри келади. Бундан ташқари, хилма-хил ҳаётий воқеа-ҳодисалар юзасидан иш олиб боришга, уларни тўғри баҳолашга, зарур қарорларни қабул қилиш ва унинг тўғрилигига мурожаат қилган одамларни ишонтира олиши шарт.
Ходим ҳар бир ҳолатда зарур оҳангни, сўзларни, асосли ва бехато ифодаланадиган фикрларни топиши керак. Чунки тинглаётган шахсларнинг ходим нутқини қанчалик аниқ тушуниши нутқнинг таркибий тузилишига боғлиқ. Шундагина атрофдагилар билан мулоқотимиз муваффақиятли бўлади.
Халқимиз орасида кўпинча «одамига қараб» муомала қилиш керак, деган қараш мавжуд. Аммо нотаниш, яъни илк бора кўришаётган одамнинг феъл-атворини қандай аниқлаш мумкин?
Дарҳақиқат, биринчи бор кўришаётган кишининг нима сабабдан жаҳл отига минаётганию қайси гаплар унга мойдек ёқишини олдиндан билиш қийин... Бутун дунёда инсонни ўрганиш илмининг айни шу жиҳатга катта эътибор билан қараши ҳам бежиз эмас. Яъни, ходим мулоқот маҳорати одобини ўрганиш билан бир қаторда, инсоннинг хатти-ҳаракатлари, имо-ишораларига қараб ҳам ташхис қўйишни ўрганиши фойдадан холи бўлмайди. Чунки кўплаб хорижий давлатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг бу борада билим ва тажрибага эга бўлишига алоҳида эътибор билан қарашади.
Муомала маданиятига риоя этиш ички ишлар органлари ходимларининг касбий фаолияти ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланади. Шу боис ички ишлар органларига ёки аниқ бир ходимга мурожаат қилган ҳар қандай шахс зудлик билан қабул қилиниши ва эътибор билан тингланиши керак. Бунинг учун, аввало, ички ишлар органларининг барча даражадаги раҳбарлари ўз ходимларини қўполлик ва лоқайдликка нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаши, фуқаролар билан қўпол муомалада бўлиш ҳолатларига қатъий муносабат билдириши ҳамда хулқ-атвор ва муомала маданияти билан ўзлари намуна кўрсатиши зарур.
Осойишталик посбонлари ҳар доим аҳоли кўз ўнгида эканини, тизимнинг обрўси унинг хулқи ва хатти-ҳаракатларига бевосита боғлиқ эканини ҳамда мурожаат қилган ҳар бир фуқарога ёрдам кўрсатиш аҳолида ички ишлар органи фаолияти тўғрисида ижобий фикрни шакллантиришини ёдда тутиши шарт. Фуқаролар билан хушмуомала бўлиш, уларнинг мурожаатига холисона ва виждонан ёндашиш, айниқса, болалар, аёллар ва қарияларга алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, ички ишлар органларига олиб келинган ҳар бир инсон шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгалигини ёдда тутиши ва айбсизлик презумпсияси принсипига амал қилиши керак.
Ходимлар фуқаролар билан мулоқотда сансалорликка йўл қўймаслиги ҳамда ўз ваколатлари доирасига кирмайдиган мурожаатлар юзасидан фуқароларни тегишли раҳбар ёхуд масъул ходим билан боғлаши, ички ишлар органларига чақирилган ёки олиб келинган фуқарога, чақирилиши ёхуд тўхтатилиши сабабларини тушунтириб бериши керак. Бундан ташқари қонун ҳужжатлари нормаларини таништириши зарур.
Фуқароларнинг шаъни, қадр-қимматини камситиш ва ҳақорат қилиш, уларга нисбатан қонунга хилоф равишда куч ишлатиш ёки куч ишлатиш билан қўрқитиш, жисмоний шахсларнинг мурожаатини кўриб чиқишдан бўйин товлаш ёки кўриб чиқишни асоссиз рад этишга ҳамда хизмат зарурати билан чақирилган (олиб келинган) шахсларни асоссиз куттириб қўйиш аҳолининг ходимларга бўлган ишончини камайтиради.
Шунинг учун мурожаат қилган ҳар бир фуқаронинг муаммосини атрофлича ўрганиб, ўз ваколати доирасида қонуний ҳал этиш, керак бўлса, ёрдам бериш ҳар бир ходимнинг хизмат бурчи эканини ҳам унутмаслик лозим. Шундагина жамиятда ички ишлар органлари ходимининг ижобий қиёфаси шаклланади.
Халқ манфаати йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ходим, аввало, ўзининг билими, маънавияти ва дунёқараши кенглиги билан ажралиб туриши керак.
Дунёқараш, салоҳият, тафаккур теранлиги эса, шубҳасиз, мулоқот жараёнида кўзга ташланади. Чунки ҳар бир инсон муомаласи ва мулоқотига қараб, суҳбатдошининг қандай инсон эканлиги ҳақида хулоса қилади. Нутқ гапираётган шахснинг ихтиёрисиз унинг тимсолини яратади, шахсиятини очиб беради. Соддароқ айтганда, инсоннинг сўзига қараб, кимлигига баҳо беришади.
Улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий таъбири билан айтганда:
Сўздурки, нишон берур ўлукка жондин,
Сўздурки, берур жонга хабар жонондин.
Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,
Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.
Навоийнинг муҳибларидан бири бўлган, Ҳиротда яшаб ижод қилган атоқли аллома Ҳусайн Воиз Кошифий ҳам «Билгилки, одамзотнинг шарафи нутқи билан ва нутқ одобига риоя қилмаган одам бу шарафдан бебаҳрадир» дея бежиз уқтирмаган. Зеро, инсон ўзига ато этилган мана шу беқиёс бойликнинг қадрига етгандагина юксак мақомга эришади.
Дилдора РАҲМОНОВА,
Тошкент давлат юридик университети
Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси.
