Маълумки, ХВИ аср бошига келиб, амалда бир қанча мустақил ҳокимликларга бўлиниб кетган Темурийлар салтанати Муҳаммад Шайбонийхон тасарруфига ўтади. Убайдуллахон (1533–1540) даврида хонлик пойтахти Самарқанддан Бухорога кўчирилган. Шу даврдан бошлаб ушбу давлат эндиликда Бухоро хонлиги деб аталадиган бўлди. Бухоро хонлигида кейинги юз йилликда 2 та сулола – шайбонийлар (1501–1601) ва аштархонийлар (1601–1756) ҳукмронлик қилган.

ХВИ–ХВИИИ асрларга келиб Темурийлар даврида ягона тахт атрофида бирлашган минтақада бир-биридан мустақил учта давлат – Бухоро (1756-йилдан амирлик), Хива (1511) ва Қўқон (1709) хонликлари ташкил топган.

Ўрта аср анъаналарига кўра, хонликлар давридаги давлат бошқаруви тизимидаги мансаб ва унвонларни нисбий равишда уч турга бўлиш мумкин: маъмурий-ҳарбий, ҳарбий ва диний мансаблар.

Маъмурий-ҳарбий мансаб эгалари уруш пайтида ҳарбий соҳа билан банд бўлса, тинчлик даврида ўз вазифаларидан ташқари, ҳукмдор хавфсизлиги, шаҳар ва қишлоқлардаги тартиб-осойишталик, ўғирликлар ва бошқа жиноятларга қарши курашишга ҳам масъул бўлган.

Қуйида мамлакат миқёсидаги хавфсизлик масалаларига масъул бўлган айрим лавозимларга тўхталиб ўтамиз. 

Муҳтасиб (раис деб ҳам аталган) – ислом маросимлари, урф-одатлар ва шариат қонунларининг бажарилиши, одамларнинг жамоат жойларида юриш-туриши устидан назорат қилувчи амалдор. Улар бозорлардаги нарх-наво ва ўлчов асбобларининг тўғрилиги устидан назорат қилиш, диний вазифаларини бажармаган кишиларни жазолашга ҳукм чиқариш ва ўша ернинг ўзида ҳукмни ижро эттириш каби ваколатларга эга бўлган. Муҳтасибни одатда хон тайинлаган ва у қози билан баробар иш кўрган, аммо у маъмурий жиҳатдан қозидан пастроқ лавозим ҳисобланган ва ундан анча кам маош олган. 

Хон саройидаги хавфсизликни таъминлаш, ички тартиб-қоидалардан хабардорлик эшикоғабоши лавозимидаги шахс зиммасига юклатилган. Улар уруш пайтларида олий ҳукмдорнинг энг муҳим ҳарбий топшириқларини ҳам бажарган.

Қоровулбеги – қоровуллар, посбон ва соқчилар бошлиғи. Қоровулбеги давлат тинчлиги ва хавфсизлигига жавобгар шахс ҳисобланса, ҳарбий ҳаракатлар чоғида унга тегишли кишилар қўшин хавфсизлиги, уни қўриқлаш, соқчи-посбонлар қўйиш сингари ишларга масъул бўлишган.

Ясовул – кичик ҳарбий амалдор бўлиб, маъмурий-полиция маҳкамасининг, шунингдек, хоннинг шахсий топшириқларини бажарган.

Доруға (қутвол) – шаҳар, вилоят ёки қалъаларнинг ноиблари ҳисобланиб, уларнинг вазифаси ўзига бириктирилган ҳудудни идора қилиш, жумладан, аҳолини рўйхатга олиш, солиқ йиғиш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш, урушлар пайтида олий ҳукмдор қўшини таркибида ўзлари ҳокимлик қилган ҳудуд лашкарига қўмондонлик қилишдан иборат бўлган.

Қози аскар – ҳарбийлар содир этган жиноятларни тафтиш қилиш ва жазо тайинлаш билан шуғулланадиган амалдор. Улар шариат қоидаларини мукаммал ўзлаштирган, шу билан бирга, ҳарбий соҳани ҳам яхши биладиган муфтийлар орасидан тайинланган.

Аҳолининг тинчлиги ва осойишталиги учун миршаблар (арабча «мир» – «амир», яъни ҳарбий амалдор, форсча «шаб» – «тун» сўзларидан олинган бўлиб, тунги соқчилар бошлиғи) масъул ҳисобланган. Миршаблар шаҳарлар ва қишлоқларда кеча-ю кундуз соқчилик қилишган, жамоат жойлари, бозорлар ва кўчаларда тартиб ва осойишталикни таъминлаган. Қозилар томонидан тайинланган жазони ижро этиш ҳам уларнинг зиммасига юкланган. Одатда миршаблар шаҳар миршаббошисига бўйсунган. Масалан, Бухоро шаҳри миршаббошисига бир вақтнинг ўзида амирликдаги бошқа барча шаҳар ва вилоятлар миршаблари ҳам бўйсунган.

Кейинги асрларда миршаблар фаолиятида қисман ўзгаришлар бўлган бўлса-да, ушбу лавозим Октабр инқилобигача сақланиб қолган. Тошкентнинг 4 даҳасида 10 тадан миршаб, бир нафар миршаббоши бўлган, 1892-йилгача миршаблар катта оқсоқолга, кейинчалик Эски шаҳар полицмейстерига бўйсунган. Жиноятни аниқлаш ва жазо белгилашда шариат қонунлари ва тарихан шаклланган одоб-ахлоқ қоидалари асосий мезон ҳисобланган.

Хонликлардаги суд тизимида ҳам ўрта асрларга хос хусусиятлар сақланиб қолган. Масалан, Хива хонлиги суд тизими ваколат доираси ва фаолият шаклига кўра, жойлардаги фуқаролик ва жиноят ишлари билан шуғулланувчи қози судлари, қозилар устидан бошқарув ва назорат билан шу­ғул­ланувчи, шунингдек, муҳим ишларни ўзи ҳам кўриб чиқадиган қозикалон ва қози аскар (қози ўрду деб аталган, сарой ҳарбий суди) ҳамда сиёсий, ўта оғир ва мансабдор шахсларга оид жиноят ишларини кўрувчи олий инстансия – хон суди ( хон раислик қилувчи олий ва марказий мансабдор шахслардан иборат бўлган)дан ташкил топган.

Хива хонлигида хон мутлақ ҳукмдор сифатида қозилар томонидан тайинланган олий жазо тўғрисидаги ҳукмларни кўриб чиққан ва заруратга кўра унга ўзгартиришлар киритган. Қозиларнинг муҳим ишлар юзасидан ҳукмларини тасдиқлаш ва бекор қилиш ваколатига эга бўлган.

Хонликдаги ҳар бир вилоят, туман, қасаба, шаҳарларда хон томонидан тайинланган қозилар бўлиб, улар ўз ёрдамчилари – муфтийлар ёрдамида мулкчилик можароларини ҳал қилиш, майда жиноятларни очиш ва шу сингари ишлар билан шуғулланган. Вилоятлардаги жиноий ишларни кўриб чиқишда маҳаллий ҳокимнинг ҳам иштирок этиш ҳуқуқи бор эди. Қишлоқлардаги майда можаролар қишлоқ оқсоқоллари томонидан ҳал қилинарди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, халқимизда қадимдан ўзгалар молига кўз олайтириш, ўғирлик қилиш ниҳоятда қаттиқ қораланган. Камдан-кам учраб турадиган тарозидан уриш, ўғирлик ва бошқа шу каби жиноятларда айбдор аниқланса, у халқ ўртасида намойишкорона жазоланган. Бу каби таъсир чоралари ўзига хос профилактика вазифасини ўтаб, жиноятчиликнинг камайишига сабаб бўлган. 

Аҳоли томонидан ҳар бир маҳалла, кўчаларда халқ ўртасида обрў-эътиборга эга шахслардан оқсоқол сайланган, турли оилавий келишмовчиликлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги жанжаллар ана шу оқсоқоллар томонидан жойида ҳал этилган. Улар томонидан чиқарилган ҳукмни ҳамма қабул қилиши ва бажариши шарт бўлган. Фақат иложсиз вазиятлардагина можарога миршаблар ва қозилар аралашган. Бу эса миллий қадриятларимизнинг бешиги бўлган маҳалла институтининг қадимий илдизга эгалигидан, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятларга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга бўлганидан далолат беради. 

Элбек НОРМЎМИНОВ,

ИИВ Музейи бошлиғи, маёр.