Азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Хотирлаш, қадрлаш, ҳурматлаш туйғулари қон-қонимизга сингиб кетган қадим қадриятларимизнинг бир кўринишидир. Ушбу туйғу қалбимиздан жой оларкан,
у аввало, маънавиятимизни бойитади, ҳаётимизни эзгулик нурлари билан ёритади, авлодларга ҳамиша тўғри йўлни кўрсатади.
9-май – Хотира ва қадрлаш куни юртимизда инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат улуғланишининг ёрқин бир намунаси. Бу кунни халқимиз хотира ва қадрлашга эътибор сифатида юксак қадрлайди. Ушбу тадбир замирида халқимиз онг-у шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлашдек эзгулик мужассам.
Аждодларимизнинг хотирасига ҳурмат кўрсатиш, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш, жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, юртимиз равнақига ўз намунаси билан хизмат қилаётган кексаларни эъзозлаш ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида нишонланиши юртимизда тинчликни асраш, мустақилликни мустаҳкамлаш, Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлганлар хотирасини ёд этиш, бугун орамизда соғ-омон яшаётган уруш ва меҳнат фахрийларига ғамхўрлик кўрсатишнинг ёрқин амалий ифодасидир.
ИИ жаҳон урушида ўша пайтда республикамиз аҳолисини ташкил этган 6 миллион 800 минг кишидан қарийб
2 миллион нафари фронтга сафарбар этилган. Шундан 538 минг киши жанг майдонларида ҳалок бўлган,
158 минг нафар юртдошимиз бедарак кетган, яна 100 минг одамнинг дараги ҳали ҳам топилгани йўқ.
Ана шу 2 миллионга яқин жасур ота-боболаримизнинг ғалабага қўшган ҳиссаси жуда катта бўлиб, буни ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди. Улардан 214 минг
нафари урушда кўрсатган улкан жасорати учун жанговар орден ва медалларга, 301 нафари Қаҳрамон унвонига сазовор бўлгани, 70 нафар юртдошимиз учала даражадаги «Слава» ордени билан тақдирлангани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Мамлакатимизда мустақил тараққиёт йилларида Иккинчи жаҳон уруши
иштирокчиларига, фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга эътибор ва ғамхўрлик янада кучайди. Халқимиз қадим-қадимдан кексаларга юксак ҳурмат кўрсатиб келади. Чунки улар бизга ҳаётда тўғри йўлни кўрсатадиган маслаҳатчиларимиз, ҳаётимизга кўрк бўлгувчи табаррук зотлардир. Халқимиз томонидан «Қариси бор уйнинг париси бор» деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Бугун биз қарияларимизни асраб-авайлашимиз, қўлдан келганча уларга иззат-икром кўрсатиб, дуоларини олишимиз, тинч ва осойишта кунларимизнинг қадрига етиб, шукроналар келтиришимиз зарур.
Урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик – Ватанимиз фарзанди
эди. Уларни ёддан чиқаришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Истиқлол йилларида 35 жилдлик «Хотира» китоби чоп этилди, уруш қурбонларининг номи мамлакат пойтахтидаги Хотира майдонига ўрнатилган «Темир дафтар»га зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилди.
Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни
яшашга, яратишга, эл-у юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди. Зеро, хотира ҳамиша азиз, қадр муқаддасдир.
Хотира деганда, биз бу фоний дунёдан ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг чироғини ёқиб, эзгу ишларини давом эттиришни
тушунамиз. Бу халқимизга хос азалий фазилатдир.
Қадрлаш дегани – асрлар давомида она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларимизни ёдга олмоқ, уларга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқдир.
Таъкидлаш жоизки, бу муборак кунда, халқимизнинг асрлар давомида орзу-ният қилиб, интилиб келгани – ҳуррият ва озодлик йўлида ҳаётини қурбон қилиб шаҳид кетган Тўмарис, Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Намоз ботир каби халқ қаҳрамонларини, Қодирий, Беҳбудий, Мунаввар қори, Чўлпон, Авлоний, Фитрат, Усмон Носир сингари миллатимиз фидойиларини эслаш ҳам қарз, ҳам фарздир.
Зеро, тарихий хотирасиз келажак йўқ, деб бежиз айтилмаган. Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг қадрига етиш, ҳурматларини жойига қўйиш ҳам шунчалик муҳимдир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрамини нишонлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинади. Шу асосда мазкур байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига маълум миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш йўлга қўйилган.
Шунингдек, ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг тураржойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларга тураржой ажратиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Давлат тарафидан кўрсатилаётган бу ғамхўрликларнинг барчаси умумхалқ байрами мазмунидаги қадрлаш моҳиятининг амалий жиҳатини яққол намоён этади.
Бу дунёда бир буюк ҳақиқат бор: келажак авлодларнинг эркинлиги, тинчлиги ва бахт-у саодати йўлида қилинган мардлик ва жасорат халқимиз хотирасида абадий сақланиб қолади. Уруш ва меҳнат фронти фахрийларини эъзозлаш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш биз учун ҳамиша муқаддас бурчдир. Бугун биз ўз фахрийларимиз ва қаҳрамонларимизга чуқур эҳтиром кўрсатмоқдамиз. Жанг майдонларидан қайтмаганлар ва фронт орқасида меҳнат қилганлар хотираси олдида бош эгамиз. Уларнинг исмлари қалбимизда абадий қолади.
Ғайратулла ШУКУРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
