Психологияда хотира – инсоннинг билиш қобилиятлари мажмуи, яъни, маълумотни ёдлаш, тўплаш ва кўпайтириш қобилиятлари жамулжамидир. Бу шуни англатадики, ҳар қандай маълумот дастлаб мияда тўпланади, кейин унда сақланади, бу эса уни янада кўпайтиришга имкон беради. 

Ҳозирги вақтда хотирани ривожлантириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади, чунки телефон, компютер ва планшет каби гаджетлар шахснинг ўрнига жуда кўп функсио­нал вазифаларни бажармоқда. Бу эса, ўз ўрнида, айрим шахсларда хотира билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Хотиранинг қисқа муддатли ва узоқ муддатли турлари мавжуд. Қисқа муддатли хотира инсон хотирасининг бир тури бўлиб, бунда озгина маълумотларга эга бўлиш мумкин. Масалан, телефон рақамининг 7 та сондан иборатлигига сабаб – қисқа муддатли хотира миқдори ўртача 7+2 та маълумотни сақлайди. Узоқ муддатли хотиранинг маълумот сақлаш миқдори мавжуд эмас.

Таъкидлаш жоизки, инсон ҳаётининг биринчи йилларида содир бўлган воқеаларни эслаб қолишининг иложи йўқ. Гап шундаки, миянинг хотира учун масъул бўлган соҳалари ҳали тўлиқ шаклланмаган, яъни, физиологик жиҳатдан хотира чақалоқлик ва эрта болалик воқеаларини сақлай олмайди. 

Эътибор қилиш лозим бўлган яна бир жиҳат, инсон хотираси тўлиқ тушунилмаган. Аммо унинг механизми қандай ишлашини ишонч билан айтиш мумкин: ёдлаш; сақлаш; эътироф этилгандан кейин кўпайтириш; унутиш.

Ахборотни ёдлашнинг икки тури мавжуд: ихтиёрий ва беихтиёр. Ихтиёрий ёдлаш алоҳида аҳамиятга эга. Унга шеърлар, тарихий саналар, математик формулалар киради. Бундай ҳолда мотивациянинг роли катта. 

Беихтиёр ёдлашни олдиндан айтиб бўлмайди. Мисол учун, шахс кўрган, эшитган, тегинган нарсаларини эслайди. Баъзи маълумотлар узоқ муддатли хотира бўлимига тушади, бошқалари керак бўлмагани учун йўқ қилинади ва шахс ундан фойдаланмайди. 

Хотирани мустаҳкамлашнинг бир неча усуллари мавжуд. Расмларни эслаб қолиш самарали машқлардан биридир. Бундай машқни ўтказиш учун бирон бир қизиқарли расмни танлаб олиш керак бўлади. Хотирани кучайтириш учун энг яхши машқ – санаш. Бу анча самарали усул бўлиб, 1 дан 20 гача ёки 20 дан 1 гача бўлган сонларни параллел равишда санаш керак. Агар инсон сонларнинг бошқа тиллардаги талаффузини билса, параллел равишда она тили ва бошқа тилда сонларни санаш хотирани тиклашга тезроқ ёрдам беради.

Хотирани яхшилаш учун фойдали усуллардан яна бири «чапақай қўл» машқини бажаришдир. Чапақай инсонлар учун ўнг қўлни, ўнақайлар учун эса чап қўлни кўпроқ ишлатиш талаб этилади. Бундай машқ билан миянинг ишлаши кучаяди ва хотира тикланиши яхшиланади.

Ҳар бир касбда, худди шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари фаолиятида хотиранинг ўрни алоҳида муҳимдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, қуйида касбга оид зарур маълумотларни эслаб қолиш самарадорлигини ошириш усулларига тўхталиб ўтамиз.

Ёдлаш. Катта ҳажмдаги, эслаб қолиш қийин бўлган маълумотларни одам «ичида» ёки фикран такрорлаши орқали унинг хотирада аниқ сақланиб қолишига эришиш мумкин.

Англаш. Ҳар қандай маълумот, агар у англанган бўлса, эсда яхши сақланиб қолади. Эслаб қолинадиган маълумотдаги маъноли алоқаларни аниқлашга «Нима учун?» деган саволни қўйиш ёрдам беради.

Қонуниятларни излаш. Бу рақамли маълумотларни, масалан, автомашина ва телефон рақамларини эслаб қолишни осонлаштиради. Ушбу усул эслаб қолинадиган маълумотда муайян қонуниятни – маъноли, рақамли ва бошқа қонуниятларни топишга асосланади.

Аналогия, ўхшашликлардан фойдаланиш. Янги маълумотни маълум маълумот билан қиёслаш доимо уни эслаб қолишни осонлаштиради. Бунда обект нимага ўхшашини аниқлаш лозим бўлади.

Образли тасаввур. Сўзда ифодаланган маълумотни тасаввур қилиш орқали эслаб қолиш анча осон.

Хаёлан гапириш. Қидирилаётган шахснинг сурати, машиналарнинг рақамларини эслаб қолаётганда, фикран, ички нутқида «гапирса», шахснинг юзидаги айрим жиҳатларни таъкидласа, хотирада мустаҳкамроқ ва аниқроқ сақланиб қолади.

Моделлаштириш. Бунда мантиқий алоқалар ёрдамида бетартиб фактлар ягона тизимга бирлаштирилади. Ана шу тизим эслаб қолиш учун модел бўлиб хизмат қилади. Тахминни илгари суриш орқали бўлган воқеа қайта гавдалантирилса, моделлаштирилса, керакли маълумотни яхши эслаб қолишга ёрдам беради.

Оқибатларини тасаввур қилиш орқали хотирани фаоллаштириш. Керакли маълумот хотирада сақлаб қолинмаса (ёки, аксинча, сақлаб қолинса) нима бўлишини тасаввур қилиш ҳам яхши самара беради.

Тартибга келтириш. Илгари эсда олиб қолинган маълумотни энди эсда олиб қолиш керак бўлган маълумот билан боғлаш уларнинг хотирада ишонч­лироқ сақланиб қолишига имкон беради.

Унутиш орқали эслаб қолиш. Ниманидир унутишни истасак, биз ана шу нарсага диққатимизни жамлаймиз ва натижада уни эсда олиб қоламиз. Хаёлан ёқтирган одамингизни душманингиз деб тасаввур қилишга ҳаракат қилиб кўринг... Тасаввур қилдингизми? Энди эса уни миянгиздан чиқариб ташлашга ҳаракат қилинг. Сиз бу тўғрида ўйламасликка қан­чалик кўп ҳаракат қилсангиз, у сизни шунчалик кучлироқ таъқиб этади.

Вазиятни жисмонан тиклаш. Гўёки «ўша жойнинг ўзида бўлиб қолиш» ва у ердаги нарсаларни, масалан, керакли тартибда жойлаштириш лозим. Кўриш тасаввурларига таяниш зарур нарсаларни эслашни осонлаштиради.

Вазиятни хаёлан эсга тушириш. Ҳар доим ҳам ўша шароитда жисмонан бўлиш, аҳволни жисмонан эсга туширишнинг имкони бўлмайди. Аммо бутун вазиятни унинг қисмлари бўйича хаёлан тасаввур қилиш, эсга тушириш орқали маълумотни эслаш мумкин.

Вазиятларни саралаб танлаш.  У ким? Эслолмайсиз... Шунда у кишини қаерда кўрган бўлишингиз мумкинлигини тасаввур қилинг: бўлимда, уйингиз ҳовлисида, транспортда ва ҳоказо. Вазиятларни саралаш чоғида сизни қизиқтираётган шахс ҳақидаги маълумотлар ҳам чиқиб келади.

Воқеалар кетма-кетлигини хаёлан эсга тушириш (узилган занжирни тиклаш). Хотирада воқеаларнинг бутун кетма-кетлигини тиклаш занжирдаги йўқолган ҳалқани топишга ёрдам беради. Қидирилаётган маълумот сақланиши керак бўлган маълумотларнинг хаёлий занжиридаги барча ҳалқаларни кетма-кет текшириб чиқинг. Занжирда кемтик топганингизда, ундан сакраб ўтинг, олдинроққа ўтинг, сўнгра орқага қайтинг. Агар ҳалқа тикланмаса, хотирангизни узоқ вақт зўриқтирманг – бунинг ёрдам бериши даргумон.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳар бир шахс, у қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, маълум бир маълумот билан ўз хотирасини банд қилади. Бу маълумот қанчалик керак ёки кераксизлигини аниқлаш эса ўз қўлингизда.


Дониёр МИРЗАХМЕДОВ,

капитан.