Инсон мавжудотларнинг гултожи, азиз-у мукаррамидир. Унинг ҳуқуқ ва манфаатлари эса туғилишидан то вафот этгунига қадар бутун умри давомида унга ҳамроҳлик қилади. Шу боис инсон бу ёруғ дунёда тинч ва хотиржам, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришга ҳақли. Унинг қадр-қимматини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига олий қадрият даражасида қараш ҳар қандай даврда ҳам устувор аҳамият касб этаверади.

Бугун Ўзбекистонда ҳам том маънода инсонпарвар сиёсат амалга оширилмоқда. Юртбо­шимиз ташаббуси билан ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар инсон дард-у ташвишларини енгиллатиш, унинг фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган бўлиб, халқ билан бевосита мулоқот қилиш, муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича янги тизим яратилди. «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган халқчил ғоя қарор топди ва бу тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

2023-йилнинг 30-апрел куни умумхалқ референдумида тасдиқланган янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам «Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат» деган тамойил қатъий белгиланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги нормалар 3 бараварга кўпайтирилди. Инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилган. 

Шунингдек, Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди. Жумладан, шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши, айбланувчи ва судланувчиларнинг «сукут сақлаш» ҳуқуқи мустаҳкамланди. 

«Инсон қадри учун» тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шартлиги белгилаб қўйилди.  

Яна бир муҳим ҳужжат: еттита устувор йўналишдан иборат «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026-йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси»да ҳам «Инсон қадри учун – 100 та мақсад» белгилаб олинганини эътироф этиш зарур. Жумладан, унинг ҳар бир йўналишида фуқаролар учун муносиб шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдек эзгу мақсадлар мужассамлашган.  

Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида муҳим ўрин тутадиган суд-ҳуқуқ тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида эътироф этиш зарур. Жумладан, назорат инстансияси бекор қилиниб, фуқаролар ва адвокатларнинг шикоятлари ҳам, худди прокурор протести каби, тўғридан тўғри кўриладиган тартиб ўрнатилди.

Илк бор мансабдорларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб турадиган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланмоқда. Иқтисодий ва фуқаролик судларида прокурорнинг иштироки чекланди, жиноят ишларини асоссиз равишда суддан чақириб олиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг замонавий талаблари ва тавсияларига жавоб берадиган янги Меҳнат кодекси қабул қилингани ҳам инсон манфаатларини, унинг меҳнат қилиш ва дам олиш ҳуқуқларини юксак даражада таъаминлашга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда бевосита инсон омилини улуғлайдиган фактларни келтириб ўтмоқчиман:

Яқин йилларгача мамлакатимизда болаларнинг мактабгача таълим қамрови 30 фоизга ҳам етмасди, аксарият болалар боғчага бормасди. Сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 21 мингдан ортиқ янги мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиб, ушбу масканларда тарбия олаётган болаларимиз қамрови 67 фоизга кўтарилгани инсонга эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси эмасми?

Мактаб таълимидаги ислоҳотлар жамиятда ўқитувчилар мақомини оширишдан бошланди. Педагог ходимлар иш ҳақи мунтазам оширилиб, аксинча, ўқитувчилар тўлдирадиган ҳужжатлар сони камайтирилди. Иқтидорли ёшлар учун мутлақо янги турдаги Президент мактаблари ва ижод мактаблари ташкил этилди.

Бундан ташқари, 200 тадан ортиқ янги мактаб барпо этилди ва 3 мингдан ортиқ мавжуд мактаблар реконс­труксия қилинди ва тўлиқ жиҳозланди. Шунингдек, 11 йиллик мактаб таълимига ўтилиши муносабати билан бўшаб қолган 383 та касб-ҳунар коллежи мактабга айлантирилиб, қўшимча 221 мингта ўқувчи ўрни яратилди.

Кўплаб янги олий таълим даргоҳлари очилиб, таълимнинг бакалавриат, магистратура ва сиртқи шакллари учун квоталар оширилди, кечки таълим шакли жорий этилди. Натижада мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамров даражаси олдинги 9 фоиздан қарийб 30 фоизга етказилди.

Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам муҳим ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда. Шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон ва зарур буюмлар билан таъминлаш мақсадида давлат томонидан ажратилган маблағлар миқдори ўтган даврда 12 баробар кўпайтирилди. Авваллари маълум сабаблар билан ёпилиб кетган оилавий шифокорлик пунктлари қайта очилди, бирламчи тиббиёт халққа яқинлаштирилди.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам катта эътибор берилмоқда. Янги массивлар, шаҳарчалар қурилиб, эҳтиёжманд фуқароларга узоқ муддатли ипотека кредитлари ва субсидиялар асосида сотилмоқда. 

Ўзбекистондаги инсон омилига эътибор, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши, қонун устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, сўз эркинлиги, мажбурий меҳнатга чек қўйиш ва очиқ сиёсат юритиш бўйича эришилган ютуқларни бугун халқаро ҳамжамият алоҳида эътироф этмоқда.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, юртимизда кеча­ётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифага айланди. Мазкур йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Инсон қадри том маънода улуғланиб, «Давлат – инсон учун» деган эзгу ғоя ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топяпти.


Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.