Маънавият ва маърифат дарси

«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий Қонуни 1-май кунидан эътиборан кучга кирди.

Анъанага кўра, 8-декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни сифатида нишонланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг иродасини, истак-хоҳиши, интилишини, руҳияти, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида яққол акс эттиради. У биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор манбайи, тараққиётнинг ҳуқуқий асоси ҳамдир.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз кўплаб соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритди. Ва, ҳеч шубҳасиз, ҳаётимиз қомуси – Конституциямиз барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилди. Бироқ, аёнки, давлат, жамият ва фуқароларнинг турмуш тарзи ўзгариб бориши асносида, Конституция ҳам шунга мутаносиб тарзда ўзгариб, мукаммаллашиб боради. Бу рўй бериши лозим бўлган тарихий зарурият саналади.

Ўзбекистон кейинги даврда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг кўламли ислоҳотлар олиб бориляпти. Мазкур ислоҳотлардан кўзланган мақсадга тўлақонли эришиш эса Асосий қонунимизни янада такомиллаштириш зарурлигини тақозо этди. Шунга мувофиқ, мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёти, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ва ишончли кафолат яратиш нуқтаи назаридан Конституцияга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклифи илгари сурилди. Турли соҳа вакилларидан иборат Конституциявий комиссия тузилиб, иш бошлади. Мазкур комиссия дастлаб Конституцияга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича таклифларни қабул қилиш, жамлаш ва таҳлил қилиш ишларини олиб борди. Шундан кейин ушбу таклифлар асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси парламентнинг Қонунчилик палатасига тақдим этилди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Конституция лойиҳасини тайёрлашда халқимизнинг фикри, таклифлари икки босқичда ўрганилди. Биринчи босқичда фуқаролардан Конституция лойиҳасини шакллантиришга қаратилган 60 мингдан зиёд таклиф олинди. Иккинчи босқичда Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Аҳоли оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи орқали лойиҳа билан танишди, 150 мингдан зиёд таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Худди шунингдек, халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди. Бунинг натижасида янги таҳрирдаги Конституция 65 фоизга ўзгартирилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги маърузасида: «Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади. Шунда ҳар бир ватандошимиз «Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям» деб юксак ғурур билан айта олади», деб таъкидлади.

Референдум жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир. Унинг сайловдан асосий фарқи шундаки, референдумда бирор лавозимга номзод ёки номзодлар рўйхати учун овоз берилмайди, балки муайян масала – қонун, қонун лойиҳаси, Конституция, Конституцияга тузатиш киритишга оид савол қўйилади.

Референдумда қабул қилинган қарор олий юридик кучга эга бўлади ва фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Жорий йилнинг 30-апрел, якшанба куни юртимизда Ўзбекистон Республикаси референдуми бўлиб ўтди. Референдум бюллетенида: «Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?» деган савол берилди. Сиёсий тадбирда иштирок этган ҳар бир фуқаро, ҳар бир ҳамюртимиз ўз қарорини эркин ифода қилди.

Марказий сайлов комиссияси хабарига кўра, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини 383 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб борди. Жумладан, 14 та нуфузли халқаро ташкилотдан, хусусан, Йхҳтнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тилли давлатлар ташкилоти, Туркий кенгаш Парламент Ассамблеяси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа қатор халқаро тузилмалардан 184 нафар, 45 та хорижий давлатдан 199 нафар халқаро кузатувчи ушбу жараёнда иштирок этди. Айни чоғда референдумни оммавий ахборот воситаларининг жами

964 нафар вакили, жумладан, 127 та хорижий оммавий ахборот воситасидан 192 нафар вакил бевосита ёритиб борди.

1-май куни Марказий сайлов комиссиясининг «2023-йил 30-апрелда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумининг якунлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, овоз берувчилар рўйхатига киритилган 19 миллион 722 минг 809 нафар фуқаронинг ярмидан кўпи, яъни 84,51 фоизи референдумда иштирок этганига асосланиб, референдум амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳақиқий ва бўлиб ўтган, деб топилди. Референдумга қўйилган масалани ёқлаб берилган овозлар сони 15 миллион 34 минг 608 та (овоз беришда қатнашган фуқароларнинг 90,21 фоизи)ни, референдумга қўйилган масалага қарши берилган овозлар сони 1 миллион

558 минг 817 та (овоз беришда қатнашган фуқароларнинг 9,35 фоизи)ни ташкил этди. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни 2023-йил 30-апрел куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган, деб ҳисобланди.

Хулоса қилиб айтганда, янгиланган Конституция мамлакатимиз учун адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир. Хусусан, янги Конституциянинг 20-моддаси бешинчи қисмида «Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади» деб белгиланган. Бу қоиданинг Бош қомусимизга киритилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигини яққол тасдиқлайди. Зотан, Президентимиз айтганидек, «Инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда би­ринчи ўринда туриши керак».

Камол ОЛЛОЁРОВ,

«Постда» мухбири.