Маънавият ва маърифат дарси

(2025-йил – Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили)

Сўнгги йилларда дунёда табиат «чекинмоқда». Ҳарорат ошиши ва ёғин­гарчиликлардаги ўзгаришлар, дарахтзорлар камайиши, қишлоқ хўжалиги деградацияси кучаймоқда. БМТ маълумотларига кўра, миллионга яқин ўсимлик ва ҳайвонот турлари йўқ бўлиш арафасида. Сўнгги 50 йилда ёввойи табиат дунёси 69 фоизга қисқарди, иқлим ўзгариши, ноқонуний ов ва савдо каби жиддий таҳдидар натижасида ҳайвонларнинг генетик ресурслари қисқариб кетди. Натижада 100 дан ортиқ тур, Марказий Осиёда эса 26 турдаги қушлар, 12 турдаги сут эмизувчилар, жумладан, Турон йўлбарси, Осиё қоплони ва бошқа эндемик турлар бутунлай йўқ бўлиб кетди.

Очиғини айтганда, узоқ йиллар давомида юртимиз бойликларининг пала-партиш ўзлаштирилгани, яқин вақтларгача қишлоқ хўжалиги соҳасида «пахта яккаҳокимлиги» ҳукм сургани учун табиат билан иқтисодиёт ўртасидаги мувозанат бузилгани сир эмас. Айниқса, бойликнинг онаси бўлган ер-сув ресурсларидан оқибатини чуқур ўйламасдан, нотўғри фойдаланиш натижасида экин майдонларимиз яроқсиз, унумсиз ҳолга келиб қолди. Орол денгизининг қуриши, экологик вазиятнинг ёмонлашуви нафақат қишлоқ хўжалигига, балки миллий иқтисодиётимизга ва халқимизнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатди.

Тан олиб айтиш керак, қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий тармоқларидан бири саналади. Бугун озиқ-овқат таъминотини барқарор етказиб беришдаги қийинчиликлар ҳамда глобал савдодаги тўсиқлар ҳам миллионлаб инсонлар ҳаётида салбий из қолдирмоқда. БМТ маълумотларига кўра, айни пайтда дунёдаги 22 та давлатда озиқ-овқат танқислиги кузатилмоқда. Мамлакатимиздаги аҳолининг ўсишини, шунингдек, ер майдони кенгайиб қолмаслигини эътиборга олиб, ер ва сув ресурсларининг сифатига таъсир қилувчи об-ҳаво шароити ўз кучини кўрсатаётган ҳозирги шароитда «яшил» иқтисодиётни яратиш йўлига ўтиш долзарбдир. Жаҳон ресурслари институтининг прогнозига кўра, 2040-йилга бориб, Ўзбекистон сайёрамиз бўйича сув танқислиги энг юқори бўлган 33 та мамлакатдан бирига айланади. Ҳосилдорликнинг камайиши мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлиги ва тўлов балансини таъминлаш борасида жиддий оқибатларга олиб келишини унутмаслигимиз керак.

Президентимиз Корея Республикасида ўтказилган «Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030» (П4Г) иккинчи халқаро саммитида сўзлаган нутқида: «Бугунги кунда она табиатнинг ўзи бизга йўллаётган огоҳлик қўнғироғига бе­парво бўлмаслигимиз керак. Афсуски, иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бормоқда. Биз яшаётган Марказий Осиёда сўнгги 30 йилда ўртача йиллик ҳарорат тахминан бир даражага кўтарилди. Минтақамиздаги асосий дарёларнинг ҳавзаси ва биологик хилма-хилликнинг қисқариб бораётгани жиддий хавотир уйғотмоқда. Буғланиш даражасини оширадиган газлар ва атмосферанинг кенг миқёсда ифлосланиши муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Бугунги кунда «яшил тараққиёт» борасидаги мақсадларга эришиш учун мамлакатларнинг ҳаракатлари янада фаол ва самарали бўлиши кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Бошқа чорамиз ҳам йўқ», деб таъкидлаганларида умумий уйимизга кўзга кўринмас хавф-хатарнинг олдини олишда барчамиз масъул эканлигимизни назарда тутиб, Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш мақсади мужассам эди.

«Яшил» иқтисодиёт иқтисодиёт фанларининг бир йўналиши сифатида ХХ асрнинг охирида пайдо бўлган. «Яшил» иқтисодиёт деганда, инсоннинг энг ҳаётий муҳим манфаатлари, яъни ҳаёти ва соғлиғи учун зарур бўлган ресурсларни, атроф-муҳит ва экологияни асраб-авайлаган ва унга зарар етказмаган ҳолда сақлаб қолиб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ иқтисодиётни янада ривожлантиришни амалга оширишга асосланган фаолиятнинг замонавий йўналиши тушунилади.

Президентимиз томонидан «яшил иқтисодиёт»га ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаси этиб белгиланди. Чунки «яшил иқтисодиёт»га ўтиш мамлакатимизда экологик вазиятни тубдан яхшилаш, инсон ҳаётига зарарли таъсир ўтказувчи экологик муаммоларни бартараф этиш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг 2022-йил 2-декабрдаги «2030-йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил иқтисодиёт»ига ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинганини эслайлик. Мазкур ҳужжат билан 2030-йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастури тасдиқланди.

«Яшил» иқтисодиёт қуйидаги тадбирларни амалга оширишни биринчи навбатдаги масала сифатида кун тартибига қўймоқда:

биринчидан, аҳолининг юксалиб бораётган эҳтиёжларини қондириб, уларнинг фаровонлиги, яшаш даражаси ва сифатини ошириш учун моддий неъматларни яратишни барқарор равишда экология ва атроф-муҳитга зарар етказмасдан кўпайтириб бориш лозим;

иккинчидан, ишлаб чиқариш ва иқтисодиётни ривожлантириш учун энергия ресурслари керак бўлади, буларни қайта тикланадиган энергия манбалари ҳисобидан кўпайтириш, жамоат транспортини ҳам электр қуввати билан юрадиганларига алмаштириш, энергияни тежайдиган биноларни барпо қилиш каби йўналишларда ишларни олиб бориш;

учинчидан, атроф-муҳитга зарарли газларни чиқармайдиган, атроф-муҳитни асрайдиган, экологик тоза технологияларни яратиш орқали экологик тоза маҳсулотларни етиштириш масаласига ҳам алоҳида аҳамият бериш лозим бўлади;

тўртинчидан, бир томондан, табиатдаги барча ресурслар чекланган бир пайтда инсон эҳтиёжлари чексизлигини инобатга олиб, уларнинг мувофиқлигини таъминлаш мақсадида неъматларни ишлаб чиқаришни кенгайтиришни табиий ресурсларни камайтирмасдан амалга ошириш чораларини ҳам кўриш долзарб масалалар сирасига киради;

бешинчидан, аҳоли, айниқса, мактаб ўқувчилари, талаба-ёшларни табиатни тушуниш, экологик таълим-тарбия, эзгулик, кўнгилчанлик, раҳмдилликка давъат этувчи экологик маданиятни шакллантириш зарур бўлади.

 

Ўзбекистон биохилма-хиллиги 27 мингдан ортиқ турларни ўз ичига олади. Ўсимлик дунёси 11 минг турни ташкил этади (ўсимликларнинг 324 тури ва қўзиқориннинг 3 тури Ўзбекистоннинг «Қизил китоб»ига киритилган). Шунинг учун ҳайвонот ва ўсимлик дунёси обектларидан ноқонуний фойдаланиш устидан назоратни кучайтиришимиз керак.

Атроф-муҳитга зарарли таъсирларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳудудларимизда «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни барпо этишдек эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида лойиҳа доирасида 588 гектар озиқ-овқат ва экологик хавфсизликка хизмат қиладиган «яшил боғлар», инсон саломатлигига хизмат қиладиган 662 гектар «яшил жамоат парклари», Бухоро, Нукус, Хива ва Урганч шаҳарлари атрофида 40 км масофада «яшил белбоғ»лар барпо этилди. Эътиборлиси шундаки, аҳоли масканлари ва маҳаллаларда «яшил майдонлар»ни кўпайтириш учун мақсадли маблағлар ажратилмоқда. Барча давлат идоралари, корхоналар ва олий таълим муассасаларида «яшил боғлар» яратилмоқда.

Шариф ҚОБИЛОВ,

ИИВ Академияси профессори, полковник.