Маънавият ва маърифат дарси
Бутун дунё давлатлари қатори, мамлакатимизнинг ҳам «яшил» иқтисодиётга ўтиши масаласи энг муҳим ҳаётий зарурият бўлиб турибди. Кўпчилик ватандошлар «яшил» иқтисодиётни энергетика соҳасини ислоҳ қилишдан иборат деб ҳисоблашади. Ваҳоланки, унинг ичига тоза ичимлик суви муаммолари, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалигидаги инновациялар, экологик барқарор шаҳарлар, чиқиндиларни оқилона бошқариш, ўрмон ҳудудларини кенгайтириш, чўлланишни қисқартириш каби кўп қиррали ва кенг қамровли чора-тадбирлар ҳам киради.
Жаҳон тажрибасидан маълумки, иқтисодиётнинг турли тармоқларида «яшил» технологияларни жорий этиш аҳоли фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатади. Бунинг натижасида шаҳарлардаги яшаш қулайлашади, болалар ўлими қисқаради, ўртача умр кўриш давомийлиги узаяди. Лотин Америкаси ва Африканинг айрим минтақаларида ҳатто ташқи миграция оқимлари қисқариб, инсон капиталининг ривожланиши кузатилган.
Инсон фаолиятининг табиатга таъсири даражасини акс эттирувчи кўрсаткич – «экологик из» тараққиётни белгилаб берувчи обектларни барпо этиш, истеъмол учун зарур неъматларни ишлаб чиқариш мақсадида қанчалик кўп миқдорда маҳсулдор ер ва тоза ичимлик сувидан фойдаланаётганимиз ҳамда чиқиндилар ҳосил қилаётганимизни ифода этади. «Яшил» иқтисодиёт ўзига хос иқтисодий модел сифатида шу талабларга жавоб беришга қаратилган. Табиат билан уйғунликда фаолият юритиш, ресурслардан барқарор ва самарали фойдаланиш, энергия манбаларига тегишли муаммоларни ҳал этиш ва экологик хавфларни минималлаштириш – буларнинг бари «яшил» иқтисодиётнинг асосий мақсадлари бўлиб, улар барқарор ривожланишга эришиш учун зарур шарт-шароитлар яратишга ёрдам беради.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Бмтнинг Барқарор тараққиёт мақсадлари ҳамда Иқлим бўйича Париж битимига ҳам қўшилган. Ҳар иккала ҳужжат миллий ҳукуматлар зиммасига «яшил тараққиёт» талабларини бажариш мажбуриятини юклайди. Бу, эртами-кечми, «яшил» иқтисодиётга барибир ўтишимиз кераклигини англатади.
Ҳамюртларимизнинг фикр-мулоҳазалари, хоҳиш-истаклари атрофлича ўрганилиб, билдирилган тавсиялардан келиб чиққан ҳолда, бу борадаги ишларни янги, янада юксак босқичга кўтариш мақсадида 2025-йил юртимизда «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» деб эълон қилинди. Президентимизнинг «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони қабул қилинди ва унда бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Фармонга кўра, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича И ва ИИ тоифаларга мансуб корхоналарнинг экологик ишлаб чиқаришга ўтишдаги ҳаракатларини рағбатлантириш мақсадида 2025-йил 1-августдан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилиши назарда тутилди:
биринчи босқичда – атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторинги стансияларини ўрнатган корхоналарга:
табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан шаклланган қарздорликдан воз кечиш;
табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг
50 фоизигача бўлган қисмини икки йил давомида қайтариш;
иккинчи босқичда – мониторинг стансияларини ўрнатган корхона келгуси бир йил давомида чанг-газ ва локал сув тозалаш ускуналарини ўрнатганда, табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 70 фоизигача бўлган қисмини икки йил давомида қайтариш белгиланган.
Бунда мазкур бандда назарда тутилган имтиёзлар давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан бериладиган хулоса асосида тақдим этилади.
2025-йил 1-ноябрга қадар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан хўжалик фаолиятини юритувчи корхона ва ташкилотлар томонидан етказилган экологик зарарларни мажбурий суғурталаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгиланган. Шунингдек, фармон ижросини мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси зиммасига юкланган. Амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борилиши белгиланган.
«Яшил» иқтисодиёт инновацион ва экологик тозаликка асосланган модел ҳамдир. Чунки у энергия ва ресурслардан самарали фойдаланиш жараёнларини ишга солади. Бу ишлаб чиқариш жараёнларида хомашё ва энергия сарфини камайтириш орқали молиявий томондан фойда бериши ҳам мумкин.
Ўзбекистоннинг энергетика сиёсатида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган йўналишлар кўзда тутилган. Молиялаштириш соҳасида «яшил» молиялаштириш консепсияси жорий қилинди ва бу давлатнинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш йўлидаги муҳим қадамларидан биридир. «Яшил» иқтисодиётга йўналтирилган инвестиция миқдори ҳам юқори суръатларда кўпаймоқда.
«Яшил» иқтисодиёт консепсиясининг мақсади – барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва инвестициялар фаоллигини ошириш билан бир вақтда, атроф-муҳит муҳофазаси ва ижтимоий интеграция сифатини яхшилаш ҳисобланади. Бу табиатга зарар етказмасдан ва келажак авлодлар учун барқарор муҳитни сақлаб қолишга қаратилган иқтисодий тизимни барпо этишдир.
Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизда ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута экилиб, яшиллик миқёсини 2030-йилгача 30 фоизга етказиш мақсади белгиланган. Хусусан, экологик муҳит энг оғир бўлган Оролбўйида ҳозирги пайтда яшил қоплама 2 миллион гектардан ошди.
Юртимизда қуёш энергияси соҳасида инвестициялар аниқ динамика билан ўсмоқда. Масалан, Наманган вилоятидаги қуёш стансияси ва Тошкент вилоятидаги қуёш панеллари лойиҳалари амалга оширилган. Бундай лойиҳалар мамлакатимизда энергия самарадорлигини оширишга ва углерод эмиссиясини камайтиришга катта ҳисса қўшади.
Мамлакатимизнинг энергетика секторидаги ислоҳотлар, янгиланадиган энергия манбаларига сармоялар киритиш, қуёш ва шамол энергиясини фаол жорий этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик – буларнинг барчаси юртимиз иқтисодиётини экологик жиҳатдан тозалаш ва узоқ муддатда барқарорлаштириш учун қўйилаётган муҳим стратегик қадамлардир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, республикамизнинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёни энг муҳим ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган илғор ташаббуслар билан қувватланмоқда. Уни амалиётга татбиқ этиш мамлакатимизнинг экологик хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, табиий ресурсларни тежаш имконини бериш билан бир қаторда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларининг ривожланишида, аҳолимиз фаровонлигининг янада ошишида алоҳида аҳамият касб этади.
Сарвар СОБИРОВ,
ўз мухбиримиз.
