Бир камбағал ҳинд аёли ҳар куни эрталаб икки дона нон пиширарди. Бири оила аъзолари учун, иккинчиси эса қўшимча, тасодифий йўловчилар учун. У ҳар доим иккинчи нонни дераза токчасига қўяр, ўтиб кетаётган ҳар ким ундан баҳраманд бўлиши мумкин эди.

Аёл токчага нон қўяр экан, яхшироқ даромад олиб келиш учун уйдан чиқиб, дом-дараксиз кетган ўғли учун дуо қиларди. У бир неч ой давомида дилбанди қаэрда, қай аҳволда эканини билмасди. Шунчаки ўғлининг соғ-омон қайтишини сўраб ибодат қиларди.

Тез орада аёл деразадаги иккинчи нонни бир букур одам келиб, олиб кетаётганини пайқаб қолди. Бироқ бу киши миннатдорлик сўзлари ўрнига фақат: «Қилган ёмонлигинг ўзингда қолади, яхшилигинг эса қайтади!» деб ғўлдирар ва йўлида давом этди.

Уй бекаси бу ҳолатни яна бир неча кун кузатди. Бирон марта ҳам миннатдорлик эшитмагани учун жаҳли чиқди. Ундан кўра нонни бошқа бир йўловчи олиб, ташаккур билдириши ва дуо қилиши мумкинлигини ўйлади. 

– Бу букур ҳар доим бир хил гапни айтади! Бу билан нимани назарда тутар экан? – ҳаёлидан ўтказди у.

Кунлардан бирида бу вазиятдан аччиқланган аёл, букурдан қутулишга қарор қилибди ва иккинчи нонга заҳар қўшиб тайёрлабди. Аммо уни деразага қўймоқчи бўлганида бирдан қўллари титраб кетибди. «Нималар қиляпман ўзи?» – ўз қилмишидан уялибди у ва шу заҳотиёқ заҳарли нонни оловга ташлаб, бошқасини тайёрлабди ва токчага қўйибди.

Одатга кўра уй ёнига келган букур одам ўз насибасини олибди ва яна ўша сўзларни такрорлабди: «Қилган ёмонлигинг ўзингда қолади, яхшилигинг эса қайтади!»

Ўша куни оқшом маҳали кимдир эшикни тақиллатибди. Аёл очиб қараса, остонада ўғли турган эмиш. Унинг кўриниши бир алфозда: озиб-тўзиб кетган, сочлари ўсган, жуда заиф ва ҳолсиз аҳволда эди. 

– Онажон, – деди у, – қаршингизда турганимнинг ўзи бир мўжиза! Уйга қайтиш йўлида бор ишлаб топган пулларимни ўғирлаб, мени эса дўппослаб, овлоқ бир жойга ташлаб кетишди. Бир неча кун ҳушсиз ётдим, сўнгра ўзимга келиб, оч-наҳор йўл босдим. Уйдан атиги бир чақиримча узоқда очликдан мадорсиз ётганимда бир букур киши мени кўриб қолибди. У менга ғамхўрлик кўрсатиб, яраларимни боғлади ва қўлидаги биргина нонни мен билан баҳам кўрди. Агар шу одам бўлмаганида, ҳалок бўлишим тайин эди...

Бу сўзларни эшитган она ўғлини маҳкам бағрига босибди, ранги докадек оқариб, тонгда тайёрлаган заҳарли нонни ёдга олди. Ахир уни оловга ташламаганида, ҳозир ёлғиз зурриёдидан ажраб қолган бўларди. Она бу даҳшатли ҳаёлдан ўзи қўрқиб кетибди.

Ана ўшандагина аёл букур айтган сўзларнинг асл маъносини англаб етди: «Қилган ёмонлигинг ўзингда қолади, яхшилигинг эса қайтади!».

Қиссадан ҳисса:

Ҳар доим фақат ва фақат яхшилик, эзгу амал қилишга интилинг. Кимгадир ёмонлик қилишдан қочинг. Босилган ҳар бир қадам инсонни бахт ёки мусибат сари бошлайди. Шунчаки бу одимни тўғри ёки нотўғри қўйиш ўзимизга боғлиқ! 

Рус тилидан 

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.