Мен Чилонзор тумани ИИОФМБ 2-сонли ИИБ ҲПБ инспектори лавозимида хизмат қиламан. Болалигимдан китобларни севиб мутолаа қиламан. Бу одат ҳамон мени тарк этгани йўқ. Иш столимда доим бирор адабиёт туради. Яхши асарларни бошқаларга ҳам илинаман. Ўқишларини тавсия қиламан. Ҳамкасбларим бу одатимни яхши билишади. Тизимда ўтказиб келинадиган китобхонлик танловларида фаол иштирок этаман.
Маълумки бирор китоб ўқиган киши, анчагача унинг таъсирида юради. Менда ҳам худди шундай бўлади. Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам асарларини шунчаки ўқиш мумкин эмас, чунки ҳар битта жумла — ребус, ортида бир дунё фикр ётади. Уларни тушуниб етиш учун ҳар бир жумланинг калитини топишга, мағзини чақишга тўғри келади. Акс ҳолда, қониқиш ҳиссини туймайсиз. Асарларни тушуниш йўлида ўқувчидан нафақат кенг дунёқараш, тафаккур, балки ғайриоддий қарашга ҳам эга бўлиш талаб этилади. Ижодкорнинг «Яхшиям, сен борсан» ҳикояси ҳам ана шундай маҳорат билан ёзилган.
Дунё одамзодни бозор каби алдайди, алданади, ўғирлайди, ўғирлатади, олади, беради, сотади, сотиб олади... Бозорга кириб қолган киши вақт ўтганини билмай қолади. Киришга киради-ю, чиққиси келмайди. Кезган сари кезгиси, айлангиси, имкони бўлса, қолгиси келаверади. Ҳикоя қаҳрамонлари Юсуф ва Зулайҳо ҳам кириш бор-у, чиқиш йўқ «бозор» чангалига тушиб қолади…
Асарда айтилаётган бозор чиндан ҳам дунё рамзи. Бозорга кирдикми, яъни
дунёга келдикми, расталарни айланамиз, турфа хил нарса-буюмларни, яхши-ёмон одамларни кўрамиз. Икки севишган каби уларнинг жим-жимасига алданамиз. Оқибатда чиқиш йўлини излаётганимизни, асл мақсадимиз нима эканини буткул унутамиз.
Асар қаҳрамони Зулайҳо бекорга зеб-зийнат, Юсуф эса бошқарманинг қутқусига учмади. Аёл киши чиройли ялтир-юлтур нарсага, асосан тилла буюмларга ўч бўлади. Бундай нарсага ҳавасланмайдиган, кўзи куймайдиган аёл бўлмаса керак. Эркаклар эса бошқарувга, юксак мавқега, қудратга ишқибоз. Эркакни айни шу омиллар билан маҳлиё қилиш осон эди. Шу сабабдан ҳам йигит ва қизни йўлдан оздириш учун айни шу нарсалар йўлиқтирилди.
Инсон яшашда давом этаркан, у турли синов-имтиҳонларга дуч келади. Ёнида ақлли ва доно, бирозгина жасоратли яқин инсони бўлса, бундай синовлардан ўтиши осон кечади. Юсуф ва Зулайҳо бир-бири учун ана шундай инсон вазифасини ўтади.
Ҳикоядаги чиқиш йўли қабристон орқали ўтилиши ҳам бежиз эмас. Инсон бу дунё ғалваларидан вафотидан сўнг қутулади. Фақат қандай виждон билан, қандай яхши-ёмон амаллар билан чиқиб кета олиши унинг танловига боғлиқ. Зулайҳо ўткинчи ҳавасларга берилиб, Юсуф кибр-ҳавога йўлиқиб қолишлари ҳам мумкин эди. Аммо иккиси ҳам бир-бирига қўлдош бўлиб бундай хавфдан қутулиб қолади ва тоза виждон билан ўз йўлларини топиб боради...
Китобдан олган таассуротларим бир олам. Энг асосийси, нима бўлганда ҳам, нима бизни йўлдан чалғица ҳам, мақсадимиздан қайтмаслигимиз, йўлимизни йўқотмаслигимиз жуда муҳимлигини янаям теранроқ англаб етдим.
Диёра РАИМОВА,
лейтенант.
Тошкент шаҳри.
