Ўзбекистонда тарихий ёдгорликлар ва туризм ҳақида сўз борганда, биринчи навбатда, Самарқанд, Бухоро, Хива каби УНЕСCО рўйхатидан ўрин олган шаҳарлар кўз олдимизга келади. Зеро, Тошкент, Қўқон, Андижон, Шаҳрисабз – бу охири йўқ замонавий шарқ эртаги. 

Юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар ўз саёҳатларини, аввало, Тошкент шаҳридан бошлайди. Тошкент шаҳри­нинг қадимги номлари турли манбаларда турлича келтирилган: Чоч, Бинкат, Шош. Тошкент номи илк бор Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғотит-турк» асарида учрайди. 

Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида жойлашган қадимги Кайковус анҳори бўйидаги Ҳазрати Имом мажмуаси турли даврларда қурилган меъморий обидалар жамланмасидир. 

У тошкентлик машҳур диний олим, шофеий мазҳабининг имомларидан, қорахонийлар­нинг раҳнамоси Абу Бакр Муҳаммад Қаффол Шошийнинг мақбаралари атрофида дунёга келгани учун Ҳазрати Имом номи билан аталади.

Ер юзининг сайқали, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд доимо ўзига сайёҳларни чорлаб келган. Самарқанд тарихда бўлгани каби, бугун ҳам бутун дунёдан ўзига одамларни жалб қилмоқда. 

Самарқанд шаҳрига эра­миздан аввалги ВИИИ асрда асос солинган. Қадимдан Форс империяси таркибидаги Сўғд вилояти маркази ҳи­собланган. Дастлаб Самар­қанд ҳозирги Афросиёб археологик ҳудудида мавжуд бўлган. 

ХИИИ асрда мўғуллар ҳужумидан катта талафот кўрган шаҳар кейинчалик одамлар кўчиб кетиши оқибатида бўшаб, харобага айланган. ХИВ асрда Амир Темур ҳукмронлиги йилларида шаҳар ўз қуд­ратининг чўққисига чиққан.

Нафақат Самарқанднинг, балки бутун Ўзбекистоннинг рамзи бўлган Регистон майдони шаҳарнинг ташриф қоғози ҳисобланади. Самарқандга борган киши борки, Регистон ансамблини кўрмасдан қайтмайди. Регистон майдони Самарқанднинг маркази ҳисобланган. У ерда бозор мавжуд бўлган. ХВ асрда Мирзо Улуғбек бу ерда мад­раса, хонақоҳ, карвонсарой қурдирган. 

ХВИИ асрга келиб Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир Улуғбек мадрасаси рўпарасида, хонақоҳ ўрнида катта мадраса қурдирган. Пештоқидаги шер тасвири туширилган безаклари учун халқ орасида Шердор номи билан машҳур. Майдоннинг ғарбий қисмида Мирзойи карвонсаройи ўрнида Ялангтўш Баҳодирнинг иккинчи мадрасаси бор.

Самарқанднинг яна бир жавоҳири Амир Темур мақбараси бўлиб, у ХВ асрнинг бошига оид. Дастлаб бу ерда Амир Темурнинг невараси ҳамда тахт вориси Муҳаммад Султон бир мадраса ва бир хонақоҳ қурдирган. Икки бино бир-бирига қарама-қарши қилиб қурилган. 1403-йилда Муҳаммад Султон Шомда вафот этади. Темур невараси учун ушбу мажмуа ҳудудида мақбара қуришни буюради. 

Самарқаднинг муқаддас қадамжолари орасида, шубҳасиз, Қусам ибн Аббос мақ­бараси етакчи ҳисобланади. Ушбу мақбара Шоҳи Зинда архитектура мажмуасининг таркиб топишида марказий рол ўйнаган. Чунки айнан шу мақбара атрофида ке­йинчалик кўплаб мақ­баралар бино қилинган. Мажмуа ХИ–ХХ аср­лар мобайнида шакл­ланиб борган. Дастлаб ХИ–ХИИ аср­ларда, қора­хонийлар ҳукм­ронлиги даврида мақбаралар қурилган. 

Қуббат-ул ислом – Бухо­ройи шарифнинг ёшини та­рихчилар 

2500 йилдан кўпроқ деб ҳисоблайди. Бухоро воҳасида жуда қа­дим замонлардан бир қан­ча йи­рик шаҳарлар бўлган: Пойкент, Ромитон, Варахша ва Вобкент шулар жумласидан. 

Бухоро­да сомо­нийлар ва қорахоний­лар даврида кўплаб қурилиш иншоотлари, мадраса­лар, масжидлар, жамоат бинолари, ҳаммомлар қурилди. Марказий Осиёдаги илк мадраса ҳам айнан Бухо­рода қурилган бўлиб, у Фаржак деб номланган. Ушбу бинолардан кўпчилиги мўғуллар босқини пайтида бузиб ташланди. Мўғуллардан олдинги қурилишлардан Исмоил Сомоний мақбараси, Минораи Калон, Вобкент минораси, Мағоки аттор каби иншоотлар сақланиб қолди.

Бухорога ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ Исмоил Сомоний мақбараси, Пойи калон мажмуаси, Ситораи Моҳи-Хоса саройини албатта бориб кўради. Исмоил Сомоний мақбараси ИХ–Х асрлар ноёб ёдгорлик мажмуаси ҳисобланади. Бироқ Бухоронинг ташриф қоғози, шубҳасиз, Пойи Калон маж­муасидир. Мажмуа Арслонхон минораси, Катта жоме масжиди ва Мир Араб мадрасасидан ташкил топган. Мажмуадаги энг қадимий бино бу халқ орасида Минораи Калон, яъни Катта минора деб юритиладиган Арслонхон минорасидир. Минора 1127 йилда қорахонийлар ҳукм­дори Арслонхон Муҳаммад буйруғига кўра, Уста Бақо бошчилигидаги қурувчилар томонидан қурилган. 

Ўрта асрлар шаҳарлари қиёфасини ҳанузгача сақлаб келаётган Марказий Осиёдаги ягона шаҳар – ХИВА. Хива­нинг номи Х асрдан бошлаб ҳужжатларда тилга олина бошлайди. Масалан, Х асрда яшаган тарихчи Истаҳрий Хивани ўша даврнинг энг йирик 30 та шаҳридан бири, дейди. Шаҳар номи Ичан қалъада жойлашган Хейвақ қудуғидан олинган. Бундан ташқари, осетин тилидаги «Хиаув» қалъа сўзидан ёки антик даврда шаҳар яқинида оқиб ўтган Хейканик, ҳозирги Полвонёп канали номидан келиб чиққан, деган қарашлар ҳам мавжуд. Хива шаҳри ХВИ–ХХ асрларда Хоразм (Хива) хонлигининг пойтахти вазифасини ўтаган.

Хива шаҳридаги Ичан қалъа меъморий мажмуаси ички шаҳар демакдир. ХИХ аср бошида шаҳар аҳолиси кўпайгач, одамлар девор ташқарисига чиқиб ўрнаша бошлаган. Шунда Хоразм хони Муҳаммад Раҳимхон И ташқаридаги аҳолини ташқи ҳужумлардан асраш мақсадида иккинчи деворни тиклатади. Шу тариқа шаҳар икки қисмга: Ди­шан қалъа (ташқи шаҳар) ва Ичан қалъа (ички шаҳар)га бўлинади. Аммо ташқи деворлар 

ХХ асрда шаҳар кенгайиши натижасида бу­зиб ташланган. Дишан қалъа­нинг бир нечта дарвозалари сақланиб қолган. Ичан қалъа эса деворлари таъмирланган ҳолатда сақланиб қолган.

Ички ишлар органларида ҳам юртимиз тарихини ўрга­нишга алоҳида эътибор қаратилади. Хусу­сан, ходимларнинг маънавий-маърифий билимларини ошириш, уларни миллий қадриятларга содиқ баркамол шахс сифатида тарбиялаш мақ­садида ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти томонидан «Маънавият маршрутлари» ишлаб чиқилган. Унга асосан, ходимлар юртимизнинг диққатга сазовор жойлари, музейлар, маънавият ва маърифат масканлари, тарихий ҳамда маданий обидаларига ташриф буюришади. 

Мамлакатимиздаги асрлар юкини кўтариб келаётган мавжуд тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар барчамизнинг ғуруримиз. Улар бизга аждодлардан қолган буюк мерос. Зеро, уларни асраб-авайлаб, келажак авлодларга бус-бутун етказиш барчамиз учун муҳим вазифадир. 

Сарвар СОБИРОВ,

ўз мухбиримиз.