Миллий давлатчилигимиз вужудга келиши ва тараққий топган даврларда ҳарбий соҳада эришилган ютуқлар шон-шуҳратини тарихий далиллар асосида замондошлар онги, хотирасида мустаҳкамлаш ва имкон қадар кенг оммага, айниқса, ёш-авлодга етказиш, уларнинг дунёқарашлари, қалбларида миллий қадриятлар руҳи, миллат тамаддунига дахлдорлик, она Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, буюк саркардаларимиз мерос қилиб қолдирган бой жанг санъати сирларини ўрганиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 17-ноябрдаги “Ҳарбий тарихни ўрганиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди. Соҳибқирон Амир Темурнинг бешинчи авлоди Заҳириддин Муҳаммад Бобур айни шундай буюк саркардалардан эди.

Заҳириддин Бобурнинг (1483-1530) 47 йиллик умри давомида тарих ва адабиётда улкан из қолдирган. Саркарданинг қирралари шунчалар кўпки, уларни бугунги авлодга етказиш ўтмишдаги қадриятларимизни тиклаш, ундан баҳраманд бўлиш, ёшларда юксак ватанпарварлик руҳиятини тарбиялаш каби долзарб масалаларда алоҳида ўрин тутади. Айниқса, унинг ҳарбий санъати ва саркардалик маҳорати жаҳон тарихида муҳим ўрин тутади.

Бобур деган ном “йўлбарс” ёки “шер” деган маънони англатиб, жангдаги жасорати учун берилган эди. У ҳарбий жасорат ва зеҳнга эга иқтидорли ҳарбий раҳбар эди. Оъз даврининг буюк саркардаси сифатида ўзини кўрсатиб, турли жангларда ўзининг ҳарбий салоҳияти ва стратегик тафаккури билан душманларига устун келган. У нафақат жанг майдонларида ғалабага эришган, балки ўз қўшинларини бошқаришда ҳам улкан ютуқларни қўлга киритган. Унинг ҳарбий маҳорати турли омиллар орқали намоён бўлган, уларни батафсил таҳлил қилиб чиқамиз.

Ҳарбий қўшин бошқаруви ва муваффақияти

 Бобур ҳаётининг асосий қисмини жанглар ва юришларда ўтказди. У дастлаб Фарғона водийсида кичик бир ҳудудга эгалик қилган бўлса-да, кучли рақобатчиларга қарши муваффақиятли кураш олиб бориб, Самарқандни эгаллашга муваффақ бўлди. Гарчи бир неча бор мағлубиятга учраса ҳам, Бобур ўзининг қатъияти, тактик маҳорати ва қўшинларини бошқариш борасидаги салоҳияти билан Ҳиндистон заминида буюк империя барпо этди. Ҳиндистонга юриш чоғида қўшинни доимо жанговар шайлигини юқори даражада ушлаб турган. Уруш оралиғида курашчилар мусобақасини ўтказган, ҳатто бу спорт тадбири янада жонли ўтишини истаб, ўзи таъкидлаганидек, “хилофи қоида” “аввал зўрроқларни” майдонга чорлаган.

Панипат жангида (1526) Бобур ўзининг энг катта ҳарбий муваффақиятларидан бирини қўлга киритди. У ўзининг тўплардан самарали фойдаланиш стратегияси билан ҳиндистонлик саркарда Иброҳим Лодийнинг кўп сонли қўшинини тор-мор этди. Бобур жанг майдонини олдиндан тайёрлаб, туркча “қароргоҳ мудофаа тизими”ни қўллаган. Бу тизим бўйича тўплар ва аравалар қатор-қатор жойлаштирилган, жангчилар улар орасида ҳужумни бошқарган. Бу стратегия душман қўшинларини ваҳимага солиб, Бобур қўшинига катта ғалаба келтирди. Панипат жангидан кейин Бобур Канва жангида (1527) ҳиндистонлик Ражпут саркардаси Рана Сангага қарши курашди. Бу жангда Бобур яна тўплар ва отлиқ қўшинлардан фойдаланиб, Ражпутлар жанговар руҳини сусайтириб, уларни мағлуб қилди. Ушбу жанг унинг Ҳиндистон шимолидаги ҳукмронлигини мустаҳкамлади.

Жанг тактикалар

Бобур жангларда ўзининг ноёб ва замонавий усулларидан фойдаланган. У Марказий Осиёда ўрганган ва форс жанг тактикаларини ҳинд шароитига мослаштира олган. Қуйида Бобур қўллаган баъзи асосий усуллар келтирилади:

Тулпор тактикаси –  Ушбу усул душманни чалғитиш ва тезкорлик билан зарба беришга асосланган. Бу тактика, айниқса, қаттиқ қаршилик кўрсатган душманларга қарши муваффақиятли бўлган. 

Тўплардан самарали фойдаланиш – Ҳиндистон заминида жангда тўплардан кенг фойдаланиш янгилик эди. Бобур ушбу қуролни самарали бошқариб, душман қўшинларини чўчитиб, уларнинг ҳаракатини издан чиқаришга муваффақ бўлган.

Аравалар мудофааси –  Аравалардан қалқон сифатида фойдаланиш орқали душман ҳужумларини қайтариш ва ҳимояланган ҳолда қарши ҳужум қилиш имконини яратган.

Қўшин таркиби ва ташкил этилиши

Бобур қўшини ўзининг интизом ва ташкилотчилиги билан ажралиб турган. Ҳарбий қўшин ҳарбий малакани аниқлаш ва такомиллаштириш мақсадида ҳар йили кўрикдан ўтказилган. У қўшинини қуйидаги асосий бўлинмаларга ажратган:

Суворийлар (отлиқ аскарлар) – Жангда энг асосий ҳарбий куч бўлиб, уларнинг ҳаракати ва тезкорлиги душман сафини бузишда муҳим аҳамиятга эга эди.

Пиёда аскарлар – Суворийларга ёрдам сифатида жангга кирган пиёдалар душманни тўхтатиш ва асосий ҳужумни қўллаб-қувватлаган.

Жангчи филлар – Ҳиндистоннинг ўзига хос ҳарбий анъаналаридан фойдаланиб, филларни жанг майдонида стратегик жойларда ишлатган.

Тўпчилар ва ўқчилар – Бобур қўшини қурол-яроғ билан яхши таъминланган бўлиб, бу уларга замонавий жанг усулларидан фойдаланиш имконини берган.

Денгиз ва дарё флоти – Ҳинд дарёлари ва қирғоқ ҳудудларида жанг қилиш учун махсус флоти ташкил қилинган.

  Бобур жангларда фақатгина қўшинларни бошқарибгина қолмай, жанг майдонида шахсан иштирок этган. Унинг жасорати ва қўрқмаслиги аскарлар учун улкан руҳий мадад бўлган. У қаттиқ вазиятларда тезкор ва самарали қарорлар қабул қила олган, бу эса унинг қўшинларига ишонч бағишлаган.

Бобур ўзининг ҳарбий муваффақиятлари билан Ҳиндистонда ўз салтанатини қурди ва унинг асосчиси сифатида тарихда муҳим ўрин эгаллади.

 

Англиялик ёзувчи Румер Годен: “Бобур бунёд этган давлат гарчи боболариники сингари бепоён минтақаларга ёйилмаган бўлса-да, у ўз салтанатининг султони, буюк императори даражасига кўтарилди. Ўз мулкида бошқарув тизимини маҳкам тутиб, уни моҳирлик билан идора қилди. Бу ўлкани 332 йил давомида маҳорат билан бошқарган буюк сулолага асос солди” деб таъриф берган эди.

 Унинг жанг тактикалари ва усуллари нафақат Бобурийлар салтанати даврида, балки кейинги асрларда ҳам аҳамиятини йўқотмаган. Унинг “Бобурнома” асарида ҳарбий юришлар ва жанглар тафсилотлари акс этгани эса тарихчилар учун ноёб манба бўлиб хизмат қилмоқда.

  Бугун бизнинг олдимизда ҳарбий сифатида Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсий сифатларидан ўрнак олиш турган бўлса, тарихчи сифатида унинг меросини чуқур тадқиқ этиш, филолог сифатида эса олиб борилаётган тадқиқотларни жаҳонда энг оммалашган хорижий тилларга таржима қилиб, танитиш долзарб бўлиб турибди.

 

Валишер АБИРОВ

Тошкент давлат шарқшунослик университети

катта ўқитувчиси, Пҳд

 

Шахзода БЕКПЎЛАТОВА

Тошкент давлат шарқшунослик университети

талабаси