Ўзбекистон ифтихори


Гулжаной НАИМОВА 2001 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. Ўн йилдан буён паратаэквондо билан шуғулланади. Паратаэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Юртимиз тарихида илк бор паратаэквондо бўйи­ча Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган спортчи. Бир қатор халқаро мусобақалар ғолиби, ХВИ Паралимпия ўйинларининг паратаэквондо бўйича олтин медал ҳамда «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони соҳибаси. 

Таҳририятимиз ҳовлисига Президент совғаси деган ёрлиқли «Таҳоэ» автомашинасини бошқариб, ХВИ Паралимпия ўйинларининг паратаэквондо бўйича олтин медал соҳибаси Гулжаной Наимова кириб келди. Чемпион билан «Маънавият ва маърифат» хонаси томон одимлар эканмиз, йўлакда бизга дуч келган ҳар бир ҳамкасбимизнинг нигоҳида ҳавас ва фахр балқиб, илиқ саломлашиш асносида кимдир «Балли, чемпион» деса, кимдир «Юртимизнинг олтин қизи – бу», яна кимдир «Биз сиз билан фахрланамиз», деди. 

Ғолиблик ҳаяжони тарк этиб улгурмаган истараси иссиқ, самимий, очиқкўнгил Гулжаной билан суҳбатимиз худди аввалдан қадрдонлардек тезда қовушди. У спортга кириб келиши, устозларининг қимматли ўгитларию машғулот машаққатлари, мағлубият аламлари, доим ғалабага ишонч уйғотувчи меҳридарё онаси, ғолиблик шоҳсупасида, Президентимиз билан учрашганида кўнглидан кечган ҳис-туйғуларни ҳеч қандай саволларга ўрин қолдирмай, ниҳоятда чиройли лутфда ифода этди.

  

ҚИЗИМ, ТЎМАРИСНИНГ ЮРТИДАНСАН!

 – Аввало, инсон у спортчи бўладими, санъаткорми, ўқитувчими, қурувчими йўл қўйган хатоларидан тўғри хулоса чиқариб, уларни такрорламасликка ҳаракат қилиши керак. Шунда, албатта, муваффақиятга эришади. 

Тушунаман, ҳар қанақасига мағлубият ниҳоятда оғир, аламли. Айниқса, нуфузли спорт мусобақаларида. Бироқ ютқизган спортчи ҳаммаси тугади, деб эмас, ҳали ҳаммаси олдинда, деб йўлида давом этиши керак. Мен ҳам 2019 йилда жаҳон чемпионатида бразилиялик Дебора Безерра де Менезесга олтин медални бой бериб қўйганман. Бу мағлубият оғриқлари фақатгина ўзимга аён. Аммо мен ортга чекинмадим. Фақат ва фақат олдинга интилдим. Мураббийимнинг кўрсатмалари ва машғулотлар залида ўтган ҳар дақиқадан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдим. 

Кўпинча онамдан жароҳатларимни яшираман. Чунки дарров «Қизим, қўлинг лат едими, оёғинг кўкарибди», дея жонсарак бўлиб қоладилар. Ўтиб кетади, она, арзимаган нарса, деб қўя қоламан. Бироқ ҳар гал мусобақага мурабби­йим маҳорат жиҳатдан тайёрласа, онамнинг «Ота-боболаринг кураги ерга тегмаган паҳлавонлар бўлган. Сен илиги тўқ, шахти баланд Тўмарис юртидансан. Алпомиш, Барчиной авлодисан», деган сўзларидан жисмоний имкониятларимни янада кенгайтиргувчи куч-қувват оламан. 


 СПОРТДА ЭНГ БАЛАНД ЧЎҚҚИ – ОЛИМПИАДА

– Токиодаги энг сўнгги финал жангида бразилиялик Дебора Безерра де Менезесга қарши даянга чиқишим керак. Мени «Сен бугун албатта ғолиб бўлишинг керак, мағлуб бўлишга ҳаққинг йўқ», деган ички бир овоз бошқарарди. Тўғри, бироз ҳадик, қўрқув ҳам йўқ эмас. Бу сафар бор имкониятларимни ишга солиб, рақибимдан устун эканлигимни кўрсатишим керак. Шундай бўлди ҳам. Энди натижани эълон қилиш қолди. Ўша вақтдаги ҳаяжонимни таърифлаб беролмайман.

Учинчи, иккинчи ва ниҳоят биринчи ўринни эълон қилишди: Ўзбекистон, Наимова Гулжаной! Биласизми, Ўзбекистон деган чақириқ бутун вужудимга титроқ солди. Хурсандчиликдан ўзимни йўқотиб қўяёздим, ишонасизми, кўз ёшларимни тия олмасдим... 

Ҳар бир инсоннинг ҳаётда ўз олдига қўйган мақсадлари, орзу-истаклари бўлади. Спортчи кўзлаган энг баланд чўққи бу – олимпиада. Ва унда ғолиб бўлиш. Мен бу маррани забт этган эдим.


КУЧЛИ ИРОДА, ЧИНАКАМ САБР-МАТОНАТ БИЛАН

– Синфдош дугоналарим билан гимнастика тўгарагига қатнашганимда ўн ёшда эдим. Қарасам, улар қўшимча таэквондо машғулотларига ҳам қатнаяпти. Уларга қўшилиб мен ҳам спорт залига бордим. Кузатиб турдим, машғулотлар жуда мароқли, улар оппоқ кийимда, худди оққушларга ўхшарди. Очиғи, уларга боқиб роса ҳавас қилдим. Ҳусан акамга эргашиб, таэквондо машғулотига боришни бошладим. Акам жуда меҳрибон, доим кўнглимга қараб, мени авайлайди. Аммо ўшанда «Сенга мумкинмас, сени чап қўлинг ҳимоя қилолмайди», дея мени бу йўлдан қайтаришга уриниш акам учун осон кечмаганини бугун ич-ичимдан ҳис этаман. Мен эса машғулотларни канда қилмадим.

 Кейинчалик таэквондо бўйича туман ва вилоят мусобақаларида иштирок эта бошладим. Пойтахтга чақиришди. Ҳозирги мураббийим Бобур Қўзиев билан кўришдик. Халқаро меъёрларга кўра, синовдан ўтдим. Илк мусобақам Кореяда бўлиб ўтган Осиё чемпионати бўлди. Унда фахрли иккинчи ўринни олиб, устозларим ишончини оқладим. Ва катта спортга кириб келдим. 


ОТАЛАРЧА МЕҲР, ҒАМХЎРЛИК УЧУН ТАШАККУР!

– Мен ғалабамнинг ҳақиқий сурурини ўз она Ватаним – Ўзбекистонда, бизни тантанали кутиб олиш маросимига йиғилган юртдошларимизнинг юз-кўзидаги шод-хуррамликда ич-ичимдан туйдим. Айниқса, муҳтарам Юрт­бошимиз билан учрашганда, «Сизнинг жангларингизни ўзим кузатдим. Очиғи, сўнг­ги жангингизни охиригача кўролмадим, ютқазиб қўймасин деган кучли ҳаяжон бор эди. Хайрият, муросасиз курашда ғалаба қозониб, барчамизни қувонтирдингиз. Сизнинг ғалабангиз бизга жуда катта куч-қудрат берди» дея оталарча меҳр, эътибор ва ғамхўрлик билан билдирган фикрларидан келгусидаги мусобақаларда ҳам юқори натижаларни қўлга киритишга ундовчи иштиёқ олдим. Ҳали бери спортни тўхтатиш ниятим йўқ, бу бошланиши, албатта. 

Шундай экан, олдинда мени катта-катта спорт мусобақалари кутяпти. Менинг Ватаним Ўзбекистон, мен ўзбекман, шу заминнинг бир заррасиман! Мана шу улуғ туйғу билан Она юртим байроғининг масрур ҳилпираши, мамлакатимиз мадҳияси баланд пардаларда янграши учун бор имкониятим, маҳоратимни сарф этаман!