Музейлар аждодларимиздан бизга мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина бўлиб, аждодлар ва авлодлар ўртасида кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Шу билан бирга, музейлар мамлакатнинг маданий қиёфасини кашф этишда ҳамда халқимизнинг ўзлигини намоён қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўз навбатида, музейлар аждодларимиздан бизгача етиб келган маданий меросимизни келажак авлодларга етказиш, мардлик, ҳалоллик, умуминсоний ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларимизни номоддий маданий меросга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
1977 йилдан буён анъанавий тарзда 18 май куни “Халқаро музейлар куни” сифатида кенг нишонлаб келинади. Афсуски, айни пайтда дунёда ҳукм сураётган коронавирус пандемияси сабаб Халқаро музейлар кунини жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирокида оммавий тарзда кенг нишонлашнинг имкони йўқ. Шундай бўлса-да, соҳа мутахассислари ушбу кун муносабати билан Зоом иловасида семинар-тренинглар ўтказиб, «Виртуал музей» лойиҳасини тавсия қиляпти.
18 майда Халқаро музейлар кунига бағишлаб Ўзбекистондаги барча музейларда қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. «Очиқ эшиклар» куни тадбирларида барча музейлар кенг аҳолига бепул хизмат кўрсатади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Темурийлар тарихи давлат музейи ҳам барча юртдошларимиз ва мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳларни музейга таклиф этади.
Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 июлдаги “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 189-сонли Қарорига кўра, ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари 18 ёшгача бўлган болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллексияларини кириб кўриш учун давлат музейларига бепул киритилади.
Адолат ФАЙЗИЭВА.
