Энг биринчи пиёдалар ўтиш жойлари қадимги Римнинг Помпей шаҳрида бундан икки минг йил олдин пайдо бўлган. Археологлар томонидан топилган мазкур ўтиш жойлари йўлдан баландроқ бўлган ва йирик тошлардан терилган. Натижада бу пиёдалар йўлдаги лой ёки сувга оёқ босмай ўтишига хизмат қилган, шу билан бирга, аравалар ғилдиракларини тошлар орасидан ўтказиши кераклиги сабабли тезликни пасайтиришга мажбур бўлган. Бу замонавий «зебра»нинг илк кўриниши эди.
Ҳозирги кўринишдаги пиёдалар ўтиш жойи тарихи инсониятнинг йўлларни тартибга солиш эҳтиёжидан келиб чиққан. Биз ўрганган оқ-қора чизиқлар, яъни пиёдалар ўтиш жойининг «зебра» кўриниши 1950-йилда Англиянинг Слоу шаҳрида жорий этилган. У биринчи бор чорраҳада қўлланилган. Шундан сўнг, бу каби пиёдалар ўтиш жойлари «кўҳна қитъа»нинг бошқа давлатларида ҳам кенг оммалаша борган.
Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб йўлларда пиёдалар учун махсус светофорлар ўрнатилган. 1970-йилларда эса ер ости ва ер усти ўтиш йўлаклари қурила бошланди. Ҳозирги кунда пиёдалар ўтиш жойларини барпо қилишда замонавий технологиялар қўлланилмоқда. Бу пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларнинг қулай ҳаракатланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Феруз ЙЎЛДОШОВ,
ўз мухбиримиз.
