Александр Македонскийнинг устозларидан бири Лампсак шаҳрилик нотиқ ва тарихчи Анаксимен эди. У ёш шоҳга нотиқлик санъатини ўргатган, ҳатто шу мақсадда махсус дарслик ҳам ёзган эди.
Орадан йиллар ўтиб, македониялик Искандарнинг қўшинлари Шарққа юриш чоғида Лампсак шаҳри ёнида тўхтади. Ушбу шаҳар аҳлини ачинарли ҳолат кутаётган эди. Чунки ёш жаҳонгир уларнинг форсларга ён босишидан хабар топиб, қаттиқ ғазабланганди.
Ҳукмдорнинг қаҳридан қутилиб қолиш учун шаҳарликлар унинг ҳузурига Анаксименни элчи қилиб юборишди. Александр собиқ устози ундан шаҳар аҳлини афв этишини илтимос қилишини англаб Анаксименга:
– Қасам ичаманки, бу сафар сизнинг панду насиҳатингизга қулоқ солмайман ва илтимосингизни бажармайман! – деди.
– Эй шоҳаншоҳ! – деди шунда Анаксимен. – Сендан ўтиниб сўрайман: лампсакликларнинг хотинлари ва болаларини қул қилиб сот, уларнинг шаҳрини вайрон қил, ибодатхоналарига ўт қўй!
Македониялик Искандар қасамёдини бузмаслик учун лашкарини шаҳардан узоққа бошлаб кетди. У Лампсакни таламади, вайрон қилмади. Шаҳар аҳли эса миннатдорлик рамзи сифатида донишманд нотиқ шарафига унинг ҳайкалини ўрнатишди.
Рус тилидан Бобомурод ТОСНЕВ таржимаси.
