Кириб келаётган йил ҳодисаларга ва кескин ўзгаришларга бой ёрқин давр бўлиши кутилмоқда. Мовий ранг Шарқда энг беқарор ранг ҳисобланиб, шу сабабдан бу паллада ҳаётдаги туб бурилишларга тайёр туриш ва узоқ даврдан бери орзу бўлиб келган ўзгаришларни ваниҳоят амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.
Кутилаётган йилда янги билим, кўникма ва ихтисосликка эга бўлган ҳолда ўзини такомиллаштириш, иш жойини ёки лавозимни ўзгартириш, янги жойга ёки хонадонга кўчиб ўтиш ва ҳатто касб соҳасини алмаштириш ҳам омадли кечади. Асосийси, бундай кескин янгилик масъулиятини ҳис қилиб, ишни ярим йўлда қолдирмай, фақат олға илдамлаш талаб этилади.
Йўлбарс ўзига хос қайсар, саркаш, қизиқувчан ва қўрқмас ҳайвон бўлгани боис бу йил ҳар жабҳада ҳушёр, зийрак ва огоҳ бўлган маъқул. Сув унинг бу хусусиятларини бироз юмшатиб, жаҳл ва ғазабини бостиради, инсонларга адоватли муносабатини сўндириб, тинчлантиради.
Аслида, йўлбарс ёвуз жонивор эмас. Шунчаки у табиатан йиртқич ҳайвон бўлиб, ҳамма вақт ўз ўлжасини ва янги жойларни излаб фаол ҳаёт кечиради. Йил ҳам худди у каби ёрқин, жўшқин, кескин ва олдиндан билиб бўлмас шаклда ўтишни ваъда қилмоқда.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
