Ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд кишиларга кўмак бериш, уларнинг кўнглини кўтариш халқимизга хос эзгу қадриятлардан саналади. 

Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд ногиронларга ҳаётда кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласига алоҳида аҳамият бериб келинаётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган манзилли ижтимоий ҳимоянинг жойларда кенг қулоч ёяётгани бунинг исботидир.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни еттита кишидан камида биттасида муаян бир турдаги ногиронлик мавжуд. Барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини эса болалар ташкил этади.

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун, БМТ Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14-октябрдаги қарорига асосан ҳар йили «3 декабр – Халқаро ногиронлар куни» сифатида республикамизда ҳам кенг нишонланади.

Бу санани нишонлашдан мақсад – бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар ҳам бошқалар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этиши, уларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олиниши, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

«Постда» мухбири.