Бу йил кузда мен Ветнамнинг Дананг шаҳрига сайёҳлик йўлланмаси билан дам олишга бордим. Шундан сўнг Ветнам одамлар ҳаётида камида бир марта бориши керак бўлган мамлакатлардан бири деган хулосага келдим. 

Дананг мамлакатнинг марказий қисмидаги асосий курорт шаҳри ҳисобланади. У табиий ландшафтлари, тарихий диққатга сазовор жойлари ва замонавий хизматларнинг уйғунлиги билан сайёҳлар орасида тез оммалашмоқда. 

 Данангда мармар ҳайкаллари қад ростлаб туради. Шаҳарнинг қирғоқбўйи қисмида кўплаб кафе ва ресторанлар жойлашган. Кечқурун соҳил сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун дам олиш масканига айланади.

 Данангдаги Хон дарёси устига бир нечта кўприк қурилган бўлиб, улардан энг машҳури Аждаҳо кўприги ҳисобланади. Унинг узунлиги 666 метр бўлиб, транспорт қатнови учун 2013-йилда очилган.

 Ҳар оқшом қуёш ботганидан сўнг кўприк юзлаб чироқлар билан ёритилади. Узоқдан бу ажиб манзара касб этади. Айниқса, кўприкдан ёруғлик тўлқини ўтиб, чироқлар рангини ўзгартира бошлагани ҳайратланарли. Лекин асосий томоша жума, шанба ва якшанба кунлари соат 21:00 да бўлиб ўтади. Бу вақтда Аждаҳо оғзидан олов ва сув пуркаб, томошабинларга завқ беради. 

 Ветнам — бу қадимий ибодатхоналар, ажойиб табиат, йил бўйи илиқ денгиз, визасиз саёҳат қилиш имконияти деганидир.

 Саёҳатим давомида ветнамликлар ҳақида бир қанча қизиқарли маълумотларга эга бўлдим. Масалан улар қуёшда қорайишни ёқтирмас экан. Бу ерда одам териси қанчалик оқ бўлса, шунча чиройли деб ҳисобланади.

— Мамлакат аҳоли жон бошига шоли истеъмол қилиш бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. 

— Ветнамдаги энг кенг тарқалган транспорт воситалари скутер ва мопед ҳисобланади. —Ветнам миллий валютаси — донглар қоғоздан эмас, пластмассадан ясалган. Улар йиртилмайди, намланмайди ва деярли ифлосланмайди. 

Бу юрт қаҳва етиштириш бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Қаҳванинг деярли бутун ҳосили экспорт қилинади.

— Таъбир жоиз бўлса, Ветнамда йўл ҳаракати қоидалари фақат номига мавжуд, амалда эса ҳеч ким уларга риоя қилмайди. Бироқ ҳайдовчилар бир-бирларини ҳурмат қилган ҳолда ҳаракатланишади. Шаҳарда транспорт тезлиги соатига 50 километрдан ошмайди. Шу сабабли йўл-транспорт ҳодисалари деярли содир этилмайди. Бу борада бизнинг ҳайдовчиларимиз улардан ўрнак олишса, фойдадан холи бўлмасди.

— Ветнамлик оилаларда кўпинча фақат иккита бола бўлади, чунки учинчи бола учун катта солиқ тўлаш керак бўлади. Бироқ бу фақат шаҳар аҳолисига тааллуқлидир.

— Ветнам ҳудудида 7300 дан ортиқ тарихий ва меъморий обидалар, кўплаб қадимий анъаналар, урф-одатлар, маросимлар ва байрамлар сақланиб қолган.

 Ветнам Жануби-Шарқий Осиёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири ҳисобланади. Бу ерга жиноятчилик даражаси жуда паст. Мамлакат ҳар йили миллионлаб сайёҳларни қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда барча оилавий хавфсиз саёҳат қилиши мумкин. Ветнамликлар ҳам ўзбеклар каби меҳмондўст ва самимий, меҳнацевар, мақсад сари интилувчан ва тиним билмайдиган халқ. 

Ғайратулла Шукуров,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.