Африка қабилаларидан бирида қизиқ одати бор. Қабиладан кимдир ёмон иш қилиб қўйса, уни қишлоқ марказига келтириб қўйишади. Айбдорни ҳар тарафдан ўраб олиб, икки кун давомида унинг қилган барча яхшиликларини эслашади. Камига бунинг учун айбдорга миннатдорлик ҳам билдиришади.
Уларнинг фикрича, ҳар бир инсон дунёга яхшилик қилиш учун келади. Ҳамма ҳам севги, бахт, тинчлик ва хавфсизликни хоҳлайди. Баъзида одам билиб-билмай хатога қўл уриши мумкин. Бундай пайтда уларни жамиятдан ажратиб қўйиш, айбини юзига солиш, жазолаш ҳамма вақт ҳам тўғри қарор бўлавермайди. Мазкур қабила йиқилганга ёрдам бериш, тўғри йўлга тушиб олиши ва унга аслида ким эканлигини эслатиши учун шундай йўл тутишади ва бу ўзини оқлайди. Хато қилган киши яхши томонга ўзгариб, кейинги сафар ёмон ишга қўл урмайди.
