ХОТИРАНГИЗ ЧАТОҚМИ?
Кексаларнинг аксарияти хотираси заифлашганидан шикоят қилишади. Энг қизиғи, улардан болалик давридаги ёки 30-40 йил бурунги воқеалар ҳақида сўрасангиз, бехато жавоб беришади, лекин икки-уч кун аввалги воқеаларни сўрасангиз, баъзан кулиб, баъзан жаҳл билан «Кеча еган овқатим эсимда йўғ-у», дейишади.
Ақшнинг Бостон университети олимлари бу муаммонинг ечимини топиш устида изланмоқдалар. Улар ғаройиб усулни кашф қилишди. Гап миянинг муайян қисмларига кучсиз электр зарядлари ёрдамида таъсир қилиш ҳақида боряпти. Ҳозирча бундай усулда қисқа вақтга хотирани тиклашга муваффақ бўлинди. Тадқиқотлар давом этяпти.
ОКЕАННИ ҚУТҚАРИНГ!
Тинч океан ўртасида чиқинди уюмлари кўпаймоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрига қараганда, аҳвол шу зайилда давом этаверса, бошқа океанларда ҳам чиқиндилардан иборат кўплаб ороллар пайдо бўлади. Охир-оқибат эса ер юзидаги тирик мавжудотлар атом бомбасисиз ҳам бутунлай қирилиб кетади.
Олимлар бундай фалокатнинг олдини олиш учун махсус дастур ишлаб чиқишди. Дастлаб улар Дунё океанини майдони 100х100 километрдан иборат 25 мингта квадратга бўлиб чиқишди. Ҳар битта квадрат учун унинг наботот ва ҳайвонот оламини одамзоднинг ваҳшиёна муносабатидан муҳофаза қилиш сценарийси ишлаб чиқилади. Моҳиятан олганда, мазкур квадратлар ўзи хос қўриқхонага айланади. уларни ҳимоя қилиш учун эса бутун инсоният жавобга бўлади
ТИНИБ-ТИНЧИМАГАН ЯПОНЛАР-ЕЙ
Айримлар кексалик деганда барча ташвишларни унутиб, оёқ узатиб ётишни тушунишади. Аммо тадқиқот киши нафақага чиққанидан сўнг, бекорчиликни ўзига одат қилиб олса, жисмоний ва ақлий фаоллиги сусайса, соғлиғи ёмонлашишини кўрсатди. Текширишлар яна шуни исботладики, бахт ва ҳаётдан мамнунлик ҳаётий фаоллик билан бевосита боғлиқ экан.
Тиниб-тинчимас японлар буни жуда яхши билишади. Шунинг учун ҳам қариб-қартайиб қолгунича ишлашни ёки бирор фойдали машғулот билан шуғулланишни маъқул кўришади. Миэко Нагаона киши кексайганидан кейин ҳам қизиқарли ҳаёт кечириши мумкинлигини ўзининг мисолида исботлади. Онахон (бундай дейишга кишининг тили ҳам бормайди) 80 ёшдан кейин сузишни ўрганди. У шундан кейин спортнинг мазкур тури бўйича ўз ёш тоифасида 20 га яқин жаҳон рекордини ўрнатди. Кампиршо 106 ёшга кирганида “ўзимнинг асосий рекордларим ҳали олдинда”, деган экан. Ана бўлмаса!
Бобомурод ТОШЕВ тайёрлади.
