Кун тарихи
БМТ Бош Ассамблеясининг 2001 йил 7 сентябрдаги тегишли резолюциясига кўра, 21 сентябр – Халқаро тинчлик куни деб эълон қилинган. Ушбу сана ҳар йили жаҳон миқёсида кенг нишонлаб келинмоқда.
Шу куни дунёдаги барча халқлар ва давлатларга ўт очиш ва зўравонликни тўхтатиш, кун давомида қуролли ҳаракатларга йўл қўймаслик, инсонларга тинчлик ва барқарорликнинг аҳамиятини турли маърифий тадбирлар воситасида тушунтириш тавсия этилади.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 2020 йил май ойида Иккинчи жаҳон уруши тугашининг 75 йиллиги муносабати билан йўллаган мурожаатида шундай деган эди: “Иккинчи жаҳон уруши тугашининг 75 йиллиги нишонланиши асносида, келинг, 1945 йил сабоқларини эслайлик ҳамда саъй-ҳаракатларимизни пандемияга барҳам ва барча учун тинчлик-осойишталик, хавфсизлик ва қадр-қиммат улуғланадиган келажак барпо этиш мақсадлари йўлида бирлаштирайлик”.
Яқин ўтмиш тарихига бир назар ташласак, Афғонистонда бошланган нотинчлик ва уруш ҳаракатлари 40 йилдан ортиқроқ давом этди. Ҳалигача бу юртдан уруш таҳликаси кетгани йўқ. 1992-1997 йиллар давомида юз берган Тожикистондаги фуқаролар уруши 160 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетди. Ироқ, Сурия, Ливиядаги урушлар, Тоғли Қорабоғ теварагидаги юзага келган келишмовчиликлар ва низолар, Ўш, Фарғона, Паркент, Бўка, 1991 йилнинг декабрида Наманганда юз берган тартибсизликлар, 2001 йил 11 сентябр Ақшдаги террорчилик ҳаракатлари натижасида 2977 киши ҳалок бўлган ва яна 24 киши бедарак йўқолган, 2005 йил май ойидаги Андижон воқеалари, 2010 йил июндаги Ўш фожиаси, қўшни Қозоғистондаги нотинчликлар, юртимизда яқинда руй берган воқеалар, бугунги кундаги Украина ва Россия ўртасидаги ҳамда Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар ва ҳоказо.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: Ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласида таъкидлаганидек “Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга раҳна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатлидир”.
Донишмандларимиз юрти тинчнинг ўзи тинч, деб бежиз айтмаган. Тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш ва тараққиёт бўлади, юрт гуллаб-яшнайди, фуқароларнинг турмуши фаровонлашади.
Дарҳақиқат, ТИНЧЛИК – бебаҳо неъмат, уни асраш, унинг келажакка безавол етишига ҳиссадор бўлиш ҳар биримизнинг инсоний вазифамиздир.
