Савицкаянинг энг муҳим парвози 1984-йилнинг 17-июлида бошланган. Ўшанда Бойқўнғир космодромидан стартга чиққан «Союз Т-12» космик кемасида Савицкая билан бирга, шунингдек, Владимир Жонибеков ва Игор Волков ҳам орбитага – «Салют-7» орбитал стансиясига йўл олган бўлиб, Жонибеков экипаж командири, Савицкая борт муҳандиси вазифасида учган.
18-июл куни космик кема орбитал стансия билан муваффақиятли туташган ва экипаж асосий вазифаларни бажаришга киришган. Ушбу парвоздан кўзланган асосий вазифалардан бири тарихда биринчи марта аёл кишининг очиқ коинотга чиқиш бўлган бўлса-да, лекин ушбу чиқиш шунчаки кўргазмали чиқиш бўлмай, муҳим илмий мақсадни ҳам кўзлаган эди. Савиская очиқ фазода металларни пайвандлаш бўйича илмий-техник тажриба ўтказиб кўриши керак бўлган.
Барча тайёргарлик ишлари бажарилгач, 1984-йилнинг 25-июл куни Тошкент вақти билан соат тахминан 21:00 га яқин Савиская орбитал стансиядан ташқарига чиқади. У билан биргаликда ўшанда Жонибеков ҳам биринчи марта очиқ космосга чиққан бўлиб, улар стансиядан ташқарида Патон электропайванд институти томонидан тайёрланган махсус ускуналар ёрдамида металларни пайвандлаш, кесиш ва кавшарлаш ишларини бажариши керак эди. Космик кемадан ташқарида Савиская 3 соат ва 35 дақиқа иш олиб борган.
Савицкаяга берилган скафандр олти соат очиқ космосда бўлишга ҳам имкон берса-да, лекин у вазифани белгиланган муддатдан бироз эрта бажариб уддалаган. Ушбу тарихий воқеа амалга ошгач, Савицкая 29 июлъ куни яна «Союз Т-12» космик кемасида Ерга қайтиб тушади.
У «Олтин юлдуз» медали ва Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланган.
