Кения фуқароси Кимани Маруге камбағал оилада вояга етган ва болалигида мактабга бориш имкониятига эга бўлмагани учун саводсиз бўлиб қолган. 2003 йилда саккиз йиллик бепул бошланғич таълим берилиши тўғрисида қабул қилинган қонун уни билим олишга даъват этди.
Маруга 2004 йилда 84 ёшида 1-синфга борди. Кейинчалик барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштираётгани учун синф сардори этиб тайинланди. 2005 йилнинг сентябр ойида Кимани илк маротаба самолётга ўтириб, Ню-Ёркка йўл олди. У ерда БМТ томонидан таълим соҳасига бағишлаб ўтказилган мингйиллик саммитда иштирок этиб, бепул бошланғич таълимнинг аҳамияти борасида нутқ сўзлаш шарафига лойиқ топилди.
Қаҳрамонимиз 2007–2008 йиллардаги тартибсизликлар вақтида ўз уйининг талон-тарож этилишини бошдан кечирди. Лекин қочқинлар лагерида яшашига қарамай, шу ердан 4 километр масофада жойлашган мактабга ҳар куни қатнашда давом этди. Кейинчалик Маруге Қариялар уйига кўчирилди, қийинчилик ва тўсиқларга учради, саратон хасталиги туфайли ётиб қолди, лекин шунда ҳам ўз орзуси йўлидан оғмади.
Тарихда энг кекса ўқувчи сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилган Кимани Маруге, афсуски, бошланғич таълим тўғрисида аттестат олишига икки йил қолганида, яъни 90 ёшида вафот этди. Шунга қарамай, у кўпчиликнинг хотирасида илҳоми жўш урган серзавқ шахс, «ҳеч қачон кеч эмас» иборасини ҳаётга татбиқ этган, ҳаммани билим олишга руҳлантирган киши сифатида қолди.
2010 йилда Маруге ҳаётини ҳикоя қилувчи «Биринчи синф ўқувчиси» бадиий филми суратга олинди. Мазкур кинокартина 2011 йилда Эмдендаги 22-халқаро кинофестивалда тақдим этилиб, иккита мукофотга сазовор бўлди.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
