Билик қўйган яхши
Билим олиш бош мия учун фойдали. Ўқимишли кишилар камдан-кам ҳолларда бош мия билан боғлиқ касалликларга учрайди. Мияни мураккаб вазифаларни ечиш учун зўриқтириб, шу орқали уни қўшимча тўқималар ишлаб чиқишга кўниктирамиз.
Инсон бош миясининг энг фаол даври 2 ёшдан 11 ёшгача. Бу вақтда у келгуси ҳаётга қараганда кўпроқ билимни ўзлаштиришга қодир. Ҳар қандай бола бир нечта хорижий тилни осонгина ўрганиши мумкин. Катталар эса ҳатто бошқа давлатга кўчиб ўтиб, ўша муҳитга шўнғиб кеца ҳам, иккинчи тилни ўрганишга қийналади.
Спорт билан шуғулланиш бош мия фаолиятига ижобий таъсир қилади. Фаол ҳаёт тарзи олиб борадиган одамларда бош мия касалликлари нисбатан кам учрайди. Чунки жисмоний машқлар организмда қон айланишини яхшилайди. Натижада мия капиллярлари кислород ва глюкоза билан фаол бойитиб турилади.
Мия чарчамайди. Ҳар куни инсон хаёлига 70 мингга яқин фикр келади. Ақлий меҳнат мияни чарчатишга қодир эмас. Муаммони ҳал қилиш борасида қанча узоқ ўйламанг, мия исталган паллада бир хилда ишлайди. Биз шунчаки ўз ҳиссий ҳолатимизни мия чарчоғи билан аралаштириб юборамиз.
Қанча кўп сув ичсак, бош мия шунчалик яхши ишлайди. Инсон танасининг 80 фоизини сув ташкил қилади. Нафақат мия, балки бутун организмнинг тўғри ишлаши учун етарли миқдорда тоза сув қабул қилиш муҳимдир.
Мия инсоннинг бошқа органларига қараганда кўпроқ энергия талаб қилади. Тана ҳажмининг атиги 2 фоизини эгаллаган бош мия бутун қувватнинг қарийб 20 фоизини истеъмол қилади. Шунингдек, у кислород етишмаслигига ҳам таъсирчан. Мия фаолияти учун олдини олиб бўлмас оқибат кислород йўқлигининг ўнинчи дақиқасидан сўнг содир бўлади.
Бош мия ҳеч қачон ухламайди. У куннинг исталган вақтида, кечаю кундуз ишлайди.
Мия ҳарорати уйқу давомийлигига боғлиқ. Уйқу етишмаслиги оқибатида унинг ҳарорати кўтарилади. Эснаш тананинг ҳимоя функцияси бўлиб, одам эснаганда бош мияни совитиш жараёни амалга оширилади.
Мия оғриқ сезмайди. Унда оғриқ рецепторлари мавжуд эмас. Бош мия билан боғлиқ жарроҳлик амалиётларини ҳатто наркоз таъсирисиз ҳам амалга ошириш мумкин. Бунга шунчаки беморнинг хавфсизлиги учун йўл қўйиб бўлмайди.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
