(19 декабрдан 25 декабргача)

Қўй. Бу ҳафта жисмоний фаолликни камайтириш, руҳий безовталикни келтириб чиқарадиган ва осойишталикка ҳалақит қиладиган ҳамма нарсадан узоқлашиш тавсия этилади. Одатий турмуш тарзидаги энг кичик бурилишлар ва ўзгаришлар ҳам сизнинг кайфиятингизга салбий таъсир кўрсатади.  

Бузоқ. Келаётган ҳафта маблағ жамғариш учун яхши давр, сарф-ҳаражатларни ҳозирча қисман камайтириб турган маъқул. Ҳафтанинг иккинчи ярмида учрашув ва суҳбатлар вақтини бемалол белгилашингиз мумкин. Улар ҳаётингизда ўзгаришлар юз беришини ваъда қилмоқда.

Эгизаклар. Бу даврда куч-шижоатга тўлиб, кўпгина режаларни рўёбга чиқариш имкониятига эга бўласиз. Шу кунларда амалга оширилган таваккалчилик кўпинча омад келтиради. Фақат шошма-шошарликка йўл қўйманг ва ушбу ижобий ҳолатингиздан аниқ мақсадларда фойдаланишга ҳаракат қилинг.

Қисқичбақа. Янги иш бошлаш ниятида бўлсангиз, яқинларингиз бу борада сизни қўллаб-қувватлаши ва ёрдам қўлини чўзишини унутманг. Юмушларнинг бир қисмини уларнинг елкасига ортишдан ҳижолат бўлманг. Сизга бу ҳозир жуда зарур. Асосийси, кўзланган мақсадга эришиш учун янада фаол ҳаракат қилинг.

Арслон. Агар ўтган ҳафта охирига етмай қолган ишлар бўлса, дарҳол уларни ҳал этинг. Бу даврда қариндошлар ўртасидаги муносабатларга путур етиши мумкин. Иложи борича низоли ҳолатлардан йироқ туринг. Атрофдагиларга яхши кайфият улашинг, бошига ташвиш тушганларни қўллаб-қувватланг. Оила аъзоларингиз ва яқинларингизга эътиборли бўлишни унутманг.

Паризод. Бу ҳафта барча режа ва истакларингиз дастлабки уринишданоқ амалга ошади. Ушбу инкониятдан оқилона фойдаланишга ҳаракат қилинг. Ўз хоҳиш-истакларингизни меъёрланг, атрофдагиларнинг манфаати ва қизиқишини ҳам инобатга олинг. Шунингдек, бу даврда молиявий масалаларда тежамкор бўлиб, кутилмаган харидлардан ўзингизни тийишга ҳаракат қилинг.

Тарози. Сиз учун ушбу ҳафтанинг асосий ва муҳим воқеалари иш жойингизда содир бўлади. Биринчи галда, юмушларнинг энг устуворига қўл уриб, белгиланган вазифаларни ҳафта охиригача бажариб тугатинг. Дам олиш кунлари барча ташвишларни унутиб, мириқиб дам олишга ҳаракат қилинг.

Чаён. Ушбу ҳафта давомида ваколатингизга кирмаган масалаларда ташаббус кўрсатишдан воз кечинг. Бу тавсия ҳам иш фаолияти, ҳам шахсий ҳаётга тегишли. Имкон қадар бир муддат ташқи кузатувчига айланинг. Ҳозирча оилавий муаммолар ечимини янада қулай пайтга қолдирган маъқул.

Ўқотар. Ушбу ҳафта учун ҳеч нарса режалаштирманг, чунки режалар сизга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра тез-тез ўзгариб туриши мумкин. Душанба ва сешанба кунлари ҳушёр бўлинг. Негаки бу вақтда касбий соҳангизга оид қийинчиликлар юзага келиши ва пул йўқотишлар кузатилиши мумкин. 

Тоғ эчкиси. Айни дам касбга оид ва молиявий соҳаларда муваффақиятли иш бошлаш учун қулай давр. Бироқ буни амалга ошириш учун ҳар масалада фақат ўзингизга таянинг ва ишонинг. Ҳафта ўртасида ҳамма ишлар силлиқ бароридан кела бошлайди. Дам олиш кунлари режалаштирилмаган ҳаражатлар бўлиши мумкин.

Қовға. Бу даврда яқин кишингиздан кутилмаган совға ёки хушхабар оласиз. Бундан ташқари, ташаббускорлик ва ишдаги фаоллик ортидан барча молиявий масалаларни омадли ҳал қилишингиз мумкин. Сиз учун сешанба энг самарали кун бўлиб, фойдали ва истиқболли ишларга қўл урасиз.

Балиқ. Бу ҳафта имкон қадар катта иш режаларини тузманг. Яқинлар ва дўстлар билан муносабатда тушунмовчиликлар юзага келса, улар билан зиддиятга борманг ва орада хавфсиз масофани сақланг. Яхшиси бу пайтда ўзингизга, жисмоний ва руҳий саломатлигингизга эътиборли бўлганингиз маъқул.