(6 мартдан 12 мартгача)

Қўй. Бу даврда ҳам шахсий масалалар, ҳам иш юзасидан кўп жойларда бўлишингиз кутилмоқда. Фақат орада дам олишни ва саломатликка эътибор қаратишни унутиб қўйманг. Сиз ҳатто энг камгап ва феъли оғир инсонлар билан ҳам тил топиша оласиз. Ушбу жиҳатдан фойдаланган ҳолда ҳар қандай муаммо ва низоларни ҳал қилиш учун мазкур ҳафта кунлари айни муддаодир.

Бузоқ. Ушбу кунларда кайфиятингиз кўтаринки бўлиб, қўл урган барча ишларингиз бароридан келади. Бу ҳафта ҳам ишда, ҳам оилада ўзингизни кўрсатиш учун яхши палла. Бироқ бу жараёнда ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, имкон борича босиқлик билан иш юритиш лозим. Яқинларингиздан ўз кўмак ва меҳрингизни зинҳор аяманг.

Эгизаклар. Барча режа ва ўйлаб қўйилган ишларни амалга ошириш учун омадли давр. Ушбу кунлар давомида ҳаётингизда молиявий, муҳаббат ва дўстлик масалаларида кескин ўзгаришлар кутилмоқда. Бироқ баъзи қараш ва ўй-фикрларни қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Дам олиш кунлари ҳар томонлама ҳушёр ва кузатувчан бўлиш талаб этилади.   

Қисқичбақа. Бу ҳафта давомида куч-ғайрат, имконият ва саломатлик сизнинг фойдангизга хизмат қилади. Бундан унумли ва мақсадли фойдаланиш ўзингизга боғлиқ. Мазкур ҳафта оилавий масалаларни ҳамда анчадан бери ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш учун қулай даврдир.

Арслон. Бу ҳафта давомида жуда кўп ишларни амалга оширишга тўғри келади. Шу сабабдан сизга яхшигина ҳордиқ зарур бўлади. Ҳамкасбларингиз томонидан айтилган баъзи ноўрин гапларга аҳамият қаратманг. Имкон қадар улар билан низога бормасликка ҳаракат қилинг. Дам олиш кунларини севимли ва қадрли инсонлар даврасида ўтказинг.  

Паризод. Шу кунларда иш юзасидан бир қанча таклифлар келиб тушиши мумкин. Уларни қабул қилишдан олдин, ҳар бир жиҳатни синчиклаб ўрганиб, пухта ўйлаб кўринг. Фарзандларингиз ҳаётидаги муҳим ҳодисаларни ўтказиб юбормаслик учун улар билан ишончли муносабат ўрнатишга ҳаракат қилинг. Молиявий масалаларда диққат-эътиборли бўлинг.

Тарози. Сизни қизғин ҳафта кутмоқда. Ҳам ишдаги, ҳам оилавий турмушдаги масалаларни ҳал қилишга тўғри келади. Аммо хавотир олманг, саъй-ҳаракатларингиз ўз натижасини бериб, барча муаммоларнинг уддасидан чиқишга эришасиз. Транспорт воситасини бошқарувчилар бу ҳафта давомида ўта эҳтиёткор ва диққатли бўлишлари лозим.

Чаён. Бу даврда, айниқса, ҳафта бошида ҳорғинлик ва чарчоқ ҳолати сизга ҳамроҳлик қилади. Ўзингизни ўзингиз руҳлантиринг, тасалли беринг ёки бу масалада дўстларингизга мурожаат қилинг. Яқин ва қадрдон инсонлар бу даврда руҳий кўмак бериб, сизни қўллаб-қувватлашади.   

Ўқотар. Бу ҳафта ҳаётингизда нимаики содир бўлмасин, ҳаммасини яхшиликка йўйишга ҳаракат қилинг. Оилада баъзи бир тушунмовчилик ва кўнгилхираликлар кузатилиши мумкин. Эҳтимол, ўз манфаатларингизни четга суриб, қадрдонларингизга ён берган ҳолда муроса йўлини тутишингизга тўғри келади.  

Тоғ эчкиси. Бу даврда иш фаолияти олд сафдан ўрин эгаллайди. Шу сабабдан имкон қадар диққатли, ҳушёр ва ғайрат-шижоатли бўлишга ҳаракат қилинг. Дам олиш кунларини яқинлар даврасида ўтказиш оилавий муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.   

Қовға. Ҳаётингизда жиддий ўзгаришларга тайёр туринг. Умрини иккинчи жуфти билан боғлашга улгурмаганларни бу ҳафта янги танишувлар кутмоқда. Кайфиятингиз ва руҳий ҳолатингизга эътиборли бўлинг. Ўзингизни ёмон ҳис қила бошласангиз, ишдан бироз таътил олишни тавсия этамиз. Вақтни тоза ҳавода, табиат қўйнида ўтказиш сиз учун жуда фойдали бўлади.    

Балиқ. Ушбу давр сиз учун жуда ҳаяжонли кечади. Кўпгина устувор ва аҳамиятга молик ишларни ҳал қилишга эришасиз. Лекин ушбу жўшқин жараёнда ҳужжатларга алоҳида эътибор қаратинг: ниманидир имзолашдан олдин, уни диққат билан ўрганиб чиқишни унутманг. Ҳафта сўнгида интиқиб кутилган ҳордиқ онларидан баҳраманд бўласиз.