(6 декабрдан 12 декабргача)

Қўй. Сизни ҳодисаларга бой ҳафта кутмоқда. Душанба куни фойдали нарсага пул тикиш ҳақида ўйлаб кўринг, эҳтимол, бу билан молиявий ҳолатингизни яхшилаб олишга эришасиз. Бу давр иш муносабатларини мустаҳкамлаш учун қулай бўлиб, ўз режаларингиз ҳақида эътиборли танишларга сўзлаб беришингиз мумкин. Дам олиш кунлари дўстлар ва яқинларингиз билан боғланинг. 

Бузоқ. Ҳафта бошида иш жойингизда текширув ташкил этилиши мумкин. Бундан асло хавотирга тушиб, қайғурманг. Аксинча, барча саъй-ҳаракатларингиз муносиб баҳоланади. Ҳафтанинг иккинчи ярмида таранг асабларни бўшаштиринг, ижодий режаларни амалга ошириш ҳақида ўйланг. Ҳафта сўнгида оила даврасида мароқли ҳордиқ чиқаринг. 

Эгизаклар. Келаётган ҳафта янги нарсаларни ўрганишга сабаб бўлади. Бу даврда молиявий муаммоларни имкон қадар ҳал этишга ҳаракат қилинг. Барча ғояларингиз ҳаётга татбиқ этилади, асосийси, таваккалчиликни талаб қиладиган ишларга аралашманг. Дам олиш кунларида режалаштирилган барча тадбирлар кўнгилдагидек ўтади.    

Қисқичбақа. Душанба куни пуллик бонуслар олишингиз эҳтимоли юқори. Молиявий масалада тежамкор бўлишга ҳаракат қилинг, пулларни биринчи учраган иш учун беҳуда сарфламанг. Чоршанба куни янги танишлар орттирилиши, фойдали алоқалар ўрнатилиши кутилмоқда. Оилавий муаммоларни ҳал этиш ҳаракатини ҳафтанинг иккинчи ярмига қолдирганингиз маъқул.  

Арслон. Ҳафта бошида дўстларга сизнинг ёрдамингиз зарур бўлиб қолиши мумкин. Сешанбада вақтингизни маиший муаммоларни ҳал этишга бағишланг. Чоршанба учун режалаштирилган хизмат сафарлари омадли кечади, жума куни эса бундай сафарлардан узоқ турган маъқул. Дам олиш кунлари узоқдан қариндош ва яқинларингиз ташрифи кутилмоқда.   

Паризод. Бу ҳафта куч-ғайратингиз етаридан ортиқ бўлади. Лекин атрофдаги «қувват сўрувчи» нафақат рақиблар, балки ҳамкасблар ва дўстлардан эҳтиёт бўлинг. Шу кунларда катта пул маблағи келиб тушиши мумкин, лекин уни ўнгу сўлга беҳуда «сочманг». Ҳафтанинг сўнгги кунларини ўзингизга, соғлиқни мустаҳкамлашга ва мириқиб дам олишга сарфланг.

Тарози. Ҳафта давомида бутун куч ва шижоатни тўплаб, ўрнини босиб бўлмас ходим эканингизни ҳаммага исботланг. Ўзингизга бўлган ишонч даражасини юқори ушланг, касбий маҳоратингиз юксаклигига ҳеч ким шубҳа қилмасин. Сешанба янги шартнома ва битимлар тузиш учун омадли кун – сарфланган маблағ катта фойда келтиради. Лекин яхши таниш бўлмаган одамлар билан ўз режаларингизни ўртоқлашманг.    

Чаён. Бу даврда кўпроқ ижодий ишлар билан шуғулланасиз, бунда чоршанба энг омадли кун ҳисобланади. Гап фойдали битимлар ва истиқболли шартномалар ҳақида кетмоқда. Ўз истеъдод ва қобилиятларингизни кўрсатишдан, дўстларга кўмак сўраб мурожаат қилишдан чўчиманг. Жума куни севимли иш билан шуғулланиш имкониятига эга бўласиз.

Ўқотар. Сизни қизиқарли ва ёдда қолувчи воқеаларга бой ҳафта кутмоқда. Аммо шубҳали ва қалтис молиявий ишларга аралашмасликка ҳаракат қилиб, муғомбир танишлар билан мулоқотни узинг. Душанба куни баъзи ҳамкасблар билан муносабатлар изига тушади, асосийси, чегарани сақлаб, бетакаллуфликдан йироқ бўлинг. 

Тоғ эчкиси. Жамоавий фаолиятда доим иштирок этинг, сиздаги фаоллик ва шижоат кўпчиликка маъқул келади. Ушбу ҳафта сизга узоқ кутилган сокин ҳаётни туҳфа этади. Осойишталик ва фароғат уйғунлигини бузмаслик учун ҳар қандай вазиятда ўзингизни тутиб, оғирроқ бўлишга ҳаракат қилинг. Бу давр янги режалар тузиш ва уларни амалга ошириш йўлларини излаш учун жуда қулай

Қовға. Иш жойингизда кутилмаган ва асосий ўзгаришлар юз беради. Бу ҳафта қадрдонлар ва дўстлар кўмаги, меҳр-муҳаббатидан тўлиқ баҳраманд бўласиз. Ушбу ғамхўрлик иш фаолиятида зиммангизга юклатилган мураккаб вазифаларнинг уддасидан чиқишга ёрдам беради. Молиявий жиҳатдан ҳам муваффақият сиз томонда бўлади.

Балиқ. Кириб келаётган ҳафтада сизни янги таассуротлар ва ёрқин ҳис-туйғулар кутмоқда. Саломатликка жиддий эътибор қаратиб, ўзингизга бироз дам беринг ва келгуси узоқ муддат учун куч-қувват йиғинг – бу сизга ҳозир жуда зарур. Оила аъзоларингизга кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қилинг. Дам олиш кунлари улар билан биргаликда сайрга чиқинг.