Халқ бисотидан

Бир куни кар, соқов ва сўқир:

– Эй, худо, бизни соппа-соғ қилиб яратгандинг, нега энди вақт ўтиб, бу бахцизликни раво кўрдинг, – деб нола қилибди.

– Сенга, – дебди Яратган карга қараб, – бу камчилик ўзингдан бошқа ҳеч кимни тинглашни истамаганинг учун насиб қилган. Энди сен ҳеч кимни эшитмайсан ва бундан кейин фақат ўз фикр-ўйларингга бемалол қулоқ тутишга ҳеч ким халақит қилмайди.

– Сен, – дея мурожаат қилибди у кўрга, – ўзинг ва ўз эҳтиёжингдан бошқа ҳеч кимни ва ҳеч нарсани кўришни истамасдинг. Энди эса кўришни хоҳламаган нарсаларни кўриш учун куч сарфлаб ўтирмайсан.

– Сенга эса, – дея давом этибди у соқовга қараб, – жим туриш имконияти берилди, чунки ҳеч кимга қулоқ солмай, гап бермай қўйгандинг. Шундай қилиб, ҳаммангиз истаган мақсадингизга эришдингиз. Нега энди қувониш ўрнига, ғамга ботиб ўтирибсиз?

Бахтиқаролар жавоб бера олишмабди. Уларнинг ҳеч бири ўзи учун бахт бўлиб кўринган жиҳат дард-аламга сабаб бўлишини тахмин қилмаганди.

Шуни унутмаслик керакки, инсонга қулоқ тинглаш ва эшитиш учун, кўзлар кўриш учун, тил эса мулоқот қилиш ва бошқа одамларнинг нутқи орқали уни тушуниш учун берилган. Шундай экан, ҳаётда туҳфа этилган барча неъматларнинг қадрига етиш, улардан ўринли фойдаланиш ва ўз манфаатини устун қўйишдек одатлардан воз кечиш муҳимдир.

Рус тилидан

Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.