Клайд Томбо 4-феврал, 1906-йилда Ақшнинг Иллинойс штатида, ижарага ер олиб деҳқончилик қилувчи фермер оиласида туғилган. 12 ёшидан бошлаб астрономия билан жиддий қизиқиб шуғуллана бошлаган. ўрта мактабни тугаллагач, кейинги таълимни олиш учун маблағи етмаганлиги боис, мустақил шуғулланишга мажбур бўлган. У ўзининг ясама телескопида Ой ва Марснинг тасвирларини олиб, Лоуэлл расадхонасига юборган. Расадхонадаги юқори малакали астрономларнинг ҳайратига сабаб бўлган бу фототасвирлар, ўзининг аниқлиги ва сифати туфайли, Томбо ушбу нуфузли расадхонага ишга таклиф этилган. Айнан Лоуэлл расадхонасида, 1930-йилнинг 18-феврал куни, Клайд Томбо ўзининг энг оламшумул кашфиёти - Плутон сайёрасини кашф қилди. Шунингдек у, Плутонни қидириш ишлари мобайнида, янги комета ва юзлаб илгари фанга номаълум бўлган астероидларни ҳам очди. Томбо 1932-йилда Канзас университетига ўқишга кириб, 1936-йилда бакалавр дипломига эга бўлди. У 1943-йилгача Лоуэлл расадхонасида ишлади. 1943-45-йилларда эса, Аризона коллежида, 1945-46-йилларда эса Калифорния университетида дарс берди. 1946-йилдан бошлаб Лас-Крус лабораториясида, 1955-йилдан бошлаб эса, Ню-Мексико университетида ишлади. 1965-йилда Ню-Мексико университети профессори, 1973-йилдан эса фахрий профессор унвонларига эга бўлди. Клайд Томбо Плутонни очганлиги учун махсус медал (Уилям Гершел тасвири туширилган) ва Буюк Британия Қироллик илмий жамиятининг Астрономия уюшмаси томонидан махсус олтин медал билан тақдирланган. Томбо 1934-йилда Патрисия Эдисонга уйланган ва умрининг охиригача ўз оиласига содиқ яшаган. У ўзидан бир ўғил, бир қиз қолдирган. Клайд Томбо 1997-йилда Ню-Мексико штатидаги, Лас-Крусес шаҳрида оламдан кўз юмган. Томбога оид қизиқ маълумот: ўрта мактабни битирув оқшомида, синфдошлари у ҳақида дастхат-эсдаликлар китобига "У янги оламларни кашф этади" деган қайдни қолдиришган экан.