Жорж Маклорин – 1948 йилда Оклахома университетига ўқишга кирган биринчи қора танли инсон. У машғулотлар вақтида оқ танли гуруҳдошларидан наридаги бурчакда ўтиришга мажбур эди.
Аввалига синфдагилар унга ғалати қарар, устидан кулар, ўқитувчилар эса эътибор қаратишни истамас, гўёки у бу ерда йўқдек, шунчаки кўрмасликка олишар, у берган саволларга жавоб қайтаришмасди.
Бироқ, шунга қарамай, Маклорин тиришқоқлик билан билим олди, ўз устида ишлади, кўп ўқиб-ўрганди. У ўз саъй-ҳаракатлари ва заковати билан аста-секин эътибор ва ҳурмат қозонди, атрофдагилар унга бошқача назар билан қарай бошлашди. Гуруҳдошлари ундан ёрдам сўраб келар, бирга дарс тайёрлар, ўқитувчилар эса тиришқоқ талабани кўзлари билан излаб қолишарди.
Унинг номи бугунги кунга қадар олий таълим муассасасининг энг яхши уч талабасидан бири сифатида ҳурмат билан тилга олинади. Ҳозирда Америкадаги бир кўча ўз интилиши билан профессор даражасига кўтарилган Жорж Маклорин шарафига номланган.
Одамлар сени қабул қилишлари учун ҳаракат қилиш – ортиқча вақт сарфи. Бунинг ўрнига шунчаки диққатни бир жойга сарфлаб, ўз қийматингни ошир ва одамларнинг ўзи сен томон интилади.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
