Тонгда ойнага қараб қовоқлари ости шишганини кўрган кишининиг кайфияти бузилиши табиий. Чунки эрталабдан ишга, ўқишга бориб одамлар билан мулоқотда бўладиган киши соғлом ва тетик кўринишни хоҳлайди. Хўш, қовоқларлар ости нима сабабдан шишади ва ундан қандай қутулиш мумкин?

Қовоқ ости шишига кўп ҳолларда ишдаги чарчоқ, стресс, кам уйқи ва кўп миқдорда туз истеъмол қилиш сабаб бўлади. Шу билан бирга, мутахассисларнинг фикрича, шундай “хавфли” касалликлар мавжудки, улар кўз қовоқларининг шишиши билан ўзини аён қилиши мумкин. Масалан, бу юрак-қон томир тизими касалликларининг белгиси бўлиши мумкин. Одатда бу пастки қовоқларнинг шишида акс этади. Одамда буйрак касалликлари бўлса, унинг қовоқларидаги шиш сарғиш бўлади. У эртаси ёки кейинги кунларда ҳам кетмайди. Кўз қовоқларининг шишиши эндокрин тизимдаги муаммолар, қалқонсимон без касалликлари, шунингдек, кўз ёши каналлари касалликлари аломатидир.

Шифокорларнинг тавсиясига кўра, тўғри овқатланиш, яхши дам олиш билан кўз қовоқлари яллиғланишининг олдини олиш мумкин. Энг асосийси, камида 8 соат ухлаш, шунингдек, кунига икки литр сув ичиш керак.

* Қовоқ ости шишишини йўқотиш учун мойчечак, розмарин, ялпиз, жўка баргларидан фойдаланса бўлади. Бунинг учун бир стакан қайнок сувга бир қошиқ қуритилган ўтлар жамланмасидан солиб дамлаб қўйилади. Совигач, тайёр дамламадан қовоқ остига компресс қилинади.

* 1 қошиқ чой, 1 қошиқ қуритилган мойчечак бир стакан қайнаган cувга дамланади. Совугач, дамламага пахта ботириб қовоқлар устига қўйилади.

* Бодрингни қирғичдан ўтказиб қовоғингиз қўйинг, устидан илиқ сутга ботирилган пахтани қўйсангиз янада самарали бўлади.