Америкада 911 рақамга қилинган қўнғироқнинг аудио ёзувини тингладим. Бу эркак қулаётган самолётдан қўнғироқ қилганди. У ваҳимасини яширмай қичқирарди:
— Бу 911ми? Суҳбат ёзиб олиняптими?
— Ҳа жаноб. Ҳа, ёзиб олиняпти. Нима бўлди жаноб?
— Қулаяпмиз... Самолёт қулаяпти...
— Қайси самолёт, қаэрда?...
— Энди кеч... Вақтимиз йўқ... Элли, хотинимнинг исми Элли, — деб бақирди эркак. — У ҳомиладор. Унга бу ёзувни беринг. Элли, сен кучлисан, илтимос, менсиз кучли бўл. Элли, қайтмасам ҳам сен биланман, Элли. Мен ҳар доим сен ва бўлажак қизимиз биланман... Мен сизларни яхши кўраман, мен сени яхши кўраман ... Элли ...
Алоқа узилди...
Мен йиғлаб юбордим. Қандай қилиб?... Ростини айцам, бу жуда оғриқли. Агар худо кўрсатмасин, мен қулаётган самолётда бўлсам, нима қилардим? Мен нима ҳақида ўйлар эдим, нимани эслардим, нимадан афсусланардим, кимга қўнғироқ қилган бўлардим?... Буни тасаввур қилиш жуда қўрқинчли, аммо бу сизга нима муҳим ва нима муҳим эмаслигини англашга имкон беради.
Ҳаммаси содда ва тушунарли бўлиб қолади. У ерда ҳалокатга маҳкум самолётда сиз ҳеч қачон бойлик, обрў ҳақида, даромадли ишлар кечикаётгани ҳақида ўйламайсиз. Энг азиз инсонингиз ҳақида ўйлайсиз.Унга керакли гапни айтолмаганингиз, "сени яхши кўраман" дейишга улгуролмаганингиз, ёнида бўлолмаганингиз ҳақида ўйлайсиз. Ҳафта давомида айланишга олиб чиқолмаган қизчангиз ҳақида ўйлайсиз. Бу барча шартномалардан муҳимроқ...
Менинг 19 ёшли укам Дима кутилмаганда ғойиб бўлди. Воқеа содир бўлган куни эрталаб онам билан автобус бекатига кетишаётганда у онамга: "Мен сизга бир нарса айтмоқчиман ..." деган. Лекин шу пайт автобус келиб қолган, онамнинг муҳим учрашуви бор эди. Онам ишга шошилиб: “Кечқурун гаплашамиз, ўғлим, мени кутиб тур”, деган.
Биз шу бўйи уни кўрмадик. Бошқа ҳеч ким уни ҳеч қачон кўрмади. Онам бу ҳақда доим гапирарди: "Агар билсам эди...
У агар воқеалар қандай бўлишини билса, укам нима демоқчи бўлганлигини тинглаш учун дунёдаги барча автобуслар ва учрашувларни ўтказиб юборишини назарда тутган эди ... Онам ўғлини охирги марта ўша автобус ойнасидан кўрган." Мен бутун умр шу дард билан яшадим..."
Агар бу сизнинг охирги самолётингиз эканлигини билсангиз ... Ёки охирги учрашувингиз... унда нима бўлади? Нима деган бўлардингиз? Барчасини бошқача қилармидингиз? Бугун охирги кунингиз дейишса қандай яшардингиз?..
Лекин... буни сизга ҳеч ким айтмайди, шунинг учун сиз гўё осмонларда юришингиз, ҳамма нарса қўлимда деб ўйлашингиз мумкин.
Ҳар кунни сўнгги кунингиздек яшанг, агар чиндан бу охирги кунингиз бўлса, уни бемаъниликка сарфлаганингиздан афсусланмайсиз ... Ва ҳаётингизни биринчи ўринга қўйинг, ҳар бир сонияни кўнгил учун яшанг. Шунда хавфсиз йиқилиш техникасини ўзлаштирган бўласиз, эркин, хотиржам учиб-қўнишни ҳис этасиз.
Ҳеч нарса сўраманг. Ҳа. Шошилинч равишда. Мен сизни ва болаларни жуда яхши кўраман, денг. Сиз менинг ҳаётимдаги энг яхши инсонимсиз, денг.
Ўғлим, қизим, болам, онам, мен доимо сизлар биланман, денг, эшитяпсизми?!
Гарчи бу сизнинг охирги суҳбатингиз бўлмаса ҳам...
"Мен сизларни ҳимоя қила оламан ..." денг.
Худойим... Ёзганда ҳам йиғлаяпман.
Мана энди, шу нуқтадан бошлаб, энг муҳими нима эканлигини ҳал қилиш, тўғри ҳаёт йўлини қуриш ва уни бахтли яшаш осонроқ. Ҳар бир кунни ягона ва сўнгги кундек яшанг. Энг муҳим лаҳзаларни ўтказиб юбормаслик учун. Хўш, айтингчи, қизингизни айлантиришга олиб боришингиз керакми? Оилангиз билан ҳалиям тоққа чиқмадингизми? Шошилинг, бу мўъжизани ўтказиб юборманг. Эртага деманг, бу ишни дарҳол, бугун қилинг!
Олга САВЕЛЕВА
Манзура БАХТИЁР таржимаси.
