Спитак қабристонида бир хил сана – 1988-йил 7-декабр – битилган юзлаб қабрлар орасидан фақат биттасида на сурат ва на бирон қайд бор. Қабр тошига шунчаки «Жужа» деб ёзиб қўйилган.
Арманистонда бундан 33 йил олдин кучли зилзила содир бўлиб, ўттиз сония давом этган ерости тебранишлари оқибатида ушбу замин вайронага айланди. Ушбу машъум офат туфайли 25 минг киши ҳалок бўлди, 19 минг фуқаро ногирон бўлиб қолди, 50 минг нафар аҳоли бошпанасидан айрилди.
Эндигина болалаган ва миттивойларидан айрилган оддий кўппак Жужа ушбу даҳшатли зилзила чоғида ҳайратомуз жасорат кўрсатиб, ўзи билан бирга вайроналар остида қолган бир ёшли гўдакнинг ҳаётини сақлаб қолди. У тўрт кун (!) мобайнида қизалоқни ўз танаси билан иситиб, сути билан боқди.
Қутқарувчилар тош ва қум уюми остида тирик қолган инсонларнинг овозини эшитиш мақсадида сукут дақиқасини уюштирар ва шу аснода одамларни қутқаришга эришарди. Мана шундай онлардан бирида уларнинг қулоғига итнинг увиллаган овози эшитилди. Бироқ бундай дамда ҳайвонлардан кўра инсонларнинг ҳаёти муҳимроқ эди. Шунда кўппак илгари ҳеч қилмаган ишини амалга оширди – қизалоқни авайлабгина тишлади. Гўдак бор овози билан йиғлади ва натижада уларнинг ҳар иккови вайроналар орасидан чиқарилди.
Жужа яна 12 йил мобайнида ўша қизалоқ – Лала Саръяннинг оиласида яшади. У вафот этганида эса Лаланинг яқинлари уни Спитак қабристонига бошқа одамларнинг қабрлари орасига дафн қилишди.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
