Бугунги кунда ушбу касаллик болалар ўртасида кўп учрайди. Миопия шаклланиши жараёни, биринчи навбатда, кўз ичидаги мушакларнинг доимий зўриқишига олиб келадиган кўриш юкламасининг ортиши билан белгиланади. Бунинг натижасида мушакларда ҳаракацизлик юзага келиб, спазмни келтириб чиқаради ва узоқни кўра олмасликни кучайтиради. Миопия хавфини камайтириш учун кўз соҳасида қон айланишини яхшилаш зарур.
Ушбу касалликнинг олдини олиш учун бола кунига камида 2-3 соат тоза ҳавода бўлиб, спорт билан шуғулланиши керак. Кўз учун нигоҳни яқин масофадан узоққа кўчирувчи спорт турлари (бадминтон, стол тенниси, волейбол) мақбул ҳисобланади. Бу табиий кўз релаксациясини таъминлайди.
Бундан ташқари, кўриш тизимини ортиқча юклаш ярамайди – бола кун бўйи китобга, гаджет ёки телевизорга тикилган ҳолда ўтириши мумкин эмас. Ҳар бир машғулот учун унга вақт белгилаб берган маъқул.
Кун давомида нигоҳни узоқдан яқинга, тепадан пастга ва ён томонларга кўчирувчи кўз машқларини бажариш мақсадга мувофиқдир. Бу кўзларнинг дам олишига хизмат қилиб, ундаги қон айланишини яхшилайди.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
