28апрел – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни
Меҳнат ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Ҳар биримиз унга нафақат муносиб ҳақ тўланишини, меҳнат балки имкон қадар хавфсиз ва қулай бўлишини истаймиз.
1919 йилда Версал тинчлик шартномаси асосида ўша даврдаги Миллатлар Лигасининг таркибий бўлинмаси сифатида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) тузилди. Ушбу тузилма ҳозирги кундаги нуфузли халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ташкилот тузилган вақтида унга 42 давлат аъзо бўлган эди. Бугунги кунга келиб унга аъзо давлатлар сони 187 тага етди.
ХМТ тузилганидан бери меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари билан боғлиқ 40 дан ортиқ халқаро меҳнат нормаларини қабул қилди. хизмат қилмоқда. Хусусан, 1981 йилдаги “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида”ги ҳамда 2006 йилдаги “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги конвенциялар бир-бирини тўлдирадиган, хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳитини таъминлаш учун тегишли тамойиллар, мажбуриятлар ва ҳуқуқларни акс эттирган асосий халқаро ҳужжатлардир.
2003 йилдан бошлаб 28 апрел Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни этиб белгиланди. Шу куни хавфли, носоғлом ва оғир меҳнат шароитлари туфайли ҳалок бўлган, жароҳатланган ёки касб касалликларига учраган ишчиларни хотирланади. Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан ҳар йили дунёнинг турли бурчакларида кенг нишонлаб келинаётган ва анъанага айланган кун бу йил “Хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳити - меҳнат соҳасидаги асосий тамойил ва ҳуқуқдир” шиори остида ўтмоқда.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад дунё ҳамжамиятини иш жойларида содир бўлаётган енгил, оғир ва ўлим билан тугаган бахциз ходисаларнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси масалаларига диққат-эътиборини кучайтиришдир. Бахциз ҳодисалар ва касб касалликлари кўпчилик ҳолларда ходимлар билим даражасининг етарли эмаслиги, ёнғин хавфсизлиги, меҳнатнинг хавфсиз усул ва услубларига ўқитилмаганлиги сабабли юзага келмоқда.
Иш берувчилар ишчиларнинг меҳнат хавфсизлиги ва соғлиғи учун жавобгардир. Шунингдек, ҳар бир ишчи иш жойидаги жароҳатлар ва бахциз ҳодисаларга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Ишчилар хавфсизлик қоидаларига риоя қилишлари, ўзларини ва ҳамкасбларини асоссиз хавф-хатарларга дучор қилмасликлари, ўз ҳуқуқларини билишлари ва профилактика чораларини амалга оширишда фаол иштирок этишлари керак.
CОВИД-19 пандемияси кучли соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик тизимига эга бўлиш меҳнат муҳитини ҳимоя қилиш ҳамда ишчиларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлаш учун жуда муҳим эканлигини кўрсатди. Иш жойларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хавфсизлик чораларини қўллаш, касаллик тарқалишининг олдини олишда ҳамда ишчилар ва умуман жамиятни ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнаши мумкинлигини исботлади.
Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан дунёнинг аксарият мамлакатлари қатори, Ўзбекистонда ҳам меҳнат муҳофазаси масалаларига бағишланган тадбирлар анъанавий равишда ўтказилиб келинмоқда. Ушбу тадбирларда асосий эътибор аҳолига муносиб меҳнат шароитлари яратиш, меҳнат муҳофазаси маданиятини ривожлантириш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат муҳофазаси борасида олиб борилаётган ишларни янада кучайтиришга, хусусан иш жойларида содир бўладиган бахциз ходисаларнинг олдини олишга қаратилгандир.
Хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини ташкил этишнинг асосини меҳнат муносабатлари соҳасидаги давлат сиёсати ташкил этади. Ўзбекистон Республикасида иш жойларидаги хавфсизлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш, фуқаролар соғлиғини таъминлаш масалалари давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистонда меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, янги Меҳнат кодекси (30 дан ортиқ моддаси меҳнат муҳофазаси масалаларига бағишланган бўлиб, 211-моддасига биноан, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши кераклиги ва бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига кириши белгиланган), “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда бошқа қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Ўзбекистон “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар, меҳнат муҳофазаси соҳасида иш берувчилар ва ходимлар масъулиятини оширишга ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ишини изчил равишда ривожлантиришга, айниқса қурилиш соҳасида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги меъёрларини такомиллаштириш юзасидан зарур чораларни кўришга қаратилгандир. Шунингдек, мамлакатимизда барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда касб касалликларига чалиниш, коронавирус инфекцияси, инфекцион ҳамда мавсумий касалликлар тарқалиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ҳам кўплаб профилактика ишлари самарали олиб борилмоқда. Юртимизда барча учун муносиб меҳнат муҳофазасини таъминлашга қаратилган етарлича механизмлар шакллантирилган.
Фарида ҲАҚБЕРДИЕВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг
мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси.
