Ҳиндистонда маймунлар жуда кўп бўлиб, улар одамларга ва атроф муҳитга катта зарар етказади. Аҳоли уларни зарарсизлантириш учун қандай қўлга туширади, биласизми? Бунинг йўли жуда осон. Ҳиндлар оғзи тор кўзани ерга кўмиб, ичига ёнғоқлар солишади. Шу жойга яқинлашган маймун ердаги тешикни ва унинг ичидаги егуликни кўриб, аста қўлини кўза ичига тиқади ва панжасига сиққанича ёнғоқни ушлаб, тортиб олишга ҳаракат қилади. Аммо кафтлари тўла бўлгани учун кўзанинг тор оғзидан қўлини чиқара олмайди.

Маймун аввалига саросимага тушади, сакрайди, силтанади, қўлини тортишга уринади. Сўнгра бироз сокинлашиб, жимгина ўтиради ва шу ҳолатда соатлаб қолиши мумкин. У ёнғоқларни қўйиб юборса, озод бўлишини ҳатто ҳаёлига ҳам келтирмайди. Бунга ақли етмайди. Кейин эса тузоқ эгалари келиб, уни қўлга туширишади ва нобуд қилишади.

Лекин ўйлаб қарасак, бу қисман биз ҳақимизда. Биз ҳам ўша қўлида ёнғоқ тутган маймунлар кабимиз ҳаётда. Ким учундир ёнғоқлар – ранж, алам, қаҳр. Бошқа биров учун – бахциз ўтмиш. Яна ким учундир – талаш бўлган мерос, мол-давлат. Агар «кафтимиз»ни очиб, улардан ҳалос бўлсак, бахтли ва ҳотиржам ҳаёт кечириш мумкинлигини англаб етмаймиз. Аксинча, уларни қалбимиздан чиқара олмай, ўзимизни бир умр азоб чекишга маҳкум этамиз. Инсонга умр бир марта берилади, шундай экан, ҳаётдаги ортиқча «ёнғоқлар»ни қўйиб юборинг ва бахтли ҳаёт кечиришга урининг!

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.