ИХ–ХИИ асрларда минтақамизда юз берган Биринчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам, бутун дунёда «Темурийлар даври Ренессанси» дея эътироф этилган ХИВ–ХВИ асрлардаги Иккинчи Шарқ Уйғо­ниш даврида ҳам жамиятда эътиқод мустаҳкам, инсонлар дунёқарашида маънавият устувор, давлатчилик тузумида маънавият ва маърифат етакчи бўлган.

Эътибор берсак, ҳар иккала Уйғониш даврида ҳам энг муҳим жиҳат — давлатнинг эътибори, мамлакат бошқарувида олиб борилган одилона ва оқилона сиёсат, таълим-тарбия устувор бўлган. Ҳар икки Ренессанс даврида давлат раҳбарлари, олим-у фузалолар, биринчи навбатда, ёшлар таълим-тарбияси, маънавияти, имон-эътиқоди масаласига алоҳида эътибор қаратган. Бугун биз ана шундай қутлуғ бир даврда, дунёга янги Ўзбекистон номи билан танилаётган муқаддас заминда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиладиган замонда яшамоқдамиз.

Сал олдинги тарихга назар ташлайлик. Мамлакатимизда Учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадидлар амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этишган. Жадидлар қатағон қилингандан бошлаб илм-фан соҳасида ҳам турғунлик даври бошланди. Чунки ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, диний, мафкуравий тазйиқлар шунга мажбур қиларди. Ҳеч ким ўз фикрини очиқ-ойдин баён қила олмас, баён қилганларнинг эса бошига кулфат ёғиларди. Ушбу сиёсат туфайли кўплаб олимлар, шоир, ёзувчилар «туғилди-ю бўғилди».

Шукрки, мустақилликка эришганимиздан кейин бундай нохуш ҳолатларга барҳам берилди. Аждодлари­миз мероси тиклана бошлади. Барча соҳаларда халқчил ислоҳотлар олиб борилди. Халқда руҳий кўтарилиш, келажакка ишонч пайдо бўла бошлади. Президентимиз раҳнамолигида Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланди. Давлатимиз раҳбари таъкидла­ганидек, «Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида ол­димизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқ­дамиз».

Агар Ўзбекистон Президентининг кейинги тўққиз йилда маърифат, таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлида имзолаган қонун, фармон ва қарорлари, тасдиқлаган Миллий стратегия ва Давлат дастурлари, илгари сурган янгидан-янги та­шаббусларининг мағзини тўла чақиб кўрсак, навбатдаги маърифат Ренессансининг маркази Ўзбекистон эканига ҳеч кимда шубҳа қолмайди. 

Бугунги янги Ўзбекистонда ёшлар ижодда ҳам, илмда ҳам, тарбияда ҳам пешқадам қилиб тарбияланмоқда. Улар тарбиясида ҳал қилувчи ўрин тутадиган боғчалар ва мактаблар тизимида улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлиб турибмиз. Президентимиз бошчилигида бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратиш, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида янги Хораз­мийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни таъминлаш муҳимлигига эътибор қаратилмоқда.

Янги Ренессанснинг бош мақсади — мамлакатни рав­нақ топтириш, юрт фаровонлигига эришиш. Учинчи Ренессанс — бу барча соҳа ва йўналишларда миллий тараққиёт йўлининг навбатдаги босқичидир. Бу консепсия ўзига хос «технологик сакраш»ни, юқори даражада ривожланган «смарт» (ақлли) иқтисодиётни назарда тутади. Шунингдек, у илм-фан, технологиялар, ахборот, маданият ва ижтимоий соҳаларда жаҳон ҳамжамияти билан янада фаолроқ, янада кенгроқ интеграцияни 

тақозо қилади.

Учинчи Ренессанс тўртинчи саноат инқилоби билан мувозий, бир вақтда кечади. Ўз навбатида, рақамли, «смарт» иқтисодиётга ўтиш учун ишлаб чиқаришни босқичма-босқич модернизация қилиш, автоматлаштириш, роботлаштириш талаб этилади. Мазкур жараён Ўзбекистонда қандай босқичларда амалга оширилиши, унинг моддий-молиявий, инсоний, илмий ва илмий-технологик таъминоти бўйича истиқболли аниқ комплекс дастурлар янги Ренессанс ғояси билан мафкуравий жиҳатдан боғланиши шарт. Давлатимиз раҳбарининг 2025-йил 26-декабрдаги Муро­жаатномасида мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичи белгилаб берилди. Янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастури бошланади. 2026-йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт бе­рилади. Келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилади.

Президентимиз нутқида мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий мақсадлари ҳам аниқ белгилаб берилди. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳаж­мини 240 миллиард АҚШ долларидан ошириш мақсади қўйилиб, бу янги ривожла­ниш босқичига ўтиш йўлида муҳим стратегик қадам сифатида баҳоланди. Унда белгиланган устувор йўна­лишлар Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнининг изчил, амалий ва инсон манфаатига қаратилган йўлдан давом этаётганини яққол кўрсатади ҳамда мамлакатнинг барқарор ривож­ланиши ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун мустаҳкам замин бўлади. 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Учинчи Ренессанс узоқ истиқбол масаласи эмас. У бугун, ушбу онда жамиятимиз, унинг ҳар бир жабҳасида муттасил амалга оширилаётган реал воқеликдир. Ишончимиз комилки, юртимизда бошланган бу янгила­нишлар изчил давом этади ва халқимиз орзу қилган буюк давлат, фаровон келажак барпо этишда мустаҳкам пойдевор бўлади.

Ғайратулла ШУКУРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.